Исро ва Меърож ҳақида
Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Мен байтнинг олдида уйқу билан уйғоқлик орасида, икки кишининг ўртасида эдим. Менга бир жом келтирилди. У ҳикмат ва иймонга тўла эди. Сўнгра томоқнинг пастидан қориннинг пастигача ёрилди. Кейин қорин Замзам суви ила ювилди ва ҳикмату иймонга тўлдирилди. Менга хачирдан кичикроқ, эшакдан каттароқ оқ улов—Буроқ келтирилди. Жаброил ила жўнаб кетдим. Дунё осмонига етиб бордик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Одамнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.
Бошқа ривоятда айтилади:
«Дунё осмонига кўтарилсак, бир киши турибди. Унинг ўнг томонида одамлар қораси, чап томонида одамлар қораси кўринмоқда. У қачон ўнг томонига назар солса, кулади, чап томонига назар солса йиғлайди.
«Солиҳ набий, солиҳ ўғил хуш келибди!» деди у.
«Эй Жаброил, бу ким?» дедим.
«Бу Одамдир. Унинг ўнг ва чап томонидаги қоралар унинг болаларининг руҳларидир. Ўнг томондагилар аҳли жаннатдирлар. Чап томондагилар аҳли дўзахдирлар. У қачон ўнг томонига назар солса, куладир, қачон чап томонига назар солса, йиғлайдир», деди у.
Кейин иккинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Ийсо ва Яҳъянинг олдига бориб, салом бердим. Улар:
«Хуш келибсан, биродаримиз, пайғамбаримиз», дедилар.
Сўнгра учинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Юсуфнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Сўнгра тўртинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Идриснинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Кейин бешинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Ҳоруннинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Кейин олтинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Мусонинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.
Унинг олдидан ўтиб кетаётсам, йиғлади. Бас, унга:
«Нега йиғламоқдасан?» дейилди.
«Эй, Роббим! Мана бу йигит мендан кейин юборилган бўлса ҳам унинг умматидан жаннатга кирадигани менинг умматимдан жаннатга кирадиганидан афзалдир», деди у.
Кейин еттинчи осмонга келдик.
«Ким?» дейилди.
«Жаброил», деди.
«Сен билан ким бор?» дейилди.
«Муҳаммад», деди.
«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.
«Ҳа», деди.
«У хуш келибди. Қандоқ ҳам яхши келувчи келди!» дейилди.
Кейин Иброҳимнинг олдига бориб, салом бердим. У:
«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.
Шунда менга Байтул Маъмур кўтарилди. Жибрилдан сўрадим. У:
«Бу Байтул Маъмурдир. Ҳар куни унда етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Қачон чиқсалар унга қайтиб келмаслар. Уларнинг охири кўринмас», деди.
Менга Сидратул Мунтаҳа кўтарилди. Қарасам, унинг меваси худди Ҳажарнинг мешидек келади. Унинг барглари эса филларнинг қулоғидек. Унинг остида тўрт дарё бор. Икки дарё ботин. Икки дарё зоҳир. Жаброилдан сўрадим. Бас, у:
«Икки ботини жаннатдадир. Икки зоҳири Нил билан Фуротдир», деди.
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Сўнгра мени юқорига, қаламларнинг шитирлашини эшитсам бўладиган жойга олиб чиқилди. Кейин менга эллик намоз фарз қилинди. Юриб Мусога етишдим. Бас, у:
«Нима қилдинг?» деди.
«Менга эллик намоз фарз қилинди», дедим.
«Мен сендан кўра одамларни яхшироқ биламан. Бани Исроилни жуда кўп муолажа қилганман. Умматинг тоқат қила олмайди. Роббингга қайтиб, Ундан енгилликни сўра», деди.
Мен Унга қайтиб бориб сўрадим. Қирқта қилди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўттизта бўлди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра йигирмата бўлди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўнта бўлди. Кейин Мусога келдим. Бас, у яна аввалгига ўхшаш гап айтди. У зот бешта қилди. Кейин Мусога келдим. Бас, у:
«Нима қилдинг?» деди.
«Уни бешта қилди», дедим. У яна аввалгига ўхшаш гап айтди. Мен:
«Хайрли нарсага таслим бўлдим», дедим. Шунда:
«Мен, батаҳқиқ фарзимни жорий қилдим. Бандаларимга енгил қилдим. Бир яхшиликнинг мукофотини ўн қилиб берурман», деб нидо қилинди.
Бухорий ва Муслим «Иймон»да ривоят қилган.
Унинг ибораси қуйидагича:
«Токи, Эй Муҳаммад, булар беш намоздир. Бир кечаю бир кундузда. Ҳар бир намозга ўнта. Ҳаммаси элликта» дегунича Роббим таборака ва таоло билан Мусо алайҳиссаломнинг ораларида бориб келавердим».
Шарҳ: «Байтул маъмур» — «Обод уй»нинг нима эканини билмоқ учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат қилиб кўрамиз.
Суддий айтадиларки, бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига:
«Обод уй» нима, биласизларми?» дебдилар. Улар:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишибди. Шунда У зоти бобаракот:
«У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушадир. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийдир. Улар бир кириб чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дебдилар.
«Байтул маъмур» зикри, аввал ўрганиб ўтганимиздек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот мазкур кечада ўша уйни кўрадилар, фаришталарнинг тавофи «Байтул маъмур» эканини айтадилар. Яна, у уйга Иброҳим алайҳиссалом суяниб ўтирганларини кўрганликларини ҳам айтганлар.
Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Байтул маъмур» еттинчи осмонда, Каъбаи Муаззаманинг тепасидаги бир уйдир (масжиддир). Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади ва уларнинг кўплигидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда «Байтул маъмур» ҳам шундай улуғланади.
Сидратул мунтаҳа ва меърождаги бошқа нарсалар ҳақида Қуръони каримда ҳам маълумотлар бор. Келинг, улар билан қисқача танишиб чиқайлик.
Келгуси оятларда зикр этиладиган нарсалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун меърож кечасида содир бўлган эди.
«Ва дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди.
Яъни, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Жибрилни яна бир марта,
Сидратул мунтаҳо (тугаш дарахти) олдида», кўрдилар.
Сидра дарахт, мунтаҳа интиҳо, тугаш демакдир.
Бу дарахтнинг «Сидратул мунтаҳа» — «тугаш дарахти» деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.
«Унинг ҳузурида маъво жаннати бор».
Яъни, тугаш дарахтининг олдида жаннати маъво исмли, тақводорларга ваъда қилинган жаннат бор.
«Ўшанда, у(дарахт)ни ўрайдиган нарса ўраб турибди».
«Ўрайдиган нарса»нинг нима экани оятда очиқ айтилмаган, шунинг учун, тафсирчилар бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Жумладан, Аллоҳнинг нури ёки фаришталар ҳам дейилган.
Лекин оятда муайян бир нарса айтилмаганлигининг ўзи «ўрайдиган нарса» васфдан ташқари улкан эканлигига далолат қилади.
Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятларида Исро кечаси Пайғамбар алайҳиссалом тугаш дарахтига бориб етдилар, у еттинчи осмонда эди. Ердан чиққан нарсалар ҳам, юқоридан тушган нарсалар ҳам унга етиб тўхтайди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломга беш вақт намоз, Бақара сурасининг охири, умматларидан ширк келтирмаганларининг мағфират қилинишининг хабарлари берилган, де¬йилган.
«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».
Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг нигоҳлари бурилиб, меърожда ортиқча нарсаларни кўрганлари йўқ. Шунингдек, ҳаддиларидан ошиб, амр бўлмаган нарсаларни ҳам кўрганлари йўқ.
«Дарҳақиқат, ўз Роббисининг улкан белгиларидан кўрди».
Муҳаммад алайҳиссалом меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул маъмурни), ўтган пайғамбарларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқаларни кўрдилар.
Ғайбга тааллуқли мазкур нарсалар Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ҳикмати кўп. Жумладан, у зот кишиларни даъват қиладиган нарсаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалбларидан тасдиқлаб олсалар, даъват осон кечади. Халойиққа ҳужжат келтириш осон бўлади, мўминларнинг қалблари таскин топади ва ҳоказо.
Кишиларни Муҳаммад алайҳиссалом ўз кўзлари билан очиқ-ойдин кўрган, қалблари ишонч ила тасдиқлаган ҳужжатли ва далилли нарсага чақирганлар.
"Ҳадис ва ҳаёт 19 жуз" китобидан
УЗ
РУ
EN
العربية