
МАЗҲАБСИЗЛИК – ИСЛОМ ШАРИАТИГА ТАҲДИД СОЛУВЧИ ХАТАРЛИ БИДЪАТ
Аллоҳ таолога ҳамдлар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин.
Ислом динининг асрлар давомида соф ҳолда сақланиши, мусулмонларнинг диний амалларида тартиб ва бирликни таъминланишида тўрт фиқҳий мазҳабнинг ўрни беқиёсдир. Ушбу мазҳаблар Қуръон ва Суннатдан шаръий ҳукмларни олишнинг мустаҳкам ва тизимли илмий йўлларидир. Афсуски, сўнгги пайтларда мусулмонлар орасида умум эътироф этилган ушбу мазҳабларнинг бирига эргашишни рад этувчи – бемазҳаблик оқими тарқалмоқда. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўзларини "Қуръон ва Суннатгагина амал қилувчилар" деб даъво қилсалар-да, аслида илмий асослардан холи бўлган бу йўл жамиятда ихтилоф, фитна ва диний парчаланишга сабаб бўлиб, Ислом шариатига жиддий хавф солмоқда. Ушбу мақоламизда мазҳабсизликнинг хатарли моҳияти, унинг асоссиз даъволари ва Ислом уламолари томонидан берилган қатъий раддиялар бақадри ҳол ёритилади.
Ислом динининг шаръий масалаларида мусулмонларнинг аксарияти тан олган тўрт фиқҳий мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий, Ҳанбалий) йўлига эргашишни рад этиш бемазҳаблик деб аталади. Араб тилида "йўл" ёки "йўналиш" маъноларини англатувчи “мазҳаб” сўзи шаръий истилоҳда "диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли"ни билдиради.
Мазҳабсизлик даъволари ва уларга раддия – мазҳабсизлик тарафдорларининг асосий даъвоси – Исломда тўрт мазҳабдан бирига эргашиш шарт эмаслиги ва мусулмонлар фақатгина Қуръон ва Суннатга амал қилиши лозимлигидир. Улар мазҳабга эргашганларни кўр-кўрона тақлидда айблаб, фиқҳий мазҳабларнинг ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганини рўкач қилиб, уларни бидъат (диндаги янгилик) деб атайдилар. Ўзларини эса "салафийлар" ёки "аҳли ҳадислар" каби номлар билан атайдилар.
Уламоларнинг раддиялари ва далиллари:
1. Тақлид зарурати: Ислом уламолари, шаръий ҳукм ва унинг далилини билмайдиган омма мусулмон (муқаллид) учун мужтаҳид олимга тақлид қилиш зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръони Каримдаги:
فَسَۡٔلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلذِّكۡرِ إِن كُنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ
"Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг" (Наҳл сураси, 43-оят) ояти далил қилинади. Уламоларнинг айтишича, оят тўғридан-тўғри Китоб ва Суннатга қайтишга эмас, балки билим аҳлига эргашишга буюрмоқда.
2. Мазҳабларнинг пайдо бўлиши тарихи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг саҳобалар, кейинроқ тобеъинлар орасидаги мужтаҳид олимларга мурожаат қилиш йўли амалда бўлган. Тобеъинлар даврида икки асосий мактаб – райъ (фикр) ва ҳадис мактаблари шаклланди. Улардан йигирмага яқин мазҳаблар чиқиб, замон ўтиши билан тўрттаси: Ҳанафийлик, Моликийлик, Шофеъийлик ва Ҳанбалийлик сақланиб қолган ва бутун Ислом оламида тарқалган. Ибн Ражаб (1335-1395 м.й.) каби машҳур алломалар бу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишини инсонларни асрлар давомида турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлгани билан изоҳлаганлар.
3. Ихтилоф – раҳмат: Мазҳабларнинг баъзи масалалардаги қарашларининг турлича бўлиши ўзаро келиша олмасликдан эмас, балки бир-бирларини тўлдириши ва Ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Уламолар мазҳабга эргашишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг" (Имом Можа) ҳадисига амал қилиш деб биладилар.
4. Ижтиҳод қоидаларининг йўқлиги: Мазҳабларда Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Қиёсдан далил олишнинг аниқ, тизимли усул ва қоидалари мавжуд. Мазҳабсизларда эса бундай ижтиҳод усуллари йўқ. Уларнинг "Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз" деган даъволари остида ўз раъйларига ва нафсларига мос келган далилларни танлаб олиш ётади, бу эса салбий оқибатларга олиб келмоқда.
5. Мужтаҳид даражаси: Мазҳабсизларнинг "Имом Бухорий бемазҳаб бўлган" деган даъвосига, Имом Бухорий яшаган даврда унингдек ижтиҳод даражасига етганлар кўп бўлгани, уларнинг ўзи ижтиҳод қилгани билан раддия берилади. Ҳозирги даврда эса мужтаҳидлик даражасига эришган олимлар йўқлигини уламолар таъкидлайдилар.
6. Мазҳабларни аралаштириш (талфиқ): Мазҳабсизларнинг "қайси мазҳабнинг далили кучли бўлса, ўшани оламиз" деган ҳаракати уламолар томонидан ҳаром амал деб баҳоланган. Чунки мужтаҳиднинг ўзи саҳиҳ деб амал қилган ҳадисни ундан кейин келган одам ўз қоидалари билан заиф дея олмайди.
Мазҳабсизликнинг хатарли оқибатлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, мазҳабсизликнинг жамият учун энг катта хатари – ихтилоф ва фитна келтириб чиқаришидир. Мазҳабсизлик тарафдорлари жамиятда нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатиш билан шуғулланиб, Ислом маданияти ривожига ҳеч қандай ҳисса қўшмаяптилар. Аксинча, ўзбошимчалик билан ҳукм чиқаришга уриниш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини ҳалол ҳисоблаш, ҳукуматга қарши чиқиш (боғийлик) ва тинч жамиятда ваҳима уйғотиш каби Исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Марҳум, шаҳид Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий (1929-2013 йй.) бу хатарга эътибор қаратиб: "Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир" деб огоҳлантирган. Уламоларнинг иттифоқига кўра, мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ (солиҳ аждодлар) йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз, адашишга олиб боради. Зеро, тўрт мазҳаб пайдо бўлгандан кейин Ислом олами тан олган барча забардаст олимлар улардан бирига эргашганлар.
Мазҳабсизлик — Ислом умматининг бирлиги ва шариатнинг мустаҳкам асосларига таҳдид солувчи хатарли бидъатдир. Тўрт фиқҳий мазҳаб асрлар давомида Қуръон ва Суннатни тўғри тушуниш, амалда бирликни сақлаш ва фитна-ихтилофларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этган. Мазҳабсизлик эса илмсизлик, нафсга эргашиш ва жамиятда парокандаликни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ўз амалида эътироф этилган мазҳабга эргашиши, уламолар сўзини эшитиши ва Ислом бирлигини асрашга интилиши зарур.
Фойдаланган адабиётлар:
1. Қуръони карим маънолар таржимаси (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)
2. Очиқ хат (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)
3. Сунани ибн Можа (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа)
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассаси матбуот котиби,
Болои Ҳовуз масжиди имом хатиби,
БухДУ исломшунослик йўналиши магистранти