Қуръони карим
5 - қисм
Суннат уламоларининг уларга нисбатан раддияларидаги ҳужжатлари
Бу шубҳа-гумонлар илмий тадқиқ ва изланишлар қаршисида туриб беролмайди, уларнинг барчасига раддия келтирилган.
Қуръон умумий қоидаларни баён қилади, суннат улардан келиб чиқадиган ҳукмларни батафсил ёритиб беради.
1. Аллоҳ таолонинг “Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб нозил қилдик” (“Наҳл” сураси, 89) оятидаги “ҳар бир нарса”дан мурод – усул ва умумий қоидаларга тааллуқли нарсалардир. Шундай усул ва қоидаларки, диннинг биноси ақида ва шариатда улар устига барпо этилади. Ана шундай усул (қоида)лардан бири: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил қилинган нарсаларни баён этувчидир”. Бошқа ибора билан айтганда, албатта, суннат Қуръонни баён этувчидир:
وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
“Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик” (“Наҳл” сураси, 44-оят).
Аввалгилару охиргилардан бирор олим “Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб нозил қилдик” (“Наҳл” сураси, 89) оятидаги “баён қилувчи” деган гапни тафсилотлари билан баён қилиш деб тушунмаган. Чунки Қуръон юқорида айтилганидек, умумий қоидаларни баён қилиб келади. Тафсилоти эса суннатда келади. Масалан, намоз кунлик фарз ибодати куннинг исломдаги энг катта руҳий ибодатдир. Лекин Қуръонда унинг батафсил баёни келтирилмади: адади, вақтлари, ракатлари, кайфияти, шарт ва рукнларининг тафсилоти, барча-барчаси зикр қилинмади. Буларнинг барчаси суннатда батафсил ёритиб берилди. Суннат орқали билинди. Бу эса динда исбот талаб қилинмайдиган нарсалардандир.
2. Аллоҳ Қуръонни муҳофаза этиши, суннатни ҳам сақлашини билдиради: “Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (“Ҳижр” сураси, 9-оят). Ушбу оят Қуръонни сақлашга тўла-тўкис, муносиблик ила (тўғридан-тўғри) далолат қилади. Ва яна Қуръонни баён қилиб берувчи суннатни муҳофаза қилишга тўғридан-тўғри эмас, балки ишоралар орқали далолат қилади. Чунки баён этилувчи нарсани муҳофаза қилиш уни баён этувчини ҳам муҳофаза қилишни ўз ичига олади ҳамда бунга зарурат туғилади. Зеро, Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бунинг барчаси муҳофаза жумласига киради.
Муҳофазанинг икки кўриниши бор: биринчиси моддий муҳофаза бўлиб, у ибораларнинг ёддан кўтарилиши, ўчиб кетиши, ўзгартирилишидан сақлашдир. Иккинчиси маънавий муҳофаза бўлиб, у маъноларнинг ўзгартирилиши, нотўғри талқин қилиниши, бузиб кўрсатилишидан сақлашдир.
Қуръондан олдинги самовий китобларни сақлашни, муҳофаза этишни Аллоҳ зиммасига олмаган. Бу ишни китоб туширилган қавмдан талаб этган, лекин улар муҳофаза қилишмаган. Шу сабабли у китобларга ўзгартиришнинг икки тури ҳам: лафзий – айрим лафзларини бошқасига ўзгартириш ва баъзисини тушириб қолдириш; маъновий – Аллоҳ у китобларда ирода этган нарсалардан узоқлашган, юз ўгирган ҳолатда таъвил қилиш кабилар учрайди.
Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Қуръони каримни мазкур иккала ўзгартиришдан ҳам муҳофаза қилди. Энди Қуръоннинг баёни бўлган суннатнинг ҳам муҳофаза этилиши Аллоҳ таолонинг Ўз Китобини мукаммал сақлаганини англатади ва берган ваъдасининг тасдиғидир:
ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ
“Сўнгра у (Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда” (“Қиёмат” сураси, 19-оят).
Дарҳақиқат, мусулмонларнинг илмий тарихи бунинг не чоғли тўғри эканини, Аллоҳ каломини сақлаганидек пайғамбарининг суннатини ҳам сақлаганини ўз қайдномаларига муҳрлаб қўйган.
Бу йўлда ҳар бир аср ва даврда сергак, ҳушёр, уйғоқ ҳимоячилар нубувват илмини, рисолат меросини ўз гарданларида кўтардилар. Авлодларга ёрқин нур таратувчи машъала, ҳидоят этувчи нишона ўлароқ буюк меросни қолдириб кетдилар. Бу эса “Мазкур илмни ҳар бир авлоддан адолатлилари ўз зиммаларига оладилар. Уни жаҳолатпарастларнинг ўзгартириши, сафсата сотувчиларнинг асоссиз баҳоналари, жоҳилларнинг таъвилларидан ҳимоя қиладилар”, дея айтилган Муҳаммадий нубувват ва башоратнинг тасдиғи эди.
3. Суннатни қайд этиб бориш босқичлари. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон учун тайинлаганлари каби cуннатни ёзиб олишга котиблар тайин қилмаганлар, рисолатнинг аввалида Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олишдан қайтарганлар. Чунки бу пайтда бутун куч-ғайратни Қуръонни ёзишга тўлиқ қаратиш муҳим эди, котиблар оз эди, ёзув материаллари ва турлари кам эди, бу нарсаларни тайёрлаш ҳам мушкул эди, Қуръон бошқа нарсалар билан аралашиб кетишидан қўрқув бор эди. Лекин У зот алайҳиссалом энг муҳим ишларни етказиш ва амалга ошириш учун ёздириб қўяр эдилар. Маласан, садақа, дия ва бошқа масалаларга боғлиқ нарсаларни ёздирганлар. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу каби саҳобаларга суннатни ёзиб олишга рухсат берганлар. Ҳадисларни эшитмаган кишиларга уларни диққат ва омонатдорлик билан етказишга ҳам қизиқтирганлар. Бу борада мустафиз ҳадис келган. Бир қанча уламолар наздида эса мутавотир даражасидадир: “Менинг гапимни эшитиб, уни ўзида сақлаб эшитганидек адо этган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Бас, кўплаб етказилганлар борки, эшитувчидан-да сақловчироқдир”. Бошқа ривоятда: “Гоҳида етказганувчи ўзидан кўра яхши англайдиган кишига етказади”.
Замона мутахассис-тадқиқотчиларининг ишончли маълумотларидан аниқ бўладики, суннатни ёзиб бориш бугунги кунда айтилаётганидек ҳижратнинг биринчи юз йиллиги бошидан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан бошланган. Ундан сўнг саҳобалар ва улардан кейингилар даврида анча ривожланди. Бунга мавзуга оид илмий изланишлар гувоҳлик беради.
4. Уммат уламоларининг суннат хизмати ва уни саралашдаги жидду жаҳдлари. Мана шу жойда таъкидлаб ўтиш керак: шундай одамлар борки, турли майл ва сабабларга суяниб қасддан Набий алайҳиссаломга нисбатан ёлғон тўқийдилар (яъни айтмаган гапларини айтди дейдилар). Бу сабабли ўз жойларини жаҳаннам тўридан тайёрладилар, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Бундан ҳам ёмони, Аллоҳнинг Ўзига ҳам ёлғон тўқийдиган кимсалар бор. Ва яна: “Менга ваҳий қилинган, унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаган”, – дейдиганлар ҳам бор. Лекин аниқки, уммат уламолари, суннат билимдонлари анави дажжолларга қарши туриб, уларнинг юзларини очиб ташладилар, сохтакорликларини шармандаларча фош қилдилар. Абдуллоҳ ибн Муборакка айтилди: “Бундай мавзу ҳадисларни қандай аниқлаб олса бўлади?” У зот жавоб бердилар: “Бу иш учун уддабуролар доимо яшайдилар!”
Дарҳақиқат, кучли билим ва салоҳиятга эга танқидчи олимлар яшаб ўтдилар. Улар худди бозор масъуллари бозорларда сохта пулларни таъқиб қилгани каби тўқима ҳадисларга қарши қаттиқ кураш олиб бордилар. Бундай ҳадислар баъзи авом-омилар ҳузурида тарғиб қилиниб, тарқалди. Кейин ҳушёр кўзлардан пинҳона тарзда бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиб тарқалиб кетди. Сўнг булар борасида текширувлар, изланишлар олиб борила бошланди ва уларнинг сохта, тўқима экани ошкор бўлди.
Уламолар ҳадис учун тизимли қонун-қоидалар ишлаб чиқдилар ва уларни ривожлантириб бордилар. Шу зайлда “ҳадис илми истилоҳи” (мусталаҳул ҳадис илми)га асос солдилар. Юқорида ишора қилганимиздек, ҳадисни қабул қилиш учун маълум шартларни жорий этдилар. Бу шундай буюк ишки, бундай нарсани биздан олдинги умматлар ўз пайғамбарларининг меросини йўқ бўлиб кетиш ёки сохталаштирилишидан муҳофаза қилиш учун амалга оширмаганлар.
Саҳиҳ ҳадисни заиф ҳадисдан ажратиб бўлмаяпти, барчаси аралашиб кетди, деган гап бу муборак илм денгизига шўнғимаган, унинг тубини кўздан кечирмаган, улкан ақл, олий тажриба, кучли истеъдод, ўз ҳаётини бу илм хизмати, унга нолойиқ нарсалардан тозалашга сарфламаган кишининг даъвосидир. Олимлар сиқот ва мақбул, заиф ва мажруҳ ҳадислар учун тобақот, тарих, рижол сингари илмларга асос солдилар. “Ҳадис илмлари” номи остида тўқсонтача илмга асос солинди. Бу илм худди фиқҳдаги “усул” илми каби бўлди. Саҳиҳ ҳадисларни бошқаларидан ажратиб олдилар. Ҳукмларни баён этувчи ҳадислар билан ҳам шуғуллана бошладилар. Воҳий ва мавзуъ ҳадисларни топдилар, ҳадис иллатлари борасида ҳам талай ишларни амалга оширдилар.
Тарих охирги уммат ўз Пайғамбарининг меросини ёзгани каби бирор умматни кўрмаган. Сохта ҳадисларнинг борлиги бизни қолган бошқа барча ҳадисларга эътиборсиз қилиб қўя олмайди. Зеро, баъзи сохтакорлар қалбаки пулларни ишлаб чиқариб, омма орасига тарқатиб юборганда, оқил киши ҳақиқий пулларни йўқ қилиб ёки муомаладан қолдириб, қийматини нолга тенг қилиб қўярмиди?!
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади