29.09.2026

ИЛМ ОМОНАТ

Инсон бу дунёда ўзига берилган ҳар бир неъмат учун масъулдир. Мол-дунё, соғлиқ, вақт, мансаб, фарзанд – буларнинг барчаси бандага вақтинча топширилган омонатлардир. Аммо бу омонатлар орасида шундай бир неъмат борки, унинг қадри ҳам, масъулияти ҳам бошқаларидан баландроқдир. У ҳам бўлса – илм. Чунки мол-дунёга хиёнат қилинса, битта одамнинг ҳаққи поймол бўлади, илмга хиёнат қилинса, бутун бир жамиятнинг дини, ақидаси ва ҳаёт йўли издан чиқади.
Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади:
“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир” (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бу оятдаги омонат ҳақида муфассирлар жумҳурининг сўзини шундай хулосалайди: “Омонат диннинг барча вазифаларини ўз ичига олади”. Диннинг вазифалари эса илмсиз адо этилмайди. Демак, илм – омонатларнинг калити ва асосидир.
“Омонат" сўзи арабча “амн”  хотиржамлик, ишонч ўзагидан олинган. Омонат, бир кишига ишониб топширилган нарса бўлиб, уни ҳаққи билан сақлаш ва ўз эгасига, ўз ўрнига тўлиқ етказиш вожибдир. Илмнинг омонат бўлишининг сири шундаки, унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Банданинг билими – Аллоҳнинг билдирганидир: “Сизларга озгина илмдан бошқа нарса берилмади” (Исро сураси, 85-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир», деганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ворис эса мерос олган нарсасини ўзбошимчалик билан ўзгартира олмайди, уни сақлашга ва келажак авлодга бус-бутун етказишга масъулдир. Шу маънода ҳар бир олим, ҳар бир имом-хатиб, ҳар бир устоз ва ҳар бир толиби илм нубувват меросининг омонатдоридир.
Аллоҳ таоло аҳли илмдан қатъий аҳд-паймон олганини хабар беради:
“Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон!”(Оли Имрон сураси, 187-оят).
Имом Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида тобеъинларнинг машҳур муфассири Қатода раҳимаҳуллоҳдан ушбу оят ҳақида қуйидаги сўзни ривоят қилади:  “Бу – Аллоҳ аҳли илмдан олган аҳддир. Ким бирор нарсани билса, уни ўргатсин. Илмни яширишдан сақланинг, чунки илмни яшириш ҳалокатдир”. Қатода давом этиб, яна бир нозик ташбеҳни келтирадилар: “Айтилмайдиган илм – инфоқ қилинмайдиган хазинага ўхшайди. Чиқарилмайдиган ҳикмат эса емайдиган ва ичмайдиган тик турган бутга ўхшайди”. Шунингдек, у: “Сўзловчи олимга ва англовчи тингловчига тубо (жаннат) бўлсин!”  деган.
Бақара сурасининг 159-оятида эса Аллоҳ таоло нозил қилган очиқ ҳужжат ва ҳидоятни одамларга баён қилингандан кейин яширганларни Аллоҳ ҳам, лаънат айтувчилар ҳам лаънатлашини хабар беради. Бу – илм омонатига хиёнатнинг нақадар оғир гуноҳ эканига очиқ далилдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Кимдан бирор илм сўралса-ю, у уни яширса, қиёмат куни унга оловдан юган урилади” (Абдуллоҳ ибн Муборак, “Аз-Зуҳд”). Бу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган бўлиб, Имом Термизий уни “ҳасан” деган ва Ибн Можа “Сунан”ининг муқаддимасида “Илмдан сўралиб, уни яширган киши” бобида келтирган. Эътибор беринг тил билан яширилган илмнинг жазоси – оғизга урилган юган. Жазо гуноҳ жинсидан бўлди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат қачон бўлишини сўради. У зот: “Омонат зое қилинса, қиёматни кутавер”, дедилар. У: “Уни зое қилиш қандай бўлади?” деб сўради. У зот: “Иш ноаҳлига топширилса, қиёматни кутавер”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ўз “Саҳиҳ”ининг айнан “Илм китоби”да келтирган. Бу эса омонатни зое қилишнинг энг хатарли кўриниши илм ва дин ишларини ноаҳлга топшириш эканига ишорадир. 
Имом Табароний “Ал-Муъжамул-кабир”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай марфуъ ривоятни келтиради: “Илмда бир-бирингизга насиҳат қилинг. Чунки бирортангизнинг илмидаги хиёнати молидаги хиёнатидан кўра оғирроқдир. Аллоҳ қиёмат куни сиздан бу ҳақда сўрайди”. Муҳаддислар бу ривоятнинг санадини заиф деб ҳисоблаганлар, бироқ унинг маъноси юқоридаги оят ва саҳиҳ ҳадислар билан тасдиқланади.
Уламоларимиз сўзларидан илм омонатини адо этишнинг бир қанча жиҳатлари келиб чиқади:
Биринчи – илмни ишончли манбадан олиш. Тобеъинларнинг улуғларидан Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтган: “Албатта, бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг” (Имом Муслим “Саҳиҳ” муқаддимасида ривоят қилган). Бу сўзни Имом Молик ҳам такрорлаб, “Мана шу масжидда етмиш кишини учратдим, лекин улардан ҳадис олмадим, чунки улар бу ишнинг аҳли эмас эди”, деган (Байҳақий, “Ал-Мадхал”). Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлардаги номаълум манбалардан дин ўрганиш – айнан шу омонатга бепарволикдир.
Иккинчи – илмни бузмасдан, ўзгартирмасдан етказиш ва сўзни эгасига нисбат бериш. Имом Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ бир фикрни келтиргач, ёзади: “Уни эгасига нисбат бердим. Чунки айтилади: “Бирор сўзни ўз эгасига нисбат беришинг илмнинг баракасидандир” (“Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи”). Бугун “плагиат” деб аталаётган ўзганинг меҳнатини ўзиники қилиб кўрсатиш одатидан сақланиш ҳам илм омонатининг бир қисмидир. Уламоларимиз оят, ҳадис ва ҳар бир нақлни манбаси билан келтиришни одоб эмас, балки дин деб билганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг “Иснод диндандир” деган сўзи ҳам шундан.
Учинчи – билмаган нарсани “билмайман” дейиш. Имом Шофеъий Имом Моликдан, у эса Муҳаммад ибн Ажлондан ривоят қилади: “Агар олим “билмайман” (дейишни) тарк қилса, ҳалок бўлади” (Ибн Абдулбарр, “Жомеъу баёнил-илм”). Илмсиз фатво бериш – бир томондан Аллоҳ номидан билмаган нарсани гапириш, иккинчи томондан сўраган одамни алдашдир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби ҳам айнан шу омонатдорлик асосида шаклланган. У зот масалаларни якка ўзи ҳал қилмасдан, фақиҳ шогирдлари билан маслаҳатлашиб, ҳар бир ҳукмни далилларини муҳокама қилиб, кейин қарор қилар эдилар. Ҳанафий мазҳабининг пухта ва мустаҳкам бўлиши сири ҳам шунда.
Тўртинчи – илмни яширмаслик ва уни аҳлига ўргатиш. Юқоридаги оят ва ҳадислар бунга далилдир. Лекин уламолар илмни ўз ўрнида, ўз аҳлига, тушунадиган даражада етказишни ҳам омонатнинг шарти деб билганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Одамларга улар таниган нарса билан гапиринглар. Аллоҳ ва Расулининг ёлғонга чиқарилишини хоҳлайсизларми?” деганлар (Имом Бухорий, “Илм китоби”).
Бешинчи – илмни ихлос билан олиш ва унга амал қилиш. Мовароуннаҳрнинг буюк ҳанафий фақиҳи Абул-Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “Адабут-таълим” китобида ёзади: “Толиби илм илм талаб қилиш билан Аллоҳ таолонинг розилигини, охират диёрини, ўзидан ва бошқа жоҳиллардан жаҳолатни кетказишни ҳамда динни тирилтиришни ният қилиши лозим”. Бу васият кейинчалик Имом Бурҳониддин Зарнужийнинг машҳур “Таълимул-мутааллим” асарида ҳам акс этган ва асрлар давомида Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида илм олишнинг биринчи дарси бўлиб келган. Амалсиз илм эса омонатни олиб, эгасига етказмасликка ўхшайди.
Бизнинг диёримиз илм омонатини асраб-авайлашнинг ёрқин намунасини берган юртдир. Имом Бухорий бир ҳадисни “Саҳиҳ”га киритишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқиганлари, олти юз минг ҳадисдан сараланган ҳадисларни ўн олти йил давомида жамлаганлари ривоят қилинади. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа ақидасини ақлий ва нақлий далиллар билан мустаҳкамлаб, уни бузғунчи фирқалардан ҳимоя қилдилар. Имом Бурҳониддин Марғиноний “Ал-Ҳидоя” асарида ҳанафий фиқҳини далиллари билан шундай омонатдорлик билан жамладики, бу китоб минг йилга яқин вақт давомида ислом оламида дарслик бўлиб келмоқда.
Яқин ўтмишда ҳам бу анъана давом этди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси илмни омонат деб билишнинг ибратли намунасидир. 
Замонамизда илм омонатига хиёнат янгича либосларда намоён бўлмоқда, ижтимоий тармоқларда манбасиз “ҳадис”лар тарқатиш, бир-икки видеони кўриб, фатво беришга шошилиш, уламолар сўзини кесиб, асл маъносидан бошқа маънода келтириш, мазҳаб ва ақида масалаларида илмсиз баҳс юритиб, уммат ичида фитна қўзғаш, ўзганинг илмий меҳнатини ўзиники қилиб кўрсатиш, дарсни чала ўтиб, толибларга ҳақини бермаслик. Буларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло қиёмат куни сўрайдиган омонатга хиёнатдир.
Шу ўринда барча ўқувчиларимизга эслатиб ўтамиз, диний саволларингизни ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидаси асосида фатво берадиган расмий, ишончли уламоларга беринг. Эшитган ҳар бир гапни текширмасдан тарқатманг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига эшитган ҳар бир нарсасини гапириши ёлғончиликка кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни лозим топдик. Илм  Аллоҳ таолонинг бандага берган энг улуғ неъмати ва энг оғир омонатидир. Бу омонатнинг ҳаққи  уни ишончли манбадан олиш, ихлос билан ўрганиш, амал қилиш, бузмасдан ва яширмасдан аҳлига етказиш, сўзни эгасига нисбат бериш ҳамда билмаган нарсада “билмайман” дейишдир. Мол-дунёдаги хиёнат бир инсонга зарар етказса, илмдаги хиёнат бутун бир авлоднинг динига, ақидасига ва келажагига зарар етказади. Аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абул-Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар бу омонатни бизгача бус-бутун етказдилар. Энди навбат бизда уни келажак авлодга ҳам шундай пок ва тўлиқ етказишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни илм омонатини ҳаққи билан кўтарадиган, ўрганганига амал қилиб, уни холис ният билан бошқаларга етказадиган бандаларидан айласин. Омин!


Фойдаланилган манбалар:
1. Қуръони карим: Аҳзоб, 72; Оли Имрон, 187; Бақара, 159; Исро, 85.
2. Имом Бухорий. “Ал-Жомеъус-саҳиҳ”, “Илм китоби”.
3. Ибн Жарир Табарий. “Жомеъул-баён ан таъвили оййил-Қуръон”. – Дор ат-Тарбия ват-турос нашри, 7/461.
4. Ибн Абдулбарр. “Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи”. 2/840; 2/922.
5. Абдуллоҳ ибн Муборак. “Аз-Зуҳд вар-рақоиқ” (Аъзамий таҳқиқи), илова, 119-бет.
6. Табароний. “Ал-Муъжамул-кабир”.
7. Байҳақий. “Ал-Мадхал илас-Сунанил-кубро”.
8. Васобий. “Нашру таййит-таъриф фи фазли ҳамалатил-илмиш-шариф”, 38-бет (Абул-Лайс Самарқандийнинг “Адабут-таълим”идан нақл).
9. “Назратун-наъийм фи макорими ахлоқир-Расулил-карим”. 3/508.
10. Islom.uz портали: «Омонатга хиёнат» мақоласи; “Дин ва илм омонатдир” илмий анжумани материаллари.


Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси матбуот котиби,
«Болои Ҳовуз» масжиди имом-хатиби.