03.10.2026

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

Инсон дунёга келганида ўзини икки зотнинг бағрида топади. Она уни тўққиз ой кўтариб юрди, оғриқ билан дунёга келтирди, тунларини бедор ўтказди. Ота эса унинг рўзғори ва тарбияси учун меҳнат қилди. Шу боис Ислом ота-она ҳақини Аллоҳ таоло ҳақидан кейинги энг улуғ ҳақ даражасига қўйди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (“Исро” сураси, 23-оят).
Оятда ота-она ҳақи Аллоҳга ибодат қилиш амрининг ортидан дарҳол зикр қилинган.  Муфассир Абул Баракот Насафий “уф” сўзини малол ва ранжишни билдирувчи энг енгил ифода деб изоҳлайдилар. Демак, ота-онага энг кичик нолиш ҳам ман этилган бўлса, ундан оғирроқ муомала, албатта, ҳаромдир. Аллоҳ таоло яна шундай дейди:
“Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир”. (“Луқмон” сураси, 14-оят). Бу ерда Аллоҳга шукр билан ота-онага шукр ёнма-ён келган, неъмат Берувчига шукр қилиш Унинг неъматига восита бўлган зотларга шукр қилишдан ажралмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшиликни энг севимли амаллардан деб атадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал Аллоҳга севимлироқ?” деб сўрадим”. У зот: “Намозни ўз вақтида ўқиш”, дедилар. “Сўнг қайси?” дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Она ҳақи алоҳида таъкидланган. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, кимга чиройли муомала қилишим ҳаммадан лойиқроқ?” деганда, У зот: “Онанг, сўнг онанг, сўнг онанг, сўнг отанг”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ота-онанинг қарилик чоғини топиб, уларга хизмат қилиб жаннатга эга бўла олмаган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бор “Бурни ерга ишқалсин!” деб, унинг ҳолидан афсусландилар (Имом Муслим ривояти). Ота-онага оқ бўлиш эса энг катта гуноҳлар қаторида келган: “Сизларга энг катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми? Аллоҳга шерик келтириш ва ота-онага оқ бўлиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис оқ бўлган кишини тавба ва ислоҳга шошилтириш учун оғир огоҳлантиришдир.
Ота-онага яхшилик фақат пул билан эмас, чиройли сўз, хизмат, итоат ва дуо билан ҳам адо этилади. Ҳанафий фуқаҳолар муҳтож ота-онанинг нафақаси фарзанд зиммасида эканини қайд этганлар. Итоат эса яхши ва мубоҳ ишларда вожибдир, гуноҳга буюрсалар, итоат қилинмайди, лекин бундай ҳолда ҳам улар билан чиройли муомала қилиш давом этади. Аллоҳ таоло шундай дейди:  
“Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш.” (“Луқмон” сураси, 15-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Итоат фақат яхши ишдадир”, деганлар.
Ота-онага яхшиликнинг самараси қийинчиликда намоён бўлади. Ғорга қамалиб қолган уч киши ҳақидаги ҳадисда улардан бири ота-онасига қилган хизматини васила қилганини эслайсиз. У тунда ота-онасига сут келтирган, улар ухлаб қолгани учун уйғотишни ёқтирмай, идишни қўлида тутганча тонггача кутиб турган, бола-чақаси эса оёғи остида очликдан йиғлаган. Шу амали сабабли Аллоҳ таоло харсангни суриб, уларга йўл очди (Имом Бухорий ривояти).
Ота-она вафот этгач ҳам яхшилик узилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этса, амали узилади, фақат уч нарса бундан мустасно: давомли садақа, фойда берувчи илм ва унга дуо қилувчи солиҳ фарзанд”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Шунингдек, у зот ота-онанинг дўстлари билан алоқани давом эттиришни яхшиликнинг энг яхшиларидан деб атадилар.
Бугун бу ҳақларни унутиш хавфи кучайган. Иш ва ташвишлар орасида ота-онанинг ҳолидан хабар олмаймиз, узоқ юртларда юрган муҳожир фарзанд ота-онанинг соғинчини қўнғироқ билан ҳам босмайди. Айрим оилаларда келин-қайнона можаролари сабабли ота-она эътибордан четда қолади, баъзилар ижтимоий тармоқларда уларнинг қарашларини масхара қилади. Ҳолбуки, Қуръон “уф” дейишни ҳам ман қилган. Ота-она кексайганда фарзанд меҳрига энг муҳтож бўлади. Эр хотинининг ҳақини адо этиши билан бирга ота-онаси ҳақини ҳам унутмаслиги, хотин эса эрининг ота-онасини ўз ота-онасидек ҳурмат қилиши оилага барака олиб киради. Бугун биз ота-онамизга қандай муносабатда бўлсак, эртага фарзандларимиз бизга шундай муносабатда бўладилар.
Ота-онасининг дилини оғритган киши тавбадан умидини узмасин. У ота-онасидан кечирим сўраб, розилигини олсин. Улар вафот этган бўлса, кўп дуо қилсин, садақа берсин, қарзларини тўласин, васиятларини бажарсин.
Хулоса қилиб айтганда, ота-онага яхшилик  Аллоҳ амр этган улуғ ибодат, жаннат эшигини очувчи калит ва икки дунё саодатининг пойдевори. Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасининг ҳаққини адо этувчи ва дуосини олувчи бандалардан қилсин. Вафот этган ота-оналаримизни мағфират қилиб, жойларини жаннатда қилсин. Оилаларимизга тинчлик ва барака, фарзандларимизга солиҳлик ато этсин! Юртимиз осмонини мусаффо, халқимизни тинч ва фаровон қилсин. Омин.

Қаҳҳоров Исмоил,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси талабаси