
Устоз – нур таратувчи зиё
Инсон зотини илм орқали даражотларга кўтарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, "Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман", деган зот – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.
Устозлик буюк масъулият ва олий шарафдир. Чунки пайғамбарлар ҳам устоз, муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим дегани илм берувчи, ўргатувчи демакдир. Илм эса пайғамбарларнинг меросидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳам (мол-дунё) мерос қолдирмаганлар. Улар илм мерос қолдирганлар. Ким бу илмдан насибадор бўлса, улкан бахтга эришгандир" (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бу ҳадиси шарифдан англашилдики, олимлик улуғ масъулият, шу билан бирга шарафли касбдир. Бу шараф соҳибларига Аллоҳ таоло улкан савоблар ва олий даражотларни насиб этгандир.
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлару ерлардаги мавжудотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва улар учун истиғфор айтади."
Агар устозлар бўлмаса, дунё қоронғуликка чўмган бўларди. Ҳар бир соҳа ва касб эгаси ўз устозлари сабаб етишади. Абдурраҳмон Жомий айтганидек:
Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди жаҳон.
Дар ҳақиқат, устозсиз замоннинг зиёси сўнади. Ҳар бир ривожланиш, тараққиёт ва маърифат ортида устозларнинг саъй-ҳаракатлари ётади.
Аллоҳ таоло барча устозларимизнинг тану жонларига сиҳат-саломатлик берсин, сермазмун меҳнатларини Ўзи мукофотласин.
Шу муборак кунда барча устоз ва мураббийларимизни "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" билан чин қалбдан муборакбод этамиз.
Дилшод АЛИЕВ.
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби,
Болои Ҳовуз масжиди имом хатиби.