ЕР ЮЗИНИ ОБОД ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ
Аллоҳ таоло инсонни ер юзига беҳуда яратмади. Уни ер юзида Ўзининг халифаси қилди, унга ерни бўйсундириб берди ва уни обод қилишни вазифа этиб топширди. Бу – улкан шараф ва шу билан бирга оғир масъулиятдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Ва (эй Муҳаммад,) Роббингиз фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилувчиман», деган вақтини эсланг” («Бақара» сураси, 30-оят).
Халифа – бировнинг ишини унинг номидан, унинг хоҳиши ва қоидалари асосида юритувчи кишидир. Демак, инсон ер юзида ўзбошимчалик қилувчи эгаси эмас, балки омонатдорга ўхшаган вакилдир. Ер ҳам, сув ҳам, ҳаво ҳам, дарахт ҳам – барчаси Аллоҳнинг мулки бўлиб, бизга синов ва омонат тарзида берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақиқатни шундай баён қилганлар:
إِنَّ الدُّنْيَا حُلْوَةٌ خَضِرَةٌ، وَإِنَّ اللَّهَ مُسْتَخْلِفُكُمْ فِيهَا، فَيَنْظُرُ كَيْفَ تَعْمَلُونَ
“Албатта, дунё ширин ва кўм-кўкдир. Аллоҳ сизларни унда халифа қилади-да, қандай амал қилишингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмига қилган даъватини келтириб, инсоннинг ердаги вазифасини очиқ айтади:
“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди.” («Ҳуд» сураси, 61-оят).
Муфассир Абул Баракот Насафий Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвилда «истаъмаракум» сўзини “сизларга уни обод қилишни буюрди” маъносида тушунтирадилар. Яъни ерни обод қилиш фақат мубоҳ иш эмас, Аллоҳнинг инсонга юклаган вазифасидир. Бу вазифа экин экиш, боғ яратиш, сув чиқариш, уй-жой ва йўл қуриш, шаҳар ва қишлоқларни пок тутиш, умуман, ер юзини инсон ва бошқа жонзотлар яшаши учун қулай қилишни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:
“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир.” (Мулк сураси, 15-оят).
Оят ризқни ердан топиш, меҳнат қилиш ва ҳаракат қилишга чорлайди. Охирида “қайта тирилиш Унгадир” дейилиши эса бу неъматлар учун ҳисоб-китоб бўлишини эслатади.
Ислом дунёни обод қилишга шу даражада аҳамият берганки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатлари яқинлашган паллада ҳам яхшилик қилишни тарк этмасликка чақирганлар:
“Агар қиёмат қоим бўлаётган бўлса-ю, сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қиёмат қоим бўлгунича уни эка олса, экиб қўйсин” (Имом Аҳмад ва Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад”ида ривоят қилинган).
Бу ҳадис мўминда умидсизликка ўрин йўқлигини, охират учун ҳам, дунё учун ҳам амал қилиш кераклигини ўргатади. Ҳатто, ҳосилини ўзи кўрмайдиган бўлса ҳам, эккан дарахти учун савоб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар:
“Қайси бир мусулмон бир дарахт эксаю, ёки экин экса, ундан қуш ё инсон ё ҳайвон еса, албатта, бу унинг учун садақа бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир кўчатнинг соясида дам олган йўловчи, мевасидан татиган бола, шохида ин қурган қуш – барчаси эгаси учун садақа ёзилишига сабабдир. Одам ўлиб кетса ҳам, унинг экканидан фойдаланаётганлар борича, савоби давом этади. Кўчат эккан киши нафақат ўзи, балки авлодлари учун ҳам яхшилик қолдирган бўлади.
Ер юзини обод қилиш фақат бунёдкорлик эмас, унга зарар етказмасликни ҳам ўз ичига олади. Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:
“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг” (Аъроф сураси, 56-оят).
Бугунги экологик муаммолар – сувнинг камайиши, ҳавонинг ифлосланиши, ерларнинг шўрлаши, дарахтларнинг беаёв кесилиши – аслида Қуръон хабар берган ҳақиқатнинг акс-садосидир:
“Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки улар қайтсалар.” (“Рум” сураси, 41-оят).
Минтақамиз Орол денгизи фожиасини бевосита кўрди. Бу ҳолат инсон ўз қўли билан табиат мувозанатини бузганда қандай оқибатлар юз бериши, аксинча, ҳар бир кичик яхшилик қанчалик қимматли эканини ҳам англатади. Шу боис мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ишларининг кенг йўлга қўйилиши шаръий мақсадларимизга ҳам мос келади.
Ислом зарар етказишни қатъий қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ
“Зарар кўриш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадис фиқҳнинг асосий қоидаларидан бирига айланган. Шунингдек, сув манбалари, йўллар ва одамлар дам оладиган соя жойларни ифлослантиришдан ҳам қайтарилган:
اتَّقُوا الْمَلَاعِنَ الثَّلَاثَةَ: الْبَرَازَ فِي الْمَوَارِدِ، وَقَارِعَةِ الطَّرِيقِ، وَالظِّلِّ
“Уч лаънатга сабаб бўладиган ишдан сақланинглар: “сув манбаларида, йўл ўртасида ва соя (одамлар дам оладиган жой)да ҳожат қилишдан” (Имом Абу Довуд ривояти).
Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш жаннатга йўл эканлигига ишора қилинган:
“Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг”, дедим. “Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар”.
Демак, кўчамизни, маҳалламизни, ҳовлимизни тоза тутиш ҳам имон амалидир. Чиқитни ўз ўрнига ташлаш ҳам, экинни сувни исроф қилмай суғориш ҳам савобли ишдир. Аллоҳ таоло исрофдан қайтариб, шундай дейди:
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Ер юзи фақат инсон учун эмас. Унда ҳайвонлар, қушлар, ўсимликлар ҳам Аллоҳнинг махлуқотидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташналик азобини чекаётган итга сув бериб, гуноҳи кечирилган кишининг воқеасини айтиб бердилар ва шундай дедилар: “Ҳар бир жонли (нам жигарли) мавжудотга қилинган яхшиликда ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис ҳайвонларга меҳрибон бўлишни ҳам обод қилишнинг таркибий қисми эканини кўрсатади.
Ер юзини обод қилиш фақат давлат ва мутасаддилар иши эмас. Ҳар бир мусулмон бунга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Биринчидан, ҳовлимиз ва маҳалламизга кўчат экайлик. Ҳар бир оила камида бир туп мевали ёки соя берувчи дарахт экиб, уни парваришласин. Фарзандларимизни бу ишга жалб қилайлик, чунки болаликда экилган дарахт уларнинг қалбида табиатга меҳр уйғотади.
Иккинчидан, сувни тежайлик. Сув Аллоҳнинг энг буюк неъматларидан бири бўлиб, юртимизда у тобора қадрли бўлиб бормоқда. Ювиниш, ичиш, суғоришда исрофга йўл қўймайлик.
Учинчидан, атрофимизни тоза тутайлик. Ариқ, канал, йўл, боғ ва масжид атрофини ифлос қилмайлик, бошқалар ифлос қилса, бепарво бўлмай, одоб билан эслатайлик.
Тўртинчидан, ерни ишлатайлик, бекор ташламайлик. Томорқамиз, боғимиз, қўшнимизнинг ташландиқ ери – барчаси фойдали экинга айланиши мумкин. Ерни ҳалол меҳнат билан обод қилган киши ризқ топиб, бошқаларга ҳам фойда етказади.
Бешинчидан, табиатга меҳрибон бўлайлик. Дарахтни асоссиз кесмайлик, ҳайвонларга озор бермайлик, қушларга дон-сув қўйиб беришни одат қилайлик.
Саҳобаи киромнинг бу борадаги ибратларидан: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу лашкарни Шомга жўнатаркан, ҳатто уруш пайтида ҳам мевали дарахтни кесмасликни, обод жойларни вайрон қилмасликни васият қилгани исломнинг ободончиликка қанчалик аҳамият берганини кўрсатади.
Ер юзини обод қилиш – Аллоҳ таоло инсонга юклаган инсонийлик вазифасининг мазмунидир. Бу экин экиш ва дарахт ўтқазишдан тортиб, сув ва ҳавони асрашгача, йўл ва маҳаллани тоза тутишдан ҳайвонларга меҳрибон бўлишгача кенг маънони қамраб олади. Мўмин ер юзини вайрон қилувчи эмас, обод қилувчи, фасод келтирувчи эмас, ислоҳ қилувчи бўлиши лозим. У эккан ҳар бир кўчат, тозалаган ҳар бир кўча, асраган ҳар томчи сув – унинг учун садақа ва охиратга захирадир.
Аллоҳ таоло бизни ер юзини обод қилувчи, унинг неъматларига шукр қилувчи ва уни келгуси авлодларга пок ҳолда топширувчи солиҳ бандалардан қилсин. Юртимизни обод, сувимизни мўл, ерларимизни баракали айласин. Омин!
Дилшод Алиев,
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби
УЗ
РУ
EN
العربية