БИР ҚИССА — МИНГ ШУКР САБОҒИ
Шукр — ҳар бир неъматнинг Аллоҳдан келишини билиб, тил билан ҳамд айтишдир. Неъматнинг ўзига эмас, ўша неъматни Бергувчига боқишдир. Неъмат Берувчини таниб, қалб, тил ва бошқа аъзолар билан бунинг ҳақини адо этишдир. Инсон қалби билан яхшиликни ният қилади, тили билан ҳамд айтиб, шукрини изҳор этади. Аъзолар билан қилинадиган шукр эса — Аллоҳ таоло берган неъматларни У зот буюрган хайрли ишларга сарфлашдир. Масалан, кўзнинг шукри — мусулмонларнинг ва дўстларнинг айбини кўрмасликдир. Қулоқнинг шукри — айтилган ғийбат ва айбларни эшитмаганга олишдир.
Имом Раббоний ҳазратлари шукр ҳақида шундай дейдилар:
“Жаноби Ҳақ бизга шундай неъматлар берганки, вужудимиздаги ҳар бир тук тилга кириб, шукр айтса ҳам, у неъматларнинг ҳақини адо этишга ожизмиз.”
Шоир Сурурий ҳам бир мисрасида шукрни шундай таърифлайди:
Танда қудрат қайдан бўлсин неъмати жон шукрига,
Минг тилим бўлса етишмас, бир тилим нон шукрига.
Яъни: "Инсон танасида жон неъмати учун шукр қилишга куч ва қудрат қайда? Инсонни минг бўлакка бўлсалар ҳам (ёки мингта тили бўлса ҳам), бир тишлам нон учун қилинадиган шукрга камлик қилади."
Шукр — Аллоҳ таоло берган неъматларни У зот суйган жойларда ишлатишдир. Аллоҳ бир бандасига кетма-кет турли неъматлар берганда, банданинг «мен бунга лойиқ эмасман» деб уялиши ҳам бир шукрдир. Шукрдаги камчилигини билиши ҳам шукр саналади. Раббимиз ояти карималарда шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу марҳамат соҳибидир, лекин одамларнинг кўпаси шукр қилмаслар.” (Бақара 243)
Шу ўринда бир ибратли қиссани келтириб ўтайлик:
Валийлар улуғи Шиблий ҳазратлари бир куни Ҳижозга бориш учун йўлга чиқадилар. Йўллари Боғдоддан ўтади. Давр халифаси Ҳорун ар-Рашид Шиблий ҳазратларининг Боғдодга келганини эшитиб, одам юборади: "Биз бориб зиёрат қилайликми ёки у киши бизни зиёрат қиладиларми?" деб сўратади. Шиблий ҳазратлари: “Биз халифанинг ҳузурига борамиз”, деб хабар юборадилар ва саройга йўл оладилар.
Халифа Ҳорун ар-Рашид Шиблий ҳазратларидан: "Ҳазрат, бизга бир насиҳат қилсангиз", деб сўрайди.
Шиблий ҳазратлари: "Менга бир пиёла сув келтиринг", дейдилар.
Сув келгач, халифага юзланиб сўрайдилар:
— "Агар чўлда сувсиз қолсангиз, ўлим ёқасида турсангиз ва бир киши қўлида бир пиёла сув билан келиб: “Бу сувни сенга бераман, эвазига бойлигингнинг ярмини берасанми?” деса, нима қилардингиз?”
Халифа Ҳорун ар-Рашид бир оз ўйланиб: “Албатта берардим!” дейди.
Шиблий ҳазратлари давом этадилар:
— “Хўш, бу сувни ичдингиз, лекин у танангиздан чиқмаяпти, пешобингиз тутилиб қолди. Шу пайт бир табиб келиб: “Мен сенинг бу дардингга шифо бераман, лекин бойлигингнинг қолган ярмини сўрайман” десачи?”
Халифа яна бир муддат хаёлга чўмиб: “Албатта берардим!” деб жавоб беради.
Шунда Шиблий ҳазратлари: “Ундай бўлса, бир пиёла сувчалик қиймати бўлмаган бойлигингга ва дунёнгга асло ишонма!” дейдилар.
Инсон, афсуски, неъматлар қаршисида ожиздир. Неъматларнинг шукрини адо этиш учун нима қилса ҳам кам. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:
“Одамларга ташаккур (раҳмат) айтмаган киши, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Озга шукр қилмаган, кўпга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ таолонинг неъматини тилга олиш шукрдир, ундан асло гапирмаслик эса ношукрликдир.”
Бу ерда инсонларнинг бир-бирига қилган яхшиликлари ҳам жавобсиз қолмаслиги кераклиги таъкидланмоқда. Инсонлар бир-бирига раҳмат айтишни билмасалар, Аллоҳга шукр қилишда ҳам ожиз қоладилар.
Ёзувимизни Азиз Маҳмуд Ҳудойи ҳазратларининг шукр мавзусидаги бир байти билан якунлаймиз:
Йўқдан бизни бор айладинг,
Ҳар дардга шифо айладинг,
Эсонликни изҳор айладинг,
Ё Раб, сенга неча шукр айлайлик.
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби,
Болои Ҳовуз масжиди имом хатиби,
БухДУ Исломшунослик йўналиши магистранти
УЗ
РУ
EN
العربية