Қуръони карим
1-қисм
Қуръон ва суннат – ислом асосидир
Ислом Аллоҳнинг дини бўлиб, у билан охирги китобини нозил қилди, Ўз изни ила инсонларни у сабабли зулматлардан Азиз ва Ҳамид бўлган Зотнинг йўлига чиқариш учун охирги элчисини (пайғамбарини) юборди.
Ислом ҳукмлари бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват этган таълимотлар ва таклифлар мажмуаси бўлиб, уни Каломи ҳаким ва ҳадиси шарифлари орқали ўз умматларига етказдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги, нубувват, охират ва Аллоҳнинг зотига тааллуқли бўлган ғайб илмлари, У зотнинг буйруқ ва қайтариқлари, дин ва дунё ишларида мубоҳ этган нарсалари ҳақида тўлиқ хабар берганлар.
Шундай экан, ислом ҳукмлари фақатгина амалиёт ёки шариатга киритилган нарсаларни ўз ичига олмайди, яъни бу фиқҳ илмида ўрганиладиган муомала ёки ибодатлардангина иборат эмас. Шунингдек, тавҳид ёки калом илми баҳс юритадиган назарий ва эътиқодий жиҳатларнигина ёртимайди. Ёки тасаввуф ва ахлоқ илми шуғулланадиган руҳий ва хулқий жиҳатлар билангина кифояланиб қолмайди. Ислом бу барча нарсани тенг, мукаммал, ҳар томонлама ўз ичига олган ягона таълимотдир.
Қуръони карим ва суннати набавий камчиликлардан пок бўлган асосий масдар ҳисобланиб, бу иккисидан ислом ҳукмларининг барчаси олинади. Қуръон биринчи масдар, суннат иккинчи масдардир.
Нима учун ижмо ва қиёс ислом масадарлари таркибига киритилмаган?
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: нима учун ижмо ва қиёс шариат аҳкомларини билиш масдарлари таркибида зикр қилинмаган? Жавоб шуки, аввало, бу икки масдар Китоб ва суннат билан фаръий амалий ҳукмларга, яъни фиқҳ илмига нисбатан биргаликда зикр этилади. Ислом аҳкомлари борасидаги ҳадисларнинг барчаси эса фиқҳий ҳукмлар билан биргаликда ақоид, ахлоқ, тасаввуф, сулук каби илмларни ҳам қамраб олади. Булар икки асосий масдар – Қуръон ва суннатга суянади.
Иккинчидан, ижмо ва қиёснинг борлигига далил Қуръон ва суннатдан келтирилади, бу билан ижмо ва қиёснинг асл эмас, балки Қуръон ва суннатдан келиб чиққан ҳужжат экани собит бўлади. Бунинг маъноси шуки, истимдод ва истидлол (ҳукмларни чиқариш ва далил қилиб келтириш)даги асл масдар-манба бу Қуръон ва суннатдир.
Учинчидан, албатта, Китоб ва суннат иккиси қатъий бўлиб, хатолардан холидир, соғлом фикрли мусулмон бу иккисининг ҳужжат эканида ихтилоф қилмайди. Ижмо ва қиёс эса бундай эмас. Гарчи умматнинг аксар уламолари уларни масдар сифатида эътиборга олган бўлса-да, аммо айримлари бошқача фикр билдиришган.
Бу ерда ижмо ҳақида жуда кўп гаплар бор: ижмо қилиш мумкинлиги, воқе бўлиши, юзага келган пайтда уни билиш, унинг ҳужжат экани ва ҳоказо.
Шунингдек, қиёс, шартлари, ҳужжат экани, қабул қилиш шартлари, бу борада зоҳирийларнинг тортишувлари маълумдир.
Айни мана шулардан ислом аҳкомларини билиш масдарлари билинади, соддароқ айтганда, исломнинг олий қўлланмаси аниқланади.
Бу баъзи насронийларда бўлганидек, диний ва илмий жамланмалар ҳамда “муқаддас патриарх” жамланмалари ҳам, диний раҳнамонинг ўзигагина боғлиқ нарсалар мажмуи ҳам эмас. Шунингдек, бу бирор мактаб ёки мазҳаб, ёки оқим ҳам эмаски, эътиқод ва фикрда, фиқҳ ва амалий ишларда тарбия ва сулукда кўр-кўрона эргашилса.
Ислом тарихи ва маданиятига назар ташлайдиган бўлсак, ижмо ва қиёс исломни тушунишда ва унга амал қилишда хатолардан холи бўлмаган инсонларнинг ижтиҳоди эканини кўрасиз. Ундай ижтиҳодларнинг қабул қилинганлари ва рад этилганлари бўлади. Ким ижтиҳодда тўғри топган бўлса, унга иккита ажр, ким ижтиҳодда хато қилган бўлса, битта ажр берилади. Шоядки, бу ижтиҳод ўз аҳлидан, ўз ўрнида тўғри ният ила қилинган бўлса.
Исломнинг олий қўлланмаси хато-камчиликлардан холи бўлган икки илоҳий масдар – Қуръон ва суннат билан белгиланади. Биз иккисига эргашишга ва мабодо тортишиб қоладиган бўлсак, орамизда ҳукм чиқариш учун уларга мурожаат қилишга буюрилганмиз.
Агар хоҳласангиз, бундай айтишингиз ҳам мумкин: “Уларнинг иккиси битта масдар ёки битта қўлланма манба бўлиб, бу “илоҳий ваҳий”дир. Қуръон каби у очиқ-равшан, тиловат қилинадиган ваҳий бўладими ёки суннат каби тиловат қилинмайдиган тўғридан-тўғри, очиқ-равшан ваҳий бўлмайдими, иккиси бир ваҳий дейилади”.
Аммо Қуръоннинг тафсири ёки ҳадис шарҳи, ёхуд оят-ҳадислардан ҳукмлар чиқариб олиш орқали исломни тушуниш асосида қиладиган ишларимиз хато-камчиликлардан холи эмас. Ноаниқ ва тушунарсиз жиҳатларни очиш, йўлларни баён этиш, фикрни тўғри йўналтириш, ҳукмлар олиш ва ижтиҳод қилишдаги мўлжални тўғри олишда юқоридагилар жуда муҳим ҳисобланади. Шундагина қадамлар тойилмайди, фаҳмлар адашмайди.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади