ИЛМ-ИРФОН ТАРҚАТИШ, ЁШЛАРГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШ — УЛУҒ ФАЗИЛАТ
Ёш авлоднинг билимли, одобли ва етук инсон бўлиб камол топишида устоз ва мураббийларнинг хизмати беқиёс. Устознинг берган билими, айтган насиҳати, ҳатто бир оғиз илиқ сўзи шогирднинг бутун ҳаёти давомида унга йўлдош бўлиб қолиши мумкин. Кўпчилигимиз ўз ҳаётимизда ана шундай бир устозни миннатдорлик билан эслаймиз.
Динимизда илм ва маърифатга алоҳида эътибор берилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти «Иқро» — «Ўқинг!» амри билан бошланади (Алақ сураси, 1-оят). Ваҳийнинг айнан шу сўз билан очилиши илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар юксак эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм ато этилганларни даражаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят). Яна бир оятда: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?» дейилади (Зумар сураси, 9-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қолдирганлар», деганлар (Абу Довуд, Термизий ривояти). Демак, пайғамбарлардан қолган энг буюк мерос мол-дунё эмас, илм ва маърифатдир.
Илмни бошқаларга етказишнинг фазилати ҳақида ҳам ҳадислар кўп. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтади», деганлар (Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда инсон вафот этгач, амали узилиши, фақат уч нарса — садақаи жория, манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд савоби давом этиши айтилган (Муслим ривояти). Шогирдига билим берган устознинг савоби ана шу тарзда унинг ўзидан кейин ҳам давом этаверади.
Айниқса, ёшларга таълим-тарбия бериш келажакка хизмат қилиш демакдир. Бугунги ёш эртага шифокор, муҳандис, ўқитувчи, раҳбар бўлиб жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритади. Унинг билими ва дунёқараши қандай бўлса, жамиятнинг эртанги қиёфаси ҳам шунга яраша бўлади.
Бу борада таълим билан тарбияни бир-биридан ажратмаслик муҳим. Билим инсонга имконият беради, тарбия эса ундан қандай фойдаланишни ўргатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз рисолатларининг мақсадини: «Мен гўзал ахлоқни мукаммал қилиш учун юборилдим», деб баён қилганлар (Имом Аҳмад, Бухорий «ал-Адаб ал-муфрад»да ривоят қилган). Одобсиз билим эгасига ҳам, жамиятга ҳам наф бермаслигини ҳаёт кўп бора исботлаган.
Қуръони карим омонатни эгасига топширишга ва одамлар орасида адолат билан иш тутишга буюради (Нисо сураси, 58-оят). Омонатдорлик, ваъдага вафо, ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмаслик каби фазилатларни ёшлар қалбига сингдириш устозларнинг энг масъулиятли вазифаларидан биридир.
Шунингдек, ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда ҳам устозларнинг ўрни катта. Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаш, бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш, масъулият билан яшаш кўникмаси ҳам аввало оила ва таълим даргоҳида шаклланади.
Илмга ва устозга бўлган ҳурмат юртимизда қонун даражасида ҳам мустаҳкамланган. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган бўлса, 52-моддасида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши қайд этилди. Ўқитувчи мақомига Асосий қонунда алоҳида модда ажратилиши бу касбнинг жамиятдаги ўрни расман тан олинганини билдиради.
Конституциянинг 79-моддасида эса давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши учун шарт-шароит яратиши белгиланган. Эътиборли жиҳати, қонунда ахлоқий камолот билим билан бир қаторда тилга олинган.
2024 йилда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани мустаҳкамланди. Шу билан бирга, қонун педагогнинг ўзига ҳам шогирдлари ва таълим жараёнидаги барча иштирокчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбуриятини юклайди. Демак, устозлик нафақат шараф, балки катта масъулият ҳамдир.
Устознинг меҳнати ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди. Аммо унинг самараси шогирднинг ютуғида, одобида, касбий фаолиятида ва жамиятга келтираётган нафида намоён бўлади. Ҳадиси шарифда айтилганидек: «Ким бир яхшиликка йўл кўрсатса, унга ўша яхшиликни қилганнинг ажрича ажр бўлади» (Муслим ривояти).
Шундай экан, илм бериш — бир инсонга, таълим-тарбия бериш эса бутун жамият келажагига хизмат қилишдир. Устоз шогирдига фақат билим бермайди, балки унинг қалбига келажак учун масъулият туйғусини ҳам сингдиради.
Муҳаммад Ачилов,
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги ҳуқуқшуноси
УЗ
РУ
EN
العربية