
Бағрикенглик ва Виждон эркинлиги: Янги Ўзбекистоннинг барқарорлик асосидир.
Бугунги глобаллашув ва ахборот оқими кучайган замонда дин ва эътиқод масалалари нафақат шахсий ҳаётга, балки жамият барқарорлиги ва миллатлараро муносабатларга ҳам бевосита таъсир қилмоқда. Айниқса, кўп миллатли ва турли конфессияларга мансуб аҳолига эга мамлакатларда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш тинчлик ва тотувликнинг асосий гарови бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ана шундай давлатлардан бири сифатида бу борада ўзига хос тажриба ва амалиётга эга. Ўзбекистон - кўп миллатли ва турли эътиқодларга эга, халқлар тинч-тотув яшайдиган юртдир. Мамлакат Конституцияси ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашни кафолатлайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва диний эркинликни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Виждон эркинлиги ҳар бир инсоннинг ўз эътиқодига эга бўлиш, уни эркин ифода этиш ва дин амалларини бажариш ҳуқуқини англатади. Бу эркинлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аниқ ифодаланган бўлиб, 31-моддада қуйидагича дейилган: “Ҳар ким виждон эркинлигига эга. Ҳар ким ўз диний эътиқодига кўра яшаш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.” Бу ҳуқуқ халқаро меъёрларга ҳам мос келади, хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро конвенцияларда ҳам виждон эркинлиги асосий инсон ҳуқуқи сифатида эътироф этилган. Бу ҳуқуқ орқали фуқаро ўз эътиқодини эркин танлаши, диний маросимларни адо этиши, ибодат қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқларини кафолатлайди.
Ўзбекистонда диний бағрикенглик сиёсати миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистонда турли динларга мансуб фуқаролар тинч-тотув яшамоқда. Мамлакатда ҳозирда 16 дан ортиқ диний конфессияларга оид диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Мамлакатда Ислом дини билан бирга, Православ насронийлиги, Католиклик, Яҳудийлик, Буддизм каби конфессиялар ҳам эркин фаолият юритмоқда. Расмий статистикага кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 2,300 дан ортиқ диний ташкилотлар рўйхатдан ўтган.
Давлат барча динлар вакиллари учун тенг шароитлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, диний байрамлар - Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити расмий дам олиш кунлари сифатида белгиланган шунингдек, ҳиндларнинг Ҳоли байрами ва насронийларнинг Раждествоси байрами учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Шунингдек, юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-маданий маркази, Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон православ черкови, Яҳудий жамоаси ва бошқа диний тузилмалар фаолият юритмоқда.
Эътиқодга ҳурмат нафақат конституцион талаб, балки маънавий қадрият сифатида жамият ҳаётининг ажралмас қисмидир. Ўзбек халқи қадимдан турфа дин ва маданиятлар билан ёнма-ён яшаб келган. Бухоро, Самарқанд, Хива сингари шаҳарлар қадимда мусулмон, яҳудий, насроний, буддист ва бошқа жамоаларнинг маданий маркази бўлган. Бугунги кунда бу тарихий мерос юксак қадрланмоқда. Диний зиёратгоҳлар, муқаддас масканлар, қадимий ибодатхоналар сақланиб, рестервация қилинмоқда. Бу эса, халқимизнинг барча эътиқод вакилларига нисбатан чуқур ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда эканини кўрсатади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний маърифат ва маънавий тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бағрикенгликни мустаҳкамлашда диний саводхонлик ва маърифат муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бу - диний экстремизм ва радикализмга қарши маънавий-маърифий йўл билан курашишдир. Ёшлар орасида соғлом диний тушунчаларни шакллантириш, ёт ғояларни рад этиш, буюк алломалар меросини ўрганиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Айниқса, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби эътиқод арбобларининг асарлари ёш авлодга соғлом диний дунёқарашни сингдиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Булар каби буюк алломалар меросини чуқур ўрганишга кенг имкониятлар яратилган.
Эътиқодга ҳурмат - бу шунчаки диний масала эмас, балки жамиятнинг барқарорлиги, тотувлиги ва тинчлигининг пойдеворидир. Ўзбекистон бу борада нафақат ички сиёсатда, балки халқаро миқёсда ҳам ижобий тажрибага эга давлат сифатида тан олинмоқда. Ҳар бир фуқаронинг эътиқодига ҳурмат билан ёндашиш, унинг диний эркинликларини таъминлаш - замонавий демократик жамиятнинг муҳим белгиларидан биридир. Ўзбекистонда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик жамият барқарорлиги, миллатлараро тотувлик ва инсон ҳуқуқларининг муҳим кафолати сифатида қаралади. Бугунги тинч, барқарор ва бағрикенг Ўзбекистон - турли эътиқод ва қарашдаги инсонлар учун ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратган юрт намунасидир.
Исроилов Абдурaуф,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси талабаси