22.04.2026

ХУБАЙБ ИБН АДИЙ ВА ЁҒОЧ ДОР ҚИССАСИ

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларига шафқатлидир» (Бақара сураси, 207-оят).
Бир гуруҳ кофирлар макр ишлатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одам юборишди ва шундай дейишди: «Эй Расулуллоҳ, биз Исломни қабул қилдик, бизга Исломни ўргатиш учун саҳобаларингиздан бир гуруҳини юборинг». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръонни ўргатиш учун ўн нафар саҳобасини юбордилар. Бироқ кофирлар бу ўн кишига хиёнат қилиб, уларни ўлдириб юборишди. Фақат Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн ад-Дина исмли саҳобалар тирик қолишди. Кейинчалик Хубайб асирга тушди. Уни асир олганлар Бадр ғазотида Абу Ақабани ўлдирган киши айнан Хубайб эканлигини билишгач, уни ўғлининг қасосини олиши учун Абу Ақабанинг ўғлига сотиб юборишди. Абу Ақабанинг ўғли уни дарров ўлдирмади, балки тириклигича ёғоч устига осиб қўйди.
Хубайб ёғочда осилиб турганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Хубайбни ёғочдан тушириб келса, унга жаннат бўлсин», дедилар.
Зубайр: «Мен, эй Расулуллоҳ», деди. Миқдод: «Мен ҳам у билан бирга, эй Расулуллоҳ», деди.
Иккаласи Маккага йўл олишди. Улар Хубайбни ёғоч устида жон берган ҳолида топишди. Уни қирқ нафарча қурайшлик қўриқлаётган эди. Улар ғафлатда қолган пайтда Зубайр ва Миқдод ёғоч ёнига бориб, Хубайбни ечиб олишди ва олиб кетишди. Кофирлар уйғониб, Хубайбнинг йўқлигини кўришгач, изма-из қува бошлашди. Зубайр уларни кўриб, Хубайбнинг жасадини ерга қўйди. Бир вақт жасад ерга сингиб кетди (шунинг учун у «ер ютган» дея ном олди). Сўнгра Зубайр юзини очиб, яшириниш учун ўраган салласини ечди ва: «Мен Зубайр ибн Аввомман, онам Сафийя бинти Абдулмутталиб. Бу ҳамроҳим Миқдод. Истасангиз, ўзимизни кўрсатиб олишайлик (жанг қилайлик), истасангиз, қайтиб кетинглар», деди. Кофирлар қайтиб кетишни афзал кўришди. Зубайр ва Миқдод Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтишди ва у зот Хубайб эришган жаннат хушхабарини бердилар.
Шундай қилиб, Хубайб ўз жонини жаннат эвазига сотди. Оятнинг нозил бўлиш сабабини Абу Яҳё Суҳайб ибн Синон ар-Румийга нисбат берсак, «шараа» (сотиб олади) сўзи «сотиб олди» маъносини англатади. Агар Хубайбга нисбат берсак, «сотди» маъносини англатади. Демак, Қуръони Каримдаги бир лафз бир нечта ҳақиқатни ўз ичига олиши мумкин.
Хубайб ибн Адий ҳақида уни сотиб олган кишининг қизи (ўша отасининг қасоси учун сотиб олган қиз) шундай деган: «Аллоҳга қасамки, мен Хубайбнинг қўлида одам бошидек келадиган узум шингилини еб ўтирганини кўрдим. Аллоҳга қасамки, Макка шаҳри ичида бирорта боғ ҳам, узум ҳам йўқ эди. Бу шунчаки Аллоҳ у зотга ато этган ризқ эди».
Уни ўлдириш учун олиб чиқишганида: «Менга рухсат беринглар, икки ракат намоз ўқиб олай», деди. Намозини ўқиб бўлгач, одамларга қараб шундай деди: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимни кечиктириш учун намозни чўзяпти деб ўйламасаларинг, яна ўқиган бўлардим».
Ўлдирилишидан олдин эса: «Эй Аллоҳ, уларни санаб қўй (ҳамма қилмишларини ҳисобла), уларни пароканда қилиб ўлдир ва улардан бирортасини ҳам тирик қолдирма!» - дея дуо қилди.
Сўнгра қуйидаги шеърни айтди:

Мусулмон ҳолимда бўлсам ўлдирилган, 
Қай ёнбошда йиқилмайин, қолмайин армон. 
Аллоҳ йўлида бўлса вафотим агар, 
Илоҳий ризодир, бу — шараф, бу — шон.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ бандаларига ниҳоятда меҳрибондир», дейди. Хўш, бу оят билан юқоридаги қисса ўртасида қандай боғлиқлик бор? Аллоҳ бандаларига меҳрибон экан, нега бу каби қурбонликларни ҳамма мусулмон учун умумий қилмади? Чунки Аллоҳ барча мусулмонларнинг ўз жонидан кечишини истамайди. У зот динни етказиш ва даъватни кўтариб юрадиган инсонлар тирик қолишини ирода қилади. Бу каби воқеалар эса иймоний ҳақиқатнинг нечоғли содиқ эканини исботлаш учун юз берган ноёб ҳодисалардир.

Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий “Саҳоба ва солиҳлар қиссалари” китобидан