ИСЛОМДА МУСИБАТГА САБР ВА МАРҲУМНИНГ ҲАҚЛАРИ
Оламларни яратган Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёни ва ўлимни инсонларни синаш учун яратгандир. Қуръони каримнинг Мулк сурасида таъкидланганидек, ҳаёт ва мамот қайси банда чиройлироқ ва савоблироқ амал қилишини синовдан ўтказиш учун берилган. Ер юзидаги барча мавжудот фоний бўлиб, фақатгина Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг ўзигина боқийдир. Шундай экан, ўлим – бутун башарият ҳаётида куни келиб йўлиқиши муқаррар бўлган ҳақиқатдир. Шариатимизда ҳар бир амалнинг ўз тартиб-қоидаси бўлгани каби, жаноза ва азадорликнинг ҳам ўзига хос ҳукмлари ва юксак одоблари белгилаб қўйилган.
Ислом динида мусулмонларнинг ўзаро меҳр-оқибати ва биродарлигига катта эътибор қаратилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи борлигини, шулардан бири – вафот этганида унинг жанозасига эргашиш эканини таъкидлаганлар. Жаноза намози шунчаки оддий анъана эмас, балки инсон зотига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси ва фарзи кифоя бўлган ибодатдир. Кимки имон ва савоб умидида мусулмон биродарининг жанозасида қатнашиб, дафн этилгунга қадар турса, унга Уҳуд тоғидек келадиган икки қийрот улкан ажр ваъда қилинган. Дафндан олдин қайтган киши эса бир қийрот савоб билан қайтади.
Сарвари коинот шундай деганлар: “Ким имон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
Дунё ҳаётида яқинлардан айрилиш энг оғир синовлардан биридир. Бироқ, бу синовларга сабр қилиш банданинг хато ва гуноҳларига каффорот бўлади. Мусибат етган хонадонга бориб, марҳумнинг яқинларига тасалли бериш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишга чақириш шариатимизда жуда савобли амал саналади. Таъзия билдирган киши Қиёмат куни улуғлик либоси билан мукофотланиши ва мусибатзадага берилганчалик ажрга эга бўлиши ҳадисларда баён қилинган. Шариатимизга кўра, дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунгача аза тутишга рухсат берилади ва бу кунларда жанозага улгурмаганлар келиб тасалли бериб кетишлари мумкин.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир мўмин биродарининг мусибатига таъзия билдирса, Аллоҳ унга Қиёмат куни улуғлик либосини кийдиради” (Имом ибн Можа ривояти).
Маййитни сўнгги йўлга кузатишда тезкорлик талаб этилади. Агар у солиҳ инсон бўлса, ўзига ваъда қилинган яхшиликка тезроқ етади.
Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васаллам ушбу ҳадисни зикр этганлар: “Маййитни сўнгги йўлга тезроқ олиб боринглар, чунки агар у аҳли солиҳлардан бўлса, уни кутилаётган жойга тезроқ олиб бормоқ даркор. Агар бундай бўлмаса, елкангизни нохуш юкдан тезроқ холи қилган бўласиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тобуткашлар тобутни навбат билан, аввал маййитнинг ўнг елка, сўнг ўнг оёқ, кейин чап елка ва чап оёқ томонидан кўтаришлари суннатга мувофиқдир. Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мусибат қанчалик оғир бўлмасин, маййит ортидан бақириб, дод-фарёд қилиш қатъиян ман этилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оила аъзоларининг ҳаддан ташқари дод-фарёди сабабли марҳум азобланишини уқтириб, мусибатни вазминлик билан енгиб ўтишга чақирганлар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таълим берадилар:“Марҳум оиладагиларининг ҳаддан ташқари дод-фарёди сабабли азобланади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Бугунги кунда энг кўп эътибор қаратилиши керак бўлган масалалардан бири – таъзия маросимлари ва худойиларни ўтказишдаги меъёрдир. Ислом дини ҳеч қачон бандасига тоқатидан ташқари ишни юкламайди. Одамлар, қўни-қўшнилар олдида хижолат бўлмайин деб, қарзга ботиб ёки бор-будини сарфлаб эҳсон дастурхони ёзиш шариатимизда номақбул иш саналади.
Қуръони каримда: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).
Шунингдек, дафндан сўнг пайшанбалик, якшанбалик, ҳайит кунларидаги махсус маросимлар каби муайян кунларга боғлаб қилинадиган худойилар диний манбаларимизда буюрилмаган. Бундай маросимларни марҳумнинг мероси тақсимлангач, оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, аҳли илмлар билан бамаслаҳат, исроф ва дабдабадан холи тарзда, камтарона ўтказган маъқул.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўтиб кетган яқинларимизни хотирлаш ва уларга савоб етиб боришини истасак, фақатгина дастурхон ёзиб таом улашиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчиликка доимий манфаат келтирадиган хайрли ишларни амалга ошириш орқали марҳумларнинг руҳини чинакамига шод этиб, уларга узлуксиз савоб бориб туришини (садақаи жория) таъминлашимиз мумкин. Аллоҳ таоло барчамизга мусибат етганда чиройли сабр берсин, юртимизни тинч қилиб, ҳаётимизни шариат кўрсатмаларига мувофиқ, мазмунли ўтказишни муяссар айласин.
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби
УЗ
РУ
EN
العربية