ЎҚИШНИНГ ШАХС КАМОЛОТИ, МАЪНАВИЯТ ВА ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ
Мутолаа ҳақида сўз кетганда, биз шунчаки ҳарфларни таниб ўқишни эмас, балки чуқур билиш (когнитив) жараёнини тушунамиз. Ўқиш — бу кутилган маънога эришиш йўлидаги турли рамзларни ечишга асосланган мураккаб фикрлаш жараёни ҳамда «мавжуд билимларни ишга солиш санъати»дир. Инсон бирор китобни ўқир экан, матндан кўзланган мақсадни англаш учун ўзининг аввалги тажрибаларини ишга солади.
Мутолаа — ўзликни кашф этиш ва ўзгаларни танишнинг энг муҳим воситаларидан биридир. У инсон олдидаги замон ва макон тўсиқларини бутунлай олиб ташлайди. Китоб ўқиётган киши ўзини асар қаҳрамонлари билан бирга яшаётгандек ҳис қилади, ўтмиш ва бугун ўртасида сайр қилиб, келажакка эзгу умидлар билан боқади. Турли халқларнинг турмуш тарзи ва ўтмиш миллатлар тарихи билан танишиш орқали инсон яхшилик ва ёмонликни, ҳақ билан ботилни фарқлаш қобилиятига эга бўлади.
Ўқиш инсон ақл-идрокини бойитади, маънавиятини шакллантиради ва уни ўзи яшаётган жуғрофий ҳудуд ҳамда замон чегараларидан кенгроқ, мутлақо янги оламларга олиб чиқади. Гўёки ўқувчи ҳарфлар ёрдамида оёқлари етиб бормаган манзилларни забт этади.
Тарихга назар ташласак, мутолаанинг нақадар муқаддас амаллигига гувоҳ бўламиз. Жаброил алайҳиссалом Ҳиро ғорида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий олиб келганларида, коинотни ларзага солган биринчи хитоб «Ўқи!» бўлган эди. Пайғамбаримизнинг «Мен ўқишни билмайман», деган жавобларига қарамай, бу буйруқ уч бор такрорланди ва Қуръони Каримнинг «Алақ» сурасидаги илк оятлар нозил бўлди.
Бу шунчаки оддий сўз эмас, балки барча учун умумий, очиқ-ойдин Илоҳий буйруқдир. Ундан қочишнинг иложи йўқ. Мутолаа орқали инсон ўз Яратувчисини танийди, дунёга келишидан чин мақсадни англайди ва ўзининг ҳаёт йўлини тўғри белгилаб олади. Ўқиш — маърифат калити, нафсни нурга тўлдириш ва уни тарбиялашнинг биринчи қадамидир.
Мутолаанинг гўзаллиги ва унинг ихлосли ўқувчи қалбидаги асари шундаки, у инсонга тафаккур уфқларининг очилишини ҳадя этади. Қалбдаги сокинлик ва хотиржамлик ҳиссини уйғотиб, ақлга куч ва ишонч бағишлайди. Кўп мутолаа қилган инсон нимадир йўқотишдан қўрқмайди, чунки унинг қалбида жаҳолат зулматини ёритувчи билим нури бўлади. Мутолаа — жоҳиллик қоронғулигига қарши турувчи тирик инсоннинг энг ўткир қуролидир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Қуръоннинг «ўқи» деган буйруғи фақатгина диний илмлар билан чегараланмайди. У мутлақ ва чексиз келгани боис, Исломда илм ўрганиш умумбашарий даражага кўтарилган. Дунёвий илмлар ҳам инсониятга хизмат қилиши ва Яратувчининг санъати ҳамда мўъжизаларини тафаккур қилишга ундаши билан ғоят қадрлидир. Энг асосийси, инсон нима ўқиётганини, қалби ва онгига нима кираётганини саралай билиши ҳамда ниятини холис қилиши лозим. Зеро, мутолаа — ақлларнинг озуқаси ва англовчи қалбларнинг хитобидир.
Замонавий тадқиқотлар шуни исботлайдики, ўқиш — китобхоннинг онгини рағбатлантирадиган ва уни доимий фаоллик ҳолатида ушлаб турадиган интеллектуал жараёндир. Унинг улкан фойдаларидан бири турли ақлий касалликларнинг олдини олиши, мия саломатлигини сақлаши ҳамда диққатни жамлаш ва тўғри хулоса чиқариш қобилиятини оширишидир. Инсон ўз мутолаа доирасини кенгайтириб боргани сари, ҳаёт қийинчиликларига қарши туриш ва уларни енгишда шунчалик кучли бўлиб боради.
Мутолаа ашаддий китобхоннинг таҳлил ва танқид қилиш маҳоратини ҳам чархлайди. Тафсилотларга эътибор беришни ўрганган ўқувчи вақт ўтиши билан яхши ёзувчи билан заиф ёзувчини, ўз ғояларини моҳирлик ва нафосат билан ёритиб бера оладиган адибни ажрата оладиган бўлади.
Бунинг яна бир гўзал жиҳати шундаки, у инсон тасаввурини беқиёс даражада бойитади. Ҳикоя ёки романни ўқиётган инсон маконни, замонни, қаҳрамонлар чеҳраси ва ҳатто рангларни ўз фантазияси орқали чизади. Натижада унинг дунёқараши кенгаяди, тасаввур олами кучаяди ва атрофидаги турфа оламларни кашф этишга бўлган жасорати ортади.
Бугунги шиддатли тезлик асрида ўзимизга муҳим бир саволни беришимиз лозим: Мутолаанинг ўзи таназзулга юз тутяптими ёки авлодларнинг билим даражаси пасайиб бормоқдами?
Электрон қурилмалар ва смартфонлар китобларнинг ўрнини эгаллаши натижасида мутолаа сезиларли даражада орқага кетмоқда. Ҳозирги авлод кўпроқ қисқа видео лавҳаларни афзал кўрмоқда, уларда ҳатто мингта сўздан иборат мақолани ҳам охиригача ўқишга тоқат етишмайди. Смартфонлар мияни «гандираклатиб», уни ҳар бир нарсанинг қисқасига ва тезига дастурламоқда. Бу ҳалокатли чангалдан қутулиш ва ўзлигимизни асраб қолиш учун ягона йўл — уйларимиздаги кутубхоналар қадрини тиклашдир.
Кутубхона инсон ҳаёт ташвишларидан қочиб борадиган, ечим ва ором топадиган иссиқ масканга айланиши шарт. Фарзандларимиз ва китоб ўртасида дўстона алоқа ўрнатишимиз зарур. Шу ўринда ўқишга одатланаётганлар учун бир муҳим қоида бор: бошлаган китобингизни шунчаки «бошлаганингиз учун» охиригача ўқишга мажбур эмассиз! Агар ўқиётган асарингиздан бирор яхшилик ва манфаат сезмасангиз, ўзлигингизни сайқаллайдиган бошқа асарни қидиришда мутлақ эркин бўлинг.
Хулоса қилиб шуни баралла айтиш мумкинки, мутолаа шунчаки вақт ўтказиш воситаси эмас, балки миллатнинг маънавий қиёфасини белгиловчи, унинг томирларига ҳаётбахш куч бағишловчи беқиёс манбадир. Китобга ошно бўлган, мутолаани кундалик эҳтиёж ва умуминсоний қадрият даражасига кўтара олган жамиятгина жаҳолат зулматидан, қолоқлик ва маънавий қарамлик кишанларидан тўлақонли озод бўлиш бахтига муяссар бўлади.
Тарих шоҳидки, қайси халқнинг тафаккур осмонида билим нури чарақласа, ўша халқнинг парвози баланд, қадди тик ва иродаси енгилмас бўлган. Айнан кенг дунёқарашга эга, зукко ва китобхон авлодгина бугунги глобал оламнинг мураккаб сиёсий ва ижтимоий тўсиқларини енгиб ўтишга, жамиятни маърифат чўққилари сари дадил етаклашга қодирдир. Зеро, китоб — нажот қалқони, мутолаа эса қалбни юксалтириб, инсонни ўз аслига ва комиллик сари элтувчи ягона нурли йўлдир.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим
муассасаси матбуот котиби,
«Болои Ҳовуз» масжиди имом хатиби
УЗ
РУ
EN
العربية