САҲИҲ ҲАДИС БОР ЭКАН МАЗҲАБГА ЭҲТИЁЖ ЙЎҚМИ
Ҳанафий мазҳабининг ҳадисга муносабати
Бугунги кунда айрим кишилар: «Саҳиҳ ҳадис бор экан, мазҳабга нима ҳожат?» ёки «Биз мазҳабга эмас, Қуръон ва ҳадисга амал қиламиз», демоқдалар. Бу гап ташқи кўринишда тўғридек туюлади. Албатта, ҳар бир мусулмон Қуръон ва суннатга амал қилиши керак. Аммо Қуръон ва ҳадислардан ҳукм чиқариш чуқур илм ва аниқ қоидаларни талаб қилади.
Мазҳаб Қуръон ва ҳадисдан ажралган йўл эмас. Мазҳаб - Қуръон ва суннатдаги ҳукмларни илмий қоидалар асосида тушуниш усулидир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳукмларни ўз фикрларига кўра чиқармаганлар. У зот Қуръони карим, ҳадислар, саҳобаларнинг фатволари ва шариат қоидаларига асосланиб ижтиҳод қилганлар.
Бир ҳадиснинг саҳиҳ эканини билишнинг ўзи ундан ҳукм чиқариш учун етарли эмас. Ҳадис қайси вазиятда айтилгани, ҳукми умумий ёки муайян ҳолатга хослиги, бошқа оят ва ҳадислар билан қандай боғлиқлиги, ҳукми кейинчалик бекор қилинган-қилинмагани ва саҳобалар уни қандай тушунганлари ҳам ўрганилади. Бу ишни ҳадис, фиқҳ ва усул илмларини пухта эгаллаган мужтаҳид олимлар бажарадилар.
Масалан, тиббиёт китобини ўқиган одам дарҳол шифокор бўлиб қолмайди. Худди шунингдек, интернетдан битта ҳадис таржимасини топган киши ҳам шаръий ҳукм чиқариш даражасига етиб қолмайди. У кўрган ҳадис мазҳаб имомларига ҳам маълум бўлган, лекин бошқа далил ёки илмий сабаб туфайли ундан бошқача ҳукм чиқарилган бўлиши мумкин.
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
«Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» (Наҳл сураси, 43-оят).
Бу оят билмаган киши илм аҳлига мурожаат қилишини кўрсатади. Оддий мусулмоннинг Ҳанафий мазҳабига амал қилиши Имом Абу Ҳанифанинг сўзини Қуръон ва ҳадисдан устун қўйиш эмас. Балки Қуръон ва суннатни чуқур билган буюк мужтаҳиднинг илмий хулосасига ишонишдир.
Ҳанафий мазҳабини ҳадисга амал қилмайди, деб айтиш тарихий ҳақиқатга ҳам зид. Имом Муҳаммад Шайбонийнинг «Китобул осор» асарида ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеинларнинг кўплаб ривоятлари жамланган. Имом Абу Жаъфар Таҳовий эса «Шарҳу маъонил осор» асарида Ҳанафий мазҳабининг ҳадисий далилларини кенг баён қилган. Бу асарлар Ҳанафий фиқҳи ҳадис ва саҳобалар меросига таянганини очиқ кўрсатади.
Мазҳаб имомларининг айрим ҳукмларда фарқли хулосага келишлари ҳадисни рад этганликларини англатмайди. Фарқ ҳадиснинг саҳиҳлигини баҳолаш, маъносини тушуниш ёки бир нечта далил орасидан кучлироғини танлашдаги илмий ижтиҳод сабабли юзага келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳод қилган қози тўғри ҳукм чиқарса икки ажр, барча имкониятини ишга солиб хато қилса бир ажр олишини баён қилганлар (Саҳиҳул Бухорий, 7352; Саҳиҳ Муслим, 1716).
Хулоса. «Саҳиҳ ҳадис бор экан, мазҳабга эҳтиёж йўқ», деган фикр масалани ҳаддан ташқари соддалаштиришдир. Ҳанафий мазҳаби ҳадисга қарши эмас, балки Қуръон ва суннатни илмий қоидалар асосида тушуниш йўлидир. Шунинг учун битта ҳадис таржимасига қараб мазҳаб имомларини айблашдан сақланиш, тушунилмаган масалаларни ишончли уламолардан сўраш ва мусулмонлар орасида ихтилоф чиқарадиган баҳслардан узоқ туриш лозим.
Бекзод Қодиров,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси
УЗ
РУ
EN
العربية