БАСРА ПОДШОҲИ ВА УНИНГ ЖОРИЯСИНИНГ ТАВБАСИ
Ривоят қилинишича, Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ бир куни Басра кўчаларида кетаётиб, хизматкорлар қуршовида от миниб кетаётган, подшоҳ хонадонига мансуб бир жорияга кўзи тушди.
Молик унга қараб: — Эй жория! Хожанг сени сотадими? — деб нидо қилди.
Жория ҳайрон бўлиб:
— Нима дедингиз, эй шайх? — деб сўради.
Молик яна: — Хожанг сени сотадими? — деди.
Жория кулиб: — Агар у мени сотса ҳам, сизга ўхшаганлар мени сотиб олишга қурби етармиди? — деди.
Молик: — Ҳа, ҳатто сендан яхшисини ҳам сотиб оламан! — деб жавоб берди.
Жория кулди ва хизматкорларига шайхни уйига олиб боришни буюрди. Уйга боргач, бўлган воқеани хожасига айтиб берди. Хожа ҳам кулиб, шайхни ҳузурига чорлади. Молик ибн Динор ичкарига киргач, хожанинг кўнглига у зотга нисбатан ҳайбат ва ҳурмат кирди. Хожа: — Нима ҳожатингиз бор? — деб сўради. Молик: — Жориянгизни менга сотинг, — деди. Хожа: — Бунинг баҳосини тўлай оласизми? — деди. Молик: — Унинг баҳоси мен учун икки дона қурт еган хурмо данагидир, — деб жавоб берди.
Ҳузурдагилар кулиб юборишди: — Қандай қилиб унинг нархи шунчалик паст бўлсин?
Молик ибн Динор деди: — Чунки унинг айблари кўп.
Улар: — Қандай айблари бор экан? — деб сўрадилар.
Молик ибн Динор шундай жавоб берди: — У агар хушбўйлик суртмаса, ҳиди ёқимсиз бўлади, агар мисвок ишлатмаса оғзи қўланса бўлади, агар таранмаса ва мой суртмаса, сочлари битлаб, кирланади. Бир оз вақтдан кейин кексаяди ва ҳуснини юқотади. У ҳайз, пешоб ва кўплаб кирликлар соҳибасидир. У сени фақат ўз манфаати ёки эҳтироси учун яхши кўриши мумкин. Вафо қилмайди, севгисида содиқ эмас. Сендан кейин у бошқа бир хожага ўтса, уни ҳам сенга ўхшатиб кетаверади.
Сўнгра давом этди: — Мен эса сен сўраган баҳодан ҳам арзонроққа шундай бир жорияни (ҳурни) оламанки, у кофур силсиласидан яратилган. Агар унинг тупуги шўр денгизга тушса, уни ширин қилади. Агар унинг сўзларини ўлик эшитса, тирилиб жавоб беради. Агар унинг билаги қуёшга кўринса, қуёш нури унинг олдида хиралашади. Агар зулматли кечада кўринса, нури оламни ёритади. У мушк ва заъфарон боғларида улғайган, неъматлар қўйнида ўсган ва Тасним суви билан озиқланган. У ваъдасига хилоф қилмайди ва муҳаббати асло ўзгармайди. Хўш, айтингчи, қай бирининг баҳоси баландроқ бўлишга лойиқ?
Хожа: — Албатта, сиз таърифлаганингиз лойиқроқ! — деди. Молик: — Мен айтган ўша гўзалнинг баҳоси ҳам тайёр, унга етишиш ҳам осон, — деди. Хожа: — Унинг баҳоси нима, эй шайх? Молик жавоб берди: — Баҳоси жуда енгил, кечанинг бир қисмида ухламай, Роббинг учун холис икки ракат намоз ўқишинг, таоминг қўйилганда оч қолганларни эслаб, Аллоҳ розилиги учун нафсингни тийиб, уларга улашишинг, йўлдаги тош ёки озорни олиб ташлашинг, бу дунёда озгина нарса билан қаноат қилиб, ғафлат уйидан кўнглингни узишингдир. Шунда бу дунёда қаноат азизи бўлиб яшайсан, эртага қиёматда эса омонликда бўлиб, жаннатда мангу қоласан.
Буни эшитган бой: — Эй жория! Шайхимизнинг гапларини эшитдингми? — деди. Жория: — Ҳа, у киши тўғри айтдилар, насиҳат қилдилар, — деди. Бой деди: — Ундай бўлса, сен Аллоҳ йўлида озодсан! Фалон-фалон мулкларим сенга садақа бўлсин! Эй хизматкорлар, сизлар ҳам озодсиз, фалон ерлар сизларга бўлсин! Бу уй ва ундаги барча бойликларим Аллоҳ йўлида садақа!
Шундан сўнг у эшикдаги дағал матодан тикилган пардани йиртиб олди, устидаги қимматбаҳо кийимларини ечиб, ўша матога бурканди. Жория ҳам: — Сиздан кейин менга бу ҳашаматли ҳаётнинг кераги йўқ! — деб, гўзал либосларини отдида, дағал кийим кийиб, хожа билан бирга чиқди.
Молик ибн Динор уларни кузатиб, ҳақларига дуо қилди. Улар ибодат йўлига ўтиб, то ўлим келгунича Аллоҳга бандалик қилдилар. Аллоҳ уларни ўз раҳмати остига олсин.
Д. Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби таржимаси
УЗ
РУ
EN
العربية