РАМАЗОННИНГ ҲАҚИҚИЙ МОҲИЯТИ
Рўза — солиҳларнинг одати ва диннинг рукнларидан биридир. Аллоҳ таоло уни аввалги умматларга фарз қилганидек, мўмин бандаларига ҳам фарз қилди.
Аллоҳ таоло айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُتِبَ عَلَيۡكُمُ ٱلصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.” (Бақара сураси, 183-оят).
Яна айтади: “Рамазон ойики, унда инсонлар учун ҳидоят ҳамда ҳидоят ва фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин...” (Бақара сураси, 185-оят).
Рамазон рўзаси Ислом арконларидан биридир. Ҳар гал бу ой яқинлашганда, одамлар ундаги неъматлар, хайр-баракалар ва тақво сабабли бутун йил Рамазон бўлишини орзу қиладилар.
Рўзанинг даражалари
Айтилганки, рўза уч даражадан иборат:
1. Омматан (умумий) рўза: Қорин ва фаржни шаҳватлардан тийиш.
2. Хос (хусусий) рўза: Қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийиш.
3. Хосул хос (энг юқори даражадаги) рўза: Қалбни паст орзу-ҳаваслардан тийиш ва уни бутунлай Аллоҳдан бошқа нарсалардан узиб, фақат Унга боғлаш.
Шунинг учун ҳам бу ой мўминларнинг иймони зиёда бўлиши ва “шояд тақво қилсангиз” оятидаги мақомга етишишлари учун берилган илоҳий раҳматдир.
Ҳақиқий рўза — фақат оч қолиш эмас
Шундай экан, кимки рўза тутиб, амалларида Аллоҳга ихлос қилмаса, гуноҳлардан тийилмаса, унинг рўзасидан насибаси фақат очлик ва сувсизлик, кечаги ибодатидан насибаси эса фақат уйқусизлик бўлиб қолади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Шундай рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга насиба йўқдир. Шундай тунги намоз ўқувчилар борки, уларга намози учун уйқусизликдан ўзга насиба йўқдир” (Ибн Можа ривояти).
Шу боисдан, Аллоҳга таваккал қилиб ва Унинг ҳидоятига суяниб, ушбу мақолани тақдим қилдим. Токи одамлар рўза — фақат ейиш-ичишдан тийилиш эмас, балки Исломга ҳар бир сўз ва амалда амал қилиш, фарзларни адо этиш, ихлос билан солиҳ амаллар қилиш эканини билсинлар. Солиҳларнинг рўзаси инсонни эзгуликка ундаши, Аллоҳнинг тўғри йўлида содиқлик ва собитқадамлик билан ҳаракат қилишга сабаб бўлиши лозим. Ана шундагина диннинг иззати қайтади ва Аллоҳнинг калимаси юксалади.
Ибодатлар шунчаки бир оғир юкдек, одамлар мажбурликдан ёки маломатдан қўрқиб тезроқ қутулишга ҳаракат қиладиган «расмиятчилик» эмас. Аллоҳ бандаларидан бундай совуқ муносабатни асло қабул қилмайди. Рўза, намоз, каби барча ибодатлар ихлос, иймон, эргашиш ва муҳаббат асосида, мукаммал тавҳид доирасида бўлиши шарт:
وَمَآ أُمِرُوٓاْ إِلَّا لِيَعۡبُدُواْ ٱللَّهَ مُخۡلِصِينَ لَهُ ٱلدِّينَ حُنَفَآءَ وَيُقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُواْ ٱلزَّكَوٰةَۚ وَذَٰلِكَ دِينُ ٱلۡقَيِّمَةِ
“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир.” (Баййина сураси, 5-оят)
Солиҳларнинг рўзаси бошқаларникидан фарқ қилади. Улар жаннатга талпинувчи, хайр-эҳсонга шошилувчи қавмдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Рамазон ойининг илк кечаси бўлганда шайтонлар ва ашаддий жинлар занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади ва бирор эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари очилади ва бирор эшиги ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, қараб тур куч тўпла (кел)! Эй ёмонлик истовчи, тийил!” деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор ва бу (Рамазоннинг) ҳар кечасидадир” (Саҳиҳут Тарғиб ва тарҳиб).
Аллоҳим, бизни ҳам дўзахдан озод бўлган бандаларингдан қил, бизни солиҳ ва аброр бандаларинг қаторига қўш.
Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи шунчаки тақвимдаги бир ой эмас, балки мўмин киши учун руҳий янгиланиш ва иймонни сайқаллаш фурсатидир. Ҳақиқий рўзадор нафақат таомдан, балки гуноҳлардан, ёлғондан ва қалбни хира қилувчи иллатлардан ҳам тийилади. Ибодатларимизни одатга эмас, балки Аллоҳга яқинлаштирувчи воситага айлантирайлик. Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни “хосул хос” даражасида қабул айлаб, барчамизни жаннатнинг “Райён” дарвозасидан кирувчи саодатманд бандаларидан қилсин.
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассаси матбуот котиби
БухДУ исломшунослик йўналиши магистранти
УЗ
РУ
EN
العربية