19.05.2026

МАЗҲАБ – ДИННИ СОҒЛОМ АСРАШ ҚАЛЪАСИ

Аллоҳ таоло Исломни инсоният учун раҳмат ва нур қилиб нозил этди. Асрлар оша бу илоҳий таълимот турли халқлар ва элатлар ҳаётига сингиб борди. Тарихга назар ташласак, Ислом оламининг катта қисми тўртта асосий фиқҳий мазҳаблардан бирига амал қилиб келганини кўрамиз. Масалан, Индонезия ва Жануби-Шарқий Осиё мусулмонлари асосан Шофеъий мазҳабида, Шимолий Африка Моликий, Жанубий Осиё халқлари эса асосан Ҳанафий мазҳабида ҳаёт кечиришади. Аммо сўнгги асрларда асрий анъаналарга қарши ўлароқ, «мазҳабсизлик» деган оқим ва тушунча пайдо бўлдики, у диннинг моҳиятини англашда кўплаб ихтилофлар гирдобини юзага келтирди.
Мазҳаблар Исломнинг дастлабки асрларида, буюк мужтаҳид имомлар етишиб чиққан даврдан сўнг шаклланди. Буюк имомларнинг иқтидорли шогирдлари ўз устозларининг фатволарини тўплаб, уларни тартибга солдилар ва инсонларга динни тўғри ва осон тушунтириш йўлини кўрсатиб бердилар. Бу йўл Қуръон ва cуннатни тушунишдаги энг ишончли илмий мактаблар эди.
Бироқ, вақт ўтиши билан баъзи инсонлар орасида ўз мазҳабига нисбатан ҳаддан ортиқ мутаассиблик (фанатизм) келиб чиқди. Бу иллат шу даражага етдики, мусулмонлар ўртасида сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Ҳанафий мазҳабидаги киши Шофеъийникининг ортида, Шофеъий эса Ҳанафийнинг ортида намоз ўқимайдиган даражага борди. Шунингдек, масжидларни мазҳаблар бўйича бўлиб олиш каби хунук ҳолатлар ҳам юзага келди. Айнан мана шу кўр-кўрона тақлид ва ўзаро адоват мазҳабсизлик ғоясининг куртак ёзишига асосий баҳона бўлди.
Мазҳабсизлик – бу авом ёки мужтаҳидлик даражасига етмаган кишининг тўрт мазҳабдан бирортасига эргашмаслигини англатади. Бу атама асосан 19-асрда кенг тарқалган бўлсада, унинг илдизлари аввалроқ тақлидни ҳаром санаган баъзи олимларнинг фикрларига бориб тақалади. 
Мазҳабсизлик ғоясининг энг кўзга кўринган тарихий ва замонавий намояндалари қаторига Ибн Ҳазм, Шайх Носируддин ал-Албоний ва Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий кабиларни киритиш мумкин. Уларнинг асосий даъвоси шундан иборат эдики, Ислом осон дин, унинг ҳукмларини ҳар қандай мусулмон ўзи тушуна олади. Улар барча инсонларни муайян мазҳабни тарк этиб, тўғридан-тўғри Қуръон ва cуннатга қайтишга чақирдилар. Уларнинг фикрича, мазҳабларга ажралиш мусулмонларни парчалаб юборди ва бу диндаги бидъатдир.
Гарчи мазҳабсизлик тарғиботчилари ўз ғояларини «Қуръон ва cуннатга қайтиш» деган чиройли шиорлар остида ниқоблаган бўлсаларда, бу йўлнинг амалиётга татбиқ этилиши ўта хатарли оқибатларни юзага келтирди.
Оммани тоқат қилиб бўлмайдиган ишга мажбурлаш. Оддий халқ (авом) араб тилини мукаммал билмайди, носих ва мансух, ом (умумий) ва хос каби мураккаб фиқҳий қоидалардан бехабар. Ҳар бир ҳунарманд, деҳқон ёки шифокордан диндорлик юзасидан ўзича мустақил ижтиҳод қилиб, ҳадислардан ҳукм чиқаришни талаб қилиш ақлга зиддир. Агар ҳамма ижтиҳод билан шуғулланса, дунёвий ишларни (тижорат, деҳқончилик, муҳандислик) ким қилади?.
Диний ихтилоф ва тартибсизликларнинг урчиши, ҳамма ўз ақли етганича оят ва ҳадисларни талқин қила бошласа, худди Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек, «Қуръон билан мунофиқона баҳслашиш» хавфи юзага келади. Одамлар ўзлари ишончи ва илми тасдиқланмаган шахсларнинг гапларига эргашиб кетадилар, натижада жамиятда фисқ ва хиёнат тарқалади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни катта жамоатга эргашишга буюрганлар. Тўрт ҳақли мазҳабдан юз ўгириш ўз-ўзидан бутун дунё мусулмонларининг мутлақ кўпчилиги (саводул аъзам) тутган тўғри ва ёруғ йўлдан ажралиб, ёлғизланиш ва адашишга олиб келади.
Тадқиқотлар ва буюк уламоларнинг хулосалари шуни кўрсатадики, Исломда тақлид, яъни ишончли мужтаҳид олимларнинг йўлига (мазҳабга) эргашиш асло бидъат эмас, балки диндорликнинг соғлом кўриниши ва рухсат этилган амалдир. 
Мазҳабга эргашиш – бу Қуръон ва cуннатни инкор этиш эмас, балки айнан уларга энг тўғри, соф ва хатосиз усулда амал қилишдир. Ахир бизгача етиб келган Қуръон тафсирлари ҳам, ҳадислар тўпламлари ҳам ана шу буюк мазҳаб уламоларининг тинимсиз меҳнати, илми ва тақвосининг самарасидир. Улар биздан кўра оятларнинг носих-мансухини, ҳадисларнинг қайси бири умумий ва қайси бири хос эканлигини чуқурроқ ва теранроқ тушунганлар. 
Рамозон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: “Агар барча инсонлар диндаги маълумотларни тўғридан-тўғри манбалардан қандай олишни билганларида эди, олимлар ва авомлар деган тушунчаларнинг ўзи бўлмас эди.” Демак, бугунги кунда динни турли эҳтиросли, аммо илмсиз “мужтаҳид”ларнинг хуружларидан, ўзбошимчаликлардан асрашнинг энг самарали йўли – тўрт ишончли мазҳабдан бирига эргашишдир. Бу нафақат инсонни илмий хатолардан асрайди, балки Ислом умматининг бирлиги, осойишталиги ва маънавий соғломлигини таъминловчи энг мустаҳкам қалъадир.

Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби