26.11.2025

ИСТИҒФОРНИНГ ФАЗЛИ ВА БАНДА ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ

Истиғфор Аллоҳ таолодан мағфират сўрашдир. Мўмин киши «Астағфируллоҳ» деб айтганда, «Парвардигор, гуноҳларимни кечир» деб илтижо қилади. Бу зикр орқали инсон нафақат гуноҳларидан покланади, балки қалби юмшайди, руҳи енгиллашади, ҳаётида барака пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло ҳар қандай гуноҳни тавба ва истиғфор билан кечиради. Шунинг учун катта ёки кичик гуноҳ содир бўлган заҳоти уни кечиктирмай, истиғфор айтиш керак. Ҳатто гуноҳ сезилмаган ҳолатда ҳам истиғфорни кўпайтириш мўминнинг одати бўлиши лозим. Чунки инсоннинг камчилиги битмас, Аллоҳнинг раҳмати эса чексиз.
Буни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам амалда кўрсатганлар. У зот гуноҳлардан ҳимоя қилинган, пок ва маъсум бўлсалар ҳам, бир кунда етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтганлар. Бу ўта катта тарбия ва улкан дарсдир: истиғфор – пайғамбар одати.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради», дедилар». (Абу Довуд ривояти)
Бу ҳадис истиғфорнинг ҳаётда қандай буюк кучга эга эканини очиқ кўрсатади. Инсон қалби тор бўлса, у истиғфор билан кенгаяди. Ғам босса, истиғфор уни енгил қилади. Ризқ қисқайгандай туюлса, истиғфор эшикларни очади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор

اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لّا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ، وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، وأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ بِذَنْبِي فَاغْفِرلِي فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ
“Аллоҳумма анта роббий лаа илааҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри маа сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради”, дедилар.

Маъноси: "Аллоҳим! Сен парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени Сен яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди."
Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадис Саййидул истиғфорнинг қанчалар улуғ дуо эканини англатади. Унда банда ўзини тўлиқ Аллоҳга топширади, неъматларни тан олади, гуноҳини эътироф қилади ва мағфират сўрайди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:
«Истиғфор айтган бандани Аллоҳ азоблайди деб ўйламайман».
У кишидан «Нега шундай дейсиз?» деб сўрашганда, шундай жавоб бердилар:
«Аллоҳ бир бандасига истиғфорни ўргатиб, унга илҳом қилар экан, уни яна қандай азобласин?»
Бу сўзлар истиғфорнинг банданинг ҳаётидаги эҳтимоми ва Аллоҳнинг раҳматига ишончни янада мустаҳкамлайди.
Истиғфор мўминнинг ҳар куни, ҳар дамдаги қалб озиғидир. У гуноҳларни ювиб, қалбни енгил қилади. Умидни оширади, ризқни кенгайтиради, Аллоҳнинг раҳматига яқинлаштиради. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундан иборат бўлган экан, бизнинг ҳаётимизда бу зикрга қанча зарурат борлиги янада равшан бўлади.
Аллоҳ ҳар биримизга истиғфорни кўпайтиришни ва унинг баракасини ҳис қилишни насиб этсин.

Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби,
Болои Ҳовуз масжиди имом хатиби