ХОЖА АЛОУДДИН ҒИЖДУВОНИЙ
Ҳазрат Алоуддин Ғиждувоний нақшбандия тариқатининг хос пирлари бўлиб, ҳазрати Амир Кулолнинг муридлари ҳазрат Вошўйидан таълим олганлар. Шунингдек, йигитлик айёмида ҳазрати Баҳоуддин назарларига тушиб, бу зоти шарифга ҳам шогирд тушиб мурид бўлганлар. Сўнгра таълим ва тарбияни хожа Муҳаммад Порсодан давом эттирганлар. Таваллудлари милодий 1336 йил. Ғиждувонда туғилганлар. Ҳазрати Алишер навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ул зоти мукаррамни катта ҳурмат билан тасниф этганлар: “...азим истиғроқи (фикрга чўмиш,сермулоҳаза) бор эрмиш. Ва бағоят ширинтакаллум эрмиш. Гоҳ бўлур эрмишки.сўз айтадурғоннинг орасида ўзидан ғойиб бўлар эрмиш”.(274-бет)
Бу сифатлар ҳазратнинг аҳли дониш,илми ҳол кишилар жумласидан эканлигини ифода этади.Бинобарин,замондошлари,жумладан, хожа Порсо бу зот кексайиб қолганларида ҳам ҳурматларини бажо келтириб, ҳаж сафарига бирга олиб борган эканлар ва ўтган азизларни (бу ўринда ҳазрат Баҳоуддин эслатилаётир) ёдга солишлари эътиборли экан. Демак,илму хулқда улуғликларни ҳам сингдирган,ҳам тарқатган.
Яна “Рашаҳот”да: Хожа Аҳрори Валий хожа Алоуддин Ғиждувоний Бухорога келадилар.Бир масжидга кириб нуроний донишмандни учратиб,ул зот билан уч кун суҳбатлашадилар. Шунда кекса пир сўрайди: “Уч кундан буён мен билан суҳбатлашасиз,мақсадингизни англатмайсиз. Агарда мендан шайхлик ёки каромат талаб этсангиз, бу нарсалар бизда йўқ! Агар суҳбатимиздан кўнглингиз ҳузурланган бўлса,бу муборак бўлсин! Дея ҳазрат Ромитонийнинг қуйидаги рубойисини ўқиб беради :
Бо ҳар ки нишастию нашуд жамъ дилат,
Ваз тў нарамид заҳмати обу гилат.
Аз суҳбати вай агар табарро накуни,
Ҳаргиз накунад руҳи Азизон биҳилат.
(Маъноси: суҳбатдошинг суҳбатидан дилинг ғашланса,бу суҳбат бефойдалигини унутма.Ундайларнинг ёнидан нари кетмасанг, Азизоннинг руҳи сендан шод бўлмайди.)
Бу кекса зот ўзлари истаб борган хожалари Алоуддин Ғиждувоний эдилар. Бу воқеа содир бўлганида Аҳрори Валий 22 ёшда,Алоуддин Ғиждувоний ҳазратлари 90 да эканлар ва Валий деган эканларки:”Қалбимда кўп изтироб бор эди.” Хожа Алоуддин Ғиждувоний билан ҳам суҳбат бўлганимиздан сўнг улар ўз-ўзидан йўқолди ва қалбим орм олди”.(“Рашаҳот”. 103бет)
“Рашахот” да яна бир нақл борки,унинг мазмуни ҳол ва қол илмида мартабага етган инсоннинг сифати хусусида рўй рост жавоб бўлади,яъни Аҳрори Валий йўлда хожа Алоуддин Ғиждувонийга йўлиқади. Иккалалари бир мозорга бориб зиёрат этишади ва хожа дейдилар: “Бу кечани бедор ўтказинг!”.Ўзлари шу чўкка тушгандан бомдодгача бедор ва бир зайл ўтириб зикрда бўладилар. 22 яшар 90 яшар чолнинг бу ибрати камоли тарбия мактаби эди.
Шунинг учун хам Абу Наср Порсо ҳазрати хожа Алоуддининг жанозаларида (1428 йиллар): “Биз то шу вақтгача ҳазрат Алоуддин сояларида ва ҳимоялари баракотида эмин ва осуда эдик. Бу кун ҳазрат Алоуддин Ғиждувоний Ҳақ Субҳанаҳу таолонинг жавори раҳматига кетдилар.Эмди ул маҳал турурким,қўрқаман!”.
Қабрлари Бухородаги машҳур намозгоҳ масжиди жанубида, Филмарза қишлоғи тепалигида дафн қилинган. Айни пайтда ушбу жойда сахий ҳомийлар ёрдамида ободонлаштирилиб, Алоуддин Ғиждувоний мақбаралари устида мақбара қурилиб, сўлим гўшага айлантирилмоқда.
Жалолиддин Сабуров,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси директори
УЗ
РУ
EN
العربية