ЗУЛҲИЖЖА ОЙИНИНГ ДАСТЛАБКИ ЎН КУНЛИГИ ФАЗИЛАТЛАРИ
Аллоҳнинг Ўз махлуқотлари орасида баъзиларини бошқаларидан афзал қилиши Унинг суннати (қонунияти) бўлиб, бу коинотда намоён бўлувчи илоҳий ҳикматдир. У Зот Ўз яратганларининг даражаси, мақоми ва хусусиятларини турлича қилди. Инсонни ақл ва ирода билан мукаррам қилиб, бошқа барча мавжудотлардан устун қўйди.
Аллоҳ таоло айтади: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят). Шунингдек, иймон, тақво ва солиҳ амаллар даражасига кўра инсонлар орасидан ҳам энг афзалларини танлаб олди.
Худди шундай, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандалар тоат-ибодатларда мусобақалашишлари ва ажр-савоблар кўпайтириб берилиши учун баъзи макон ва замонларни ҳам бошқаларидан афзал қилди. Маконларнинг энг афзали масжидлар, масжидларнинг энг афзали эса Байтул Ҳарам (Каъба) қилинди. Замонлар ичида энг афзали эса Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлигидир.
Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги фазилатлари кўплаб ишларда намоён бўлади, жумладан: Аллоҳ азза ва жалла ушбу ўн кеча билан қасамёд қилган: "Тонгга қасам ва ўн кечага қасам" (Фажр сураси, 1-2-оятлар). Ибн Касир тафсирларида: "Бундан мурод Зулҳижжанинг ўн кунлигидир", деганлар.
Аллоҳ таоло Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигини улуғ фазилатли қилган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари далолат қилади: “Аллоҳ наздида бирорта кундаги солиҳ амал ушбу ўн кунликдаги амалдан севиклироқ эмас”. Шунда саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам. Илло бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, улардан бирортаси билан қайтмаса (шаҳид бўлса), шу мустаснодир”, дедилар (имом Бухорий ривояти). Шунингдек, яна бир ҳадисда: “Аллоҳ наздида ушбу ўн кундан кўра улуғроқ ва унда қилинган амалдан кўра севиклироқ кун йўқдир. Бас, ушбу кунларда таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ)ни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривояти) дейилган. Бу ҳадислар шунга далолат қиладики, Зулҳижжанинг аввалги ўн кунидаги амал бошқа кунлардаги амаллардан Аллоҳга севиклироқдир.
Аллоҳ таолонинг бу кунларни бошқаларидан афзал қилганининг далилларидан яна бири – бу кунлардаги амаллар савобини етти юз баробаргача кўпайтириб беришидир. Чунки бу ой ҳаром ойлардан биридир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинган: “Мусо алайҳиссаломнинг ўттиз кунлик муддатини Аллоҳ таоло айнан шу ўн кунлик билан тўлдиргани ҳам унинг улуғлигидандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик” (Аъроф сураси, 142-оят).
Бу кунларга хос бўлган ва энг улуғ ибодатлар саналмиш махсус амалларнинг мавжудлиги. Хусусан, бу ўн кунлик ичида Арафа куни ва Қурбонлик (Наҳр) куни бор бўлиб, улар йилнинг энг афзал кунларидир. Арафа кунининг рўзаси икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлса, Наҳр куни ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن رسول الله – صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ أَعْظَمَ الْأَيَّامِ عِنْدَ اللَّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى يَوْمُ النَّحْرِ ثُمَّ يَوْمُ الْقَرِّ» [المسند للإمام أحمد].
“Аллоҳ таборака ва таолонинг наздида кунларнинг энг улуғи Қурбонлик кунидир, сўнгра эса Қарр куни (Қурбонликдан кейинги кун)дир” (Имом Аҳмад).
Аллоҳ таоло бу кунларда динимизни комил қилиб, бизга бўлган неъматини тўкис қилди. Арафа кунида дин мукаммал бўлди. Аллоҳ таоло айтади:
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят). Бир яҳудий киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: "Эй мўминлар амири, китобингизда сизлар ўқийдиган бир оят борки, агар у биз яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, биз ўша кунни байрам қилиб олган бўлардик", деди. Умар розияллоҳу анҳу: "У қайси оят?" деб сўрадилар. У: "Бугунги кунда Мен сизларнинг динингизни мукаммал қилиб бердим... ояти", деб жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: "Аллоҳга қасамки, мен бу оятнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қачон ва қайси соатда нозил бўлганини яхши биламан. У Арафа куни оқшомида, Жума куни нозил бўлган", дедилар (Тафсири Ибн Касир).
Энг асосий ибодатларнинг шу кунларда жамлангани. Ҳофиз Ибн Ҳажар Фатҳул Борий китобида келтириб айтадилар: "Зулҳижжанинг ўн кунлиги ажралиб туришининг сабаби шуки, унда асосий ибодатлар бўлмиш намоз, рўза, садақа ва ҳаж жамланган. Бошқа вақтда бундай бўлиши мумкин эмас".
Аллоҳ таолонинг гўзал раҳматидан бири шуки, У Муҳаммад умматини ажрларини кўпайтириш орқали умрларини узайтирувчи баракали кунлар ва муносабатлар билан икром қилган. Бундай улуғ кунларда биз уларни ғанимат билишга ёрдам берадиган амалларни қидиришимиз лозим. Жумладан:
• Чин дилдан тавба қилиш: Мусулмон киши тоат-ибодат мавсумларини чин дилдан тавба қилиш ва Аллоҳга қайтишга қатъий азм қилиш билан кутиб олиши керак. Тавбада банда учун дунё ва охират нажоти бордир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят).
• Нафсга қарши курашиш (мужоҳада): Мусулмон киши бу кунларни солиҳ амаллар ва сўзлар билан обод қилишга интилиши керак. Ким бир нарсага астойдил ҳаракат қилса, Аллоҳ унга ёрдам беради ва бунга ундовчи сабабларни муҳайё қилади.
• Оранинг ислоҳи (муносабатларни ўнглаш): Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида нажот топишни истаган, бироқ қариндошлик алоқаларини узган, биродари билан аразлашган, қўшнисига озор берган ёки гина-кудрат сақлаган кишига шундай деймиз: "Сен бу ҳолатингда бундай кунларнинг фазилатига қандай эришмоқчисан?". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу огоҳлантиришларини унутманг: "Жаннат дарвозалари душанба ва пайшанба кунлари очилади. Шунда Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Илло ўзи билан биродари ўртасида гина-адоват бўлган киши мустасно. Шунда: "Бу иккисини то ярашгунларича кутиб туринглар, бу иккисини то ярашгунларича кутиб туринглар, бу иккисини то ярашгунларича кутиб туринглар!" дейилади" (Имом Муслим ривояти).
• Қурбонлик орқали Аллоҳга яқинлашиш: Чунки у энг улуғ шиорлардандир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳларингиз бир илоҳдир. Бас, Унгагина мусулмон бўлинг. Итоатли, мутавозеъларга башорат бер”. (Ҳаж сураси, 34-оят).
• Такбир, таҳмид, таҳлил ва зикр: Саҳобалар Зулҳижжанинг дастлабки ўн кунлигида бозорларда такбир айтар, мусулмонлар ҳам уларга қўшилиб такбир айтишарди. Умар розияллоҳу анҳу Минодаги чодирларида такбир айтардилар, масжиддагилар ва бозордагилар ҳам буни эшитиб такбир айтар, ҳатто Мино такбир овозидан ларзага келар эди (Фатҳул Борий, Ибн Ҳажар). Аллоҳ таолонинг: “Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар” (Ҳаж сураси, 28-оят) деган сўзидаги кунлар айнан мана шу кунлардир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: "Булар (Зулҳижжанинг) ўн кунидир", деганлар. Бу кунларда Аллоҳни зикр қилиш энг афзал қурбатлардандир.
Шунингдек, бу фазилатли кунларда ютуққа эришишни истовчи ҳар бир киши ҳаракат қилиши лозим бўлган бошқа улуғ амаллар ҳам кўп: Қуръон ўқиш ва ўрганиш, истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлик алоқаларини тиклаш, саломни ёйиш, таом едириш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, меҳмонни икром қилиш, йўлдаги озор берувчи нарсани олиб ташлаш, беморларни зиёрат қилиш ва ҳожатбарорлик қилиш кабилар.
Мусулмон киши Зулҳижжанинг дастлабки ўн кунлигида қилиши керак бўлган энг афзал амаллардан бири – ушбу кунларнинг дастлабки тўққиз кунида рўза тутишдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга тарғиб қилганлар ва кўпгина уламолар буни мустаҳаб деб билишган. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кун рўза тутар эдилар" (имом Абу Довуд ривояти).
Бу ўн кун ичида Арафа куни бор. У Аллоҳ таоло томонидан раҳмат, мағфират ва барака ёғиладиган кундир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Шайтон Арафа кунидагидек ўзини кичкина, ҳақир, хор ва ғазабнок ҳис қилган бошқа бирор кун кўрилмаган. Бу фақатгина унинг раҳматнинг нозил бўлаётганини ва Аллоҳнинг улкан гуноҳларни кечираётганини кўргани учундир. Илло Бадр кунида кўрганлари бундан мустасно”. Шунда: "Эй Аллоҳнинг Расули, Бадр кунида у нимани кўрган?" дейилди. У зот: “У Жаброилнинг фаришталарни сафга тизаётганини кўрган эди”, дедилар (Муваттои Молик - Яҳё ривояти). Арафа кунининг рўзаси икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Арафа кунининг рўзасини Аллоҳ таоло ундан олдинги ва ундан кейинги йил (гуноҳлари)га каффорат қилишини умид қиламан” (Имом Муслим ривояти).
Хулоса ўрнида шуни баён қиламанки. Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлигининг улуғлиги Аллоҳ таолонинг бу кунлар билан қасамёд қилганида янада ёрқин намоён бўлади. Буюк Зот Ўз махлуқотлари орасидан фақатгина улуғ бўлган нарсалар билангина қасам ичади. Шунингдек, бу кунларда асосий ибодатларнинг жамланиши уларни чин дилдан тавба қилиш, зикр ва рўза учун кенг майдонга айлантиради. Ушбу кунлар фазилатига эришиш учун мусулмон киши ўз вақтини тоат-ибодатлар ва солиҳ амаллар билан обод қилишда нафси билан мужоҳада қилиши, одамлар билан муносабатларини ўнглаши ва мағфират ҳамда розиликка эришиш умидида ҳар қандай яхшилик орқали Аллоҳга яқинлашишга ҳаракат қилиши лозим.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби
УЗ
РУ
EN
العربية