20.06.2023

Қуръони карим (10 - қисм)

Суннатнинг Қуръонга қайтиши

Суннатнинг Қуръондаги мавқеи шундай: баён этилувчининг баён этиш мақоми. Шундай экан, Қуръон асл, суннат эса уни шарҳловчи ва тушунтириб берувчидир. Бу дегани суннатдаги ҳар бир нарса ҳар қандай кўринишда ҳам Қуръонга қайтади. Буни Имом Шотибий батафсил ёритиб бериб, далиллар ва мисоллар келтирганлар. 
Масалан, бир эркак аёл ва унинг аммасини ёки аёл ва унинг холасини никоҳига олишининг ҳаромлиги Қуръоннинг опа-сингилнинг орасини жамлашнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмига асосан қиёснинг бир кўринишидир. Бу “Агар буни қилсангиз, қариндошлик ришталарини узибсизлар” ҳадисидаги иллат (сабаб)нинг муштараклигидир. 
Меросда она йўқлигида бувига онанинг насибаси мерос сифатида берилиши белгиланган, чунки буви бир томондан она ҳисобланади. 
Йиртқичлардан қозиқтишлиларнинг ҳаром қилиниши Аллоҳ таолонинг “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган...” оятининг татбиқидир. Бунга Имом Шофеий ишора қилганлар. 
Суннатда тилла ва кумуш идишларда еб-ичишнинг ҳаромлиги, Қуръоннинг кўп жойларида дабдаба ва ҳашаматга берилишни кескин танқид қилингани, ҳашаматга эътибор бериш бузғунчилик ва ва умматнинг таназзулига олиб келиши ва буткул ҳалокатга юз тутиши ҳақида баён этилган.
Суннатда бегона аёл билан хилватда қолишнинг тақиқланиши
وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً
“Ва зинога яқинлашманг. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (“Исро” сураси, 32-оят) оятининг татбиқидир. Бу оятдаги “яқинлашманг” қайтариғи зинога олиб борувчи ва уни бошловчи нарсалардан қайтариқдир. 
Шунингдек, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамр ичувчини лаънатлаганлар. Бу Қуръондаги ушбу қуйидаги оят таркибига киради:
رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ
“Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг” (“Моида” сураси, 90-оят). Четда бўлиш тарк этишдан кучлироқ таъсирдир. Яъни бу тайёрлаш, қадоқлаш, ташиш, сотишни ўз ичига олади. 
Ибн Барражан айтадилар: “Набий алайҳиссалом нима айтган бўлсалар, у Қуръонда бор. Ва Қуръонда узоқ ёки яқин бўлсин, унинг асли бор. Суннатни фаҳмлаган Қуръонни ҳам фаҳмлайди Суннатни англамаган Қуръонни ҳам англамайди: 
مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ
“Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (“Анъом” сураси, 38-оят)”. 
Шундай экан, суннат Қуръонга қарама-қарши ёки хилоф чиқиши тугул Қуръондан чиқиб кетган ҳам эмас. Аниқки, суннат Қуръоннинг лўнда баён этилган жойларини аниқ тушунтириб, умумий зикр этилганларини ажратиб, умумий келтирилган ҳукмларни қайдлаб ифода қилиб берган манбадир. 
Ва аввалдаю охирида ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгадир.
 

1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм7-қисм, 8-қисм,  9-қисм,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади