Подшоҳининг ўғли (қисса)
Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний шундай ҳикоя қилади:
Бани Исроил подшоҳларидан бири бор эди. Унга узоқ умр, беҳисоб бойлик ва кўплаб фарзандлар берилган эди. Унинг ўғиллари улғайган сари дунёдан воз кечар, жундан кийим кийиб, тоғларга чиқиб кетар, дарахт барглари билан озиқланиб, то ўлим келгунича ер юзида зоҳидликда ҳаёт кечирар эдилар. Унинг барча ўғиллари бирин-кетин мана шу йўлни тутдилар.
Подшоҳ кексайган чоғида яна бир ўғил кўрди. У қавмини йиғиб, шундай деди: «Мен кексайганимда фарзанд кўрдим, унга қанчалик меҳрибонлигимни кўриб турибсиз. У ҳам акаларининг йўлидан кетишидан қўрқаман. Агар мендан кейин ўғилларимдан бирортаси сизларга бош бўлмаса, ҳалок бўлишингиздан хавотирдаман. Уни ёшлигиданоқ қўлга олинглар, унга дунёни севдиринглар, шояд у мендан кейин сизлар билан қолса».
Шундан сўнг, болага атаб бир фарсахга бир фарсах келадиган баланд деворли сарой қурдилар ва у узоқ вақт ўша ерда яшади.
Кунларнинг бирида у отга миниб сайр қилар экан, баланд ва мустаҳкам деворга кўзи тушди. У: «Ўйлашимча, бу деворнинг ортида бошқа одамлар ва бошқа бир олам бор. Мени ташқарига чиқаринглар, билимим ортсин ва одамлар билан учрашай», деди.
Бу гапни отасига етказишди. Ота даҳшатга тушди ва ўғли яна акаларининг йўлидан кетишидан қўрқиб: «Унинг атрофида барча кўнгилочар ва эрмак ўйинларни жамланглар», деб буюрди. Шундай қилдилар.
Иккинчи йили у яна отга минди ва: «Ташқарига чиқишим шарт», деди. Бу ҳақда кекса подшоҳга хабар беришгач, у: «Уни олиб чиқинглар», деб рухсат берди.
Шаҳзода зебу зийнатланган, жавоҳир ва тиллар билан безатилган аравада чиқди, атрофини икки қатор одамлар қуршаб олди. У кетиб бораркан, тўсатдан бир дардга чалинган (мажруҳ/касал) одамни кўриб қолди.
— Бу нима? — деб сўради у.
— Бу дардга чалинган одам, — дейишди.
— Бу дард фақат айрим одамларга тегадими ёки ҳамма ундан қўрқиши керакми? — деб сўради.
— Ҳамма ундан хавфсирайди, — деб жавоб беришди.
— Мен ҳам ўз салтанатимда бўла туриб унга йўлиқишим мумкинми?
— Ҳа.
— Сенинг бу ҳаётингга «уфф» бўлсин! Бу ғам-аламли ҳаёт экан, — деди ва маҳзун ҳолда ортига қайтди.
Отасига унинг ғамгинлиги ҳақида хабар беришди. Ота: «Унинг қалбидан бу қайғуни чиқариб ташлаш учун атрофида барча ўйин-кулги ва ботил эрмакларни ёйинглар», деди.
Орадан бир йил ўтгач, у яна: «Мени ташқарига чиқаринглар», деди. Аввалги ҳолатдек ташқарига чиқди. Йўлда кетаётиб, қадди букилиб қолган, оғзидан сўлаги оқаётган кекса (қария) кишини кўрди.
— Бу нима? — деб сўради.
— Бу кексайган одам, — дейишди.
— Бу ҳолат фақат айримларга етадими ёки умри узоқ бўлган ҳар бир киши ундан қўрқиши керакми? — деб сўради.
— Ҳар бир киши ундан қўрқиши керак, — дейишди.
— Сенинг бу ҳаётингга «уфф» бўлсин! Бу ҳеч ким учун соф (доимий) бўлмаган ҳаёт экан, — деди.
Отаси буни эшитиб, яна барча ўйин-кулгиларни унинг атрофида жамлашни буюрди.
Яна бир йил ўтиб, у яна отга минди. Кетиб бораркан, одамлар елкасида кўтариб кетаётган тобутни (замбилни) кўрди.
— Бу нима? — деб сўради.
— Бу вафот этган одам, — дейишди.
— Ўлим нима ўзи? Уни менга кўрсатинглар, — деди. Уни келтиришгач: — Уни ўтқизинглар, — деб буюрди.
— У ўтира олмайди, — дейишди.
— Унда у билан гаплашинглар.
— У гапира олмайди.
— Уни қаерга олиб кетяпсизлар?
— Уни тупроқ остига кўмамиз.
— Ундан кейин нима бўлади?
— Маҳшар (қайта тирилиш) бўлади.
— Маҳшар нима?
— «Одамлар оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадиган кун». Ўшанда ҳар бир киши қилган яхши ва ёмон амалларига яраша жазо ёки мукофот олади.
— Сизларнинг бу дунёдан бошқа, ҳисоб-китоб қилинадиган диёрингиз борми?
— Ҳа.
Шунда у ўзини отдан ташлади ва юзини тупроққа ишқаб йиғлай бошлади. У шундай дерди: «Мен мана шундан қўрқардим! Бу кун мен билмаган ҳолда устимга келишига сал қолди. Бергувчи, қайта тирилтиргувчи ва жазо-мукофот бергувчи Зотга қасамки, бугун сизлар билан охирги кўришишимдир. Бугундан кейин менга йўл топа олмайсизлар».
Одамлар: «Сени отангга қайтармагунимизча қўймаймиз», дейишди. Уни отасининг ҳузурига олиб боришди, у қайғудан тамом бўлган эди. Отаси: «Ўғлим, бу қандай безовталик?» деди. Ўғли: «Менинг безовталигим — кичик ва каттанинг қилган яхши ва ёмон амаллари учун жазо оладиган кун (хавфи) туфайлидир», деб жавоб берди.
Сўнг у (оддий) кийимларни сўради ва уларни кийдида: «Мен тунда чиқиб кетишга қарор қилдим», деди. Тун ярмига келганда у саройдан чиқди. Сарой дарвозасидан чиқаётиб шундай нидо қилди: «Аллоҳим! Мен Сендан ўзим ихтиёрига эга бўлмаган, тақдирда белгилаб қўйилган ишни сўрайман. Илоҳим! Қани эди, сув сувлигича, лой лойлигича қолсаю, мен дунёга бир бор бўлса ҳам назар солмаган бўлсам!»
Бакр ибн Абдуллоҳ айтади: «Бу ҳали бирорта гуноҳ қилмаган ҳолда ўзининг келажагидан (охиратидан) қўрқиб чиқиб кетган кишидир. Ҳолбуки, гуноҳ қилишини ва унинг оқибатини била туриб, на тийиладиган, на қўрқадиган ва на тавба қиладиган кишиларнинг ҳоли нима кечар экан?!»
Алиев Дилшод,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим
муассасаси матбуот котиби таржимаси
УЗ
РУ
EN
العربية