
Дарахт экиш — садақая жориянинг намунаси
Ислом таълимотида инсон қайси соҳада яхшилик қилса, унинг самараси охиратгача давом этиши мумкин. Ана шундай амаллардан бири — садақая жория, яъни узлуксиз савоб келтирадиган хайрли ишлардир. Масжид қуриш, илм тарқатиш, қудуқ очиш — буларнинг барчаси садақая жорияга киради. Бир қарашда оддий бўлиб туюлган дарахт экиш ҳам ушбу улуғ амаллар қаторига киради.
Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларининг бирида: “Агар бир мусулмон дарахт экса ёки уруғ сепса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса — бу унга садақа бўлади” (Имом Муслим ривояти). дея, марҳамат қилганлар.
Бу ҳадис дарахт экишнинг фақат экологик ёки иқтисодий эмас, балки руҳий ва динда ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Яъни, одам учун соябон бўладиган, қуш учун паноҳ, ҳайвон учун емиш, ер учун наф келтирадиган ҳар бир дарахт — садақа манбаи.
Садақая жориянинг энг катта хусусияти — уни қилган киши вафот этгандан кейин ҳам савоби тўхтамайди. Дарахт экилди, ўсди, мева берди — уни ҳар ким еса, унинг соясида дам олса, ҳатто ҳеч ким эътибор бермаган бўлса ҳам, бу савоб қилиб ёзилаверади. Бу дунёда қолдирилган яхшиликнинг охиратдаги дивиденди десак, адашмаймиз.
Дарахт экиш — фарзандларимизни меҳр, табиатга эҳтиром ва масъулият ҳиссида тарбиялашнинг амалий усулидир. Бир неча дақиқа сарфлаб экилган бир дарахт — болаларга ҳаёт сабоғи, ўз қўли билан яратган яхшиликка гувоҳликдир.
Экиш — ибрат, парвариш — масъулият ҳмсобланади. Дарахтни экишни бошлаб қўйиш керак эмас, уни парвариш қилиш, сув бериш, тозалаб туриш ҳам аҳамиятли. Бу эса инсоннинг нафақат савобни исташи, балки уни сақлашга ҳам интилишини англатади. Бу маънода, дарахт экиш — исломдаги мукаммал амаллардан биридир: яхшиликни бошлаш, давом эттириш ва ундан барчага наф етказиш.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак. Дарахт экиш бугунги замоннинг нафақат экологик, балки маънавий эҳтиёжидир. У нафақат табиатни яшнатади, балки инсоннинг қалбини ҳам поклайди. Шу боис ҳар бир дарахтни ниҳол сифатида эмас, садақая жория сифатида кўришни ўргатайлик — ўзимизга ҳам, келажакка ҳам яхшилик қилган бўламиз.
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби.