ИЛМ ОРҚАЛИ ИНСОН ТАФАККУРИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ
Инсон тафаккури ислоҳ этилмас экан, жамият ислоҳ этилмайди. Тафаккур бузилган жойда илм қадрсизланади, гумон ҳақиқат ўрнини эгаллайди ва ҳис-туйғу далилдан устун қўйилади. Шу боис Қуръони Карим инсон онгини тўғри йўлга солишни, уни илм, далил ва ҳужжат асосида тарбиялашни ўзининг асосий мақсадларидан бири қилиб олган. Илмга таянмаган ишонч, далилсиз фикр ва ҳужжатсиз даъво Қуръон манҳажида қабул қилинмайди. Бу манҳаж инсонни хомхаёл, кўр-кўрона тақлид ва ҳавойи нафс асирлигидан озод қилишга қаратилган.
Қуръони Карим инсонни аввало ўқиш ва билишга чорлайди. Илк нозил бўлган “Ўқи!” амри шунчаки савод чиқаришга эмас, балки онгли, маънони англаб, тафаккур билан ўқишга даъватдир. Чунки ҳақиқий илм – инсонни ҳақиқатга олиб борадиган, уни адолатли қарор чиқаришга қодир қиладиган илмдир. Шу маънода Қуръон илмни инсоннинг шарафи, устунлиги ва масъулияти сифатида кўрсатади. Одам алайҳиссаломнинг фаришталардан устун қилингани ҳам айнан илм сабабли бўлгани бунга очиқ далилдир.
Қуръон инсон тафаккурини ислоҳ қилишда фақат илмни эмас, балки илмнинг қандай асосда қурилиши кераклигини ҳам белгилаб беради. У гумон, тахмин ва эҳтимолга таяниб ҳукм чиқаришни қоралайди. “Далилингизни келтиринг”, деган Қуръоний услуб ҳар қандай даъво бурҳон билан исботланиши шартлигини ўргатади. Бу қоида нафақат ақидада, балки ижтимоий, фикрий ва ҳаётий масалаларда ҳам амал қилади. Илм – далил билан мустаҳкамланса, тафаккур соғлом бўлади, далилсиз илм эса фикрий беқарорликка олиб боради.
Қуръон инсонни фақат далил келтиришга эмас, балки далил билан фикрлашга ҳам ўргатади. Шунинг учун у кўп бор осмонлару ерга, тарихий воқеаларга, ўтган қавмлар қиссаларига назар солишни буюради. Бу назар тасодифий эмас, балки ақлни ишлатиш, сабаб ва натижани англаш, ҳақиқатни англаб етиш учун қилинган чақириқдир. Қуръон мантиқий фикрлашни инкор этмайди, аксинча уни тозалайди, тўғри йўналтиради ва уни ваҳий билан уйғунлаштиради.
Илм ва далилга таяниш манҳажи инсонни тақлиддан қутқаради. Қуръон ота-боболар йўлига кўр-кўрона эргашишни қоралаб, инсондан мустақил фикрлашни талаб қилади. Бу мустақиллик ҳавойи нафсга эргашиш эмас, балки ҳақиқатни далил билан излаш мустақиллигидир. Шу жиҳатдан Қуръон таълимотида ҳақиқий эргашиш – ҳужжатга эргашиш, ботил тақлид эса – далилсиз сўзни қабул қилишдир.
Хулоса қилиб айтганда, Қуръони Карим инсон тафаккурини илм ва далил асосида ислоҳ қилишни мақсад қилган. У инсонни гумондан яқинликка, тақлиддан идрокка, ҳис-туйғудан бурҳонга олиб чиқади. Бундай тафаккур эса инсонни адолатли, масъулиятли ва барқарор қарор чиқарадиган шахсга айлантиради. Илм далил билан, далил эса холис ният билан қўшилгандагина тафаккур соғлом бўлади. Ана шу соғлом тафаккур эса шахс, жамият ва уммат ислоҳининг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби,
БухДУ исломшунослик йўналиши магистранти.
УЗ
РУ
EN
العربية