20.05.2025

Умму Жамилнинг Расулуллоҳга адовати

Макка мушриклари заифҳол мусулмонларни турли қийноқларга солиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъсир доираларини камайтириш ҳақида туну кун ўйлар эди. У зотни заифҳол мусулмонларни қийнагандек азоблай олмасдилар, чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларида катта ҳурматга эга инсон, хосу авом иззат кўрсатадиган виқорли шахс эдилар. Бундан ташқари боболаридан кейин Бану Ҳошимнинг улуғига айланган амакилари Абу Толиб у зотни ўз ҳимоясига олган эди. Шунинг учун Қурайш кофирлари у зотни қаттиқ қийноқли азоблар билан азоблашга журъат қилолмади. Лекин бу билан улар душманчилигини бир лаҳза ҳам тўхтатмади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилишга, устиларидан кулишга ўтишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилиш борасида Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил Арво бинту Ҳарб ибн Умайя эридан асло қолишмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрадиган йўлларга тиканакларни сепиб, у зотнинг азиятланишларини яхши кўрарди. Эри ва ўзи ҳақида сура нозил бўлганини эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб Каъбага келди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга масжидда ўтирган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу узоқдан Умму Жамилнинг қўлида тош билан келаётганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Лаҳабнинг хотини ахлоқсиз аёл. Сизга азият беришидан қўрқаман. Бу ерда туриб, унинг кўзига кўринмасангиз яхши бўларди», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У мени кўролмайди», дедилар ва « Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз» (Исро сураси, 45-оят) оятини ўқидилар. Умму Жамил етиб келганда, у фақат Абу Бакрни кўрарди. У Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қарата: «Эй Абу Бакр, дўстинг қани? У мен ҳақимда шеър тўқиб, устимдан кулиб юрган экан. Қасамки, дўстингни топсам, мана шу тош билан оғзини уриб ёраман. Мени шоиралигимни биласан», деди ва 


«Бўйсинмадик Музаммамга рад этиб унинг ишин
Тан олмадик динини, тарк этиб унинг йўлин», дея шеър айтди.

 Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга жавобан: «Мана бу Байтнинг Роббига қасамки, у одам асло шеър битмаган ва умуман шеър айтмаган», дедилар. Умму Жамил: «Сен менинг назимда сўзи тасдиқланган инсонсан», дея ортига қайтди. У аёл кетаркан, кибр ила «Қурайш менинг бу қавмнинг саййидининг қизилигимни билади», дер эди.
У кетгач Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, наҳот у сизни кўрмади?», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир фаришта келиб қанотлари ила мени ундан тўсиб турди», дедилар .
Қурайш кофирлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни таҳқирлаш мақсадида Муҳаммад, деб эмас, Музаммам , деб мурожаат қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: « Қурайшнинг ҳақорату лаънатларини Аллоҳ мендан қандай қайтараётганидан ажабланмайсизларми? Улар «музаммам», деб ҳақорат қиладилар ва «музаммам», деб лаънатлайдилар, мен эса Муҳаммадман!», дер эдилар .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий ваҳий узлуксиз нозил бўлиб турарди. У зот бетоб бўлиб қолдилар ва бетоблик чоғларида ваҳий келиши тўхтаб қолди. Умму Жамил бу вазиятдан фойдаланиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маънавий зарба беришни ва у зотнинг руҳиятларини чўктиришни қасд қилди. Бу воқеани имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги баён қилган:
Жундаб ибн Суфён розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб, икки уч кеча тура олмадилар. Бир аёл келиб: «Эй Муҳаммад, умид қиламанки, шайтонинг сени тарк этди. Икки уч кечадан бери унинг сенга яқинлашганини кўрмадим», деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Чошгоҳга қасам, сукунатга чўмган кечага қасам, Роббинг сени тарк этгани йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ» ни  нозил қилди.

Адиз Усмонов,
МирАраб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси