ҲАЁТ – ЭНГ ОЛИЙ АМОНАТ
Инсониятга ато этилган беҳисоб неъматлар ичида шундай бир жавҳар борки, у қолган барча неъматларнинг дебочаси ҳисобланади. Бу – ҳаёт ва тириклик неъматидир. Қуръони каримда яратилиш моҳиятига урғу берилган юзлаб оятларнинг мавжудлиги, инсон бўлиб дунёга келишнинг ўзи яратганнинг буюк марҳамати эканини англатади. Осмонлар ва Ердаги барча моддий ва маънавий неъматлар инсон манфаати учун бўйсундирилган экан, бу буюк омонатга хиёнат қилмаслик, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг энг олий бурчимиздир.
Ҳаёт йўли фақатгина текислик ва фаровонликдан иборат эмас. Бу йўлда инсон турли синовлар, машаққатлар ва йўқотишларга дуч келиши табиийдир. Қуръони каримда таъкидланганидек, инсон машаққат ва меҳнатда бўлиш учун яратилган. Бу синовлар инсоннинг иродасини тоблайди, имонини мустаҳкамлайди.
Аллоҳ таоло: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” дея марҳамат қилган. (Балад сураси, 4-оят).
Мумтоз адабиётимиз дурдоналаридан баҳраманд бўлган ҳолда, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак” деган ҳикматларига эътибор қаратсак, умрнинг ҳар бир лаҳзаси сабр ва матонатни талаб қилишини кўрамиз. Мусибат етганда, мўмин киши тушкунликка тушмайди. У ҳар бир қийинчилик ортида Яратганнинг ҳикмати ва ажр-мукофоти яширинганини билади. Ҳаётдаги ҳар қандай оғир вазиятда ҳам: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», деб ўз руҳий мувозанатини сақлай олиш – ҳақиқий имон ҳаловатидир.
Сўнгги вақтларда жамиятимизда учраб турадиган энг оғриқли нуқталардан бири – ҳаёт қийинчиликлари олдида таслим бўлиб, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларидир. Молиявий муаммолар, оилавий келишмовчилик ёки тазйиқлар сабабли бу мудҳиш қарорга келиш – масаланинг ечими эмас, аксинча, икки дунё саодатидан маҳрум бўлишдир.
Динимиз таълимотида бу қилмиш оғир гуноҳ саналади ва Қуръони каримда “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” дея қатъий қайтарилган. Инсон жони унга вақтинчалик берилган омонатдир. Унинг эгаси фақатгина Яратганнинг ўзидир. Биргина вақтинчалик муаммо деб ўз ота-онасини, яқинларини бир умрлик қайғуга мубтало қилиш ва охиратдаги абадий азобга гирифтор бўлиш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.
Айниқса, хотин-қизларга нисбатан қилинаётган тазйиқ ва зўравонликларнинг охири шундай фожиалар билан тугаётгани жамиятнинг катта дардидир. Давлатимиз томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам, динимизнинг аёлларни эъзозлаш борасидаги кўрсатмалари ҳам ушбу иллатларга қарши курашишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда таълим марказлари, диний-маърифий муассасалар ва зиёлиларимиз олдида турган энг улуғвор вазифа – ёшларнинг руҳий иммунитетини шакллантиришдир. Ўсмирларнинг назоратсиз қолиши, интернет маконидаги зарарли контентлар, турли виртуал ўйинлар ва носоғлом муҳит уларнинг беғубор қалбини заҳарламоқда.
• Илмий ва маънавий меросни ўргатиш: Ёш авлодга фақатгина дунёвий билимларни эмас, балки Ислом тарихи, қадриятлари ва мумтоз асарларимиз моҳиятини сингдириш орқали уларда ҳаётга бўлган теран муносабатни шакллантириш.
• Бўш вақтни мазмунли ташкил этиш: Илм ўрганиш, хорижий тилларни ўзлаштириш ва спорт билан шуғулланишга йўналтириш.
• Соғлом мулоқот: Оилада ва таълим даргоҳларида устоз-шогирд, ота-она ва фарзанд ўртасидаги самимий, ишончли мулоқотни йўлга қўйиш.
Барча руҳий изтироблар ва тушкунликларнинг шифоси – Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик ва қалб хотиржамлигидир. Қуръони каримда таъкидланганидек, “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси, 28-оят). қалблар фақатгина Аллоҳни зикр қилиш, Унинг неъматларини тафаккур қилиш билангина ором топади.
Ҳаётда биздан-да оғирроқ шароитда яшаб, шукр қилаётган инсонлар қанча. Уларни кўриб, ўзимиздаги борига қаноат қилиш, хатоларимиз учун истиғфор айтиш ва олдинга интилиш асл мўминнинг сифатидир.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳаёти бебаҳо сармоядир. Имонли киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, солиҳ инсонлар ва олимлар суҳбатига ошно бўлиши керак. Илмли, маърифатли ва сабрли инсонгина ҳаётнинг ҳар қандай тўфонларидан эсон-омон ўтиб, икки дунё саодатига эриша олади.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаи матбуот котиби,
БухДУ исломшунослик магистранти
УЗ
РУ
EN
العربية