19.04.2023

Қуръони карим

2-қисм

Аллоҳ нима учун Қуръонни нозил қилди?

Аллоҳ таоло Қуръонни фақатгина тиловати билан мақтаниш ёки оятлари билан деворларни безаш, ёхуд Раббининг раҳмини келтириш учун ўлганларга бағишлаб қироат қилиш учун юбормади. Инсон ўз ҳаёт йўлини бир тизимга солиши, Аллоҳ туширган нарсалар билан ҳукм қилиши, инсонлар Қуръон нури ила ҳидоят топиши ҳамда зулматдан нурга чиқиши учун нозил қилди.
Соддароқ айтганда, Аллоҳ Қуръонни майитларга ўқилиши учун эмас, балки тирикларга дастур бўлиши учун туширди. Уни деворларга эмас, балки инсонларга безаш бўлиши учун юборди. 
Қуръоннинг барокати фақатгина унга эргашиш ва унга амал қилишда бўлади: 
وَهَذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Мана бу эса Биз нозил қилган муборак китоб – Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз! Шояд раҳматга эришсангизлар” (“Анъом” сураси, 155-оят).
Қуръоннинг ўзи инсонларнинг ҳаётида амалга оширилиши учун мақсадларни белгилаб қўйди. Буни тонг нуридан-да равшанроқ иборалар билан баён этди: 
إِنَّا أَنزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ بِمَا أَرَاكَ اللّهُ 
“(Эй Муҳаммад алайҳисалом), албатта, Биз сизга ушбу Китобни (Қуръонни) ҳақ (ҳукмлар) билан одамлар орасида Аллоҳ сизга қўрсатган (ҳукм) билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик” (“Нисо” сураси, 105-оят).
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءكُم بُرْهَانٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُّبِينًا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ بِاللّهِ وَاعْتَصَمُواْ بِهِ فَسَيُدْخِلُهُمْ فِي رَحْمَةٍ مِّنْهُ وَفَضْلٍ وَيَهْدِيهِمْ إِلَيْهِ صِرَاطًا مُّسْتَقِيمًا
“Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди (яъни ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом элчи қилиб юборилдилар). Ва Биз сизларга равшан нурни (яъни Қуръонни) нозил қилдик. Аллоҳга имон келтириб, Унга боғланган зотларни (Аллоҳ) Ўз томонидан бўлган раҳмат ва фазлу марҳаматга (яъни жаннатга) дохил қилур. Ва уларни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилур” (“Нисо” сураси, 174-175 оятлар).
قَدْ جَاءكُم مِّنَ اللّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُّبِينٌ يَهْدِي بِهِ اللّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلاَمِ وَيُخْرِجُهُم مِّنِ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ 
“Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сиротул мустақиймга ҳидоят қилур” (“Моида” сураси, 15-16 оятлар).
وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ فَاحْكُم بَيْنَهُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ وَلاَ تَتَّبِعْ أَهْوَاءهُمْ عَمَّا جَاءكَ مِنَ الْحَقِّ
“Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!” (“Моида” сураси, 48-оят).
وَأَنِ احْكُم بَيْنَهُم بِمَآ أَنزَلَ اللّهُ وَلاَ تَتَّبِعْ أَهْوَاءهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَن يَفْتِنُوكَ عَن بَعْضِ مَا أَنزَلَ اللّهُ إِلَيْكَ
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!” (“Моида” сураси, 49-оят).
إِنَّا أَنزَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَّعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
“Дарҳақиқат, Биз уни сизлар ақлларингизни юргизишингиз (маъноларини англашингиз ) учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик” (“Юсуф” сураси, 2-оят).
كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ إِلَيْكَ لِتُخْرِجَ النَّاسَ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِ رَبِّهِمْ إِلَى صِرَاطِ الْعَزِيزِ الْحَمِيدِ
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга – қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига – олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир” (“Иброҳим” сураси, 1-оят).
إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ يِهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا وأَنَّ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِالآخِرَةِ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا
“Албатта, ушбу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлиги ҳақида хуш хабар берур. (Шунингдек, ушбу китоб) охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимиз ҳақида ҳам (“хушхабар” берур)” (“Исро” сураси, 9-10 оятлар). 
Қуръонга гўзал амал қилиш ва унинг ҳидоят нурлари ила нурланиш учун Аллоҳ ўз Китобида биздан Қуръонга нисбатан қандай муомалада бўлишимизни истаган бўлса, худди шундай муомала қилишимиз зарур. Бу Қуръонни тўғри тушунишимиз, оят ва ҳукмларининг тафсирини ҳаққоний ва виждонан англаб етишимизга боғлиқ. Шундагина Қуръон айтмаган нарсаларни айтмаймиз, у зиммамизга юкламаганларни ўзимизга юклаб олмаймиз, ундан бўлмаган нарсаларни қўшмаймиз, ундаги нарсаларни камайтирмаймиз, кейинга қолдирган ёки ортга сурган нарсаларда шошилмаймиз, ёки тақдим этган нарсаларни кечиктирмаймиз. Бунинг учун баттолларнинг ўйинларини, жоҳилларнинг таъвилларини, адашганларнинг ўзгартиришини тўхтатиб қола оладиган қоида ва тизимга муҳтожмиз.
Китобнинг баъзисига имон келтириб, баъзисини инкор этадилар
Ҳаётда “Биз Қуръони каримга имон келтирамиз, аҳкомларига бўйин эгиб итоат қиламиз, лекин баъзи ўринларда итоат этмаймиз”, дейдиганлар ҳам бор. Ундайлар эътиқод, ибодат, ахлоқ томонларини қабул қилади-да, шариат қоидалари, иқтисод, сиёсат кабиларда ўз билганларидан қолмайди. Ажабланарлиси, бу нарса мусулмон эканини даъво қилиб, Аллоҳни Рабб, исломни дин, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар, Қуръонни имом-йўлбошловчи деб тасдиқ этган инсондан содир этилишидир. 
Қуръонни Аллоҳнинг китоби деб эътиқод қиладиган одамдан бу қандай содир бўлади?! Қуръоннинг барчаси Аллоҳнинг каломи эмами?! Ундайлар Раббиларига ниманидир уқтирмоқчими?! Ёки улар махлуқотларнинг манфаатларини билишда Аллоҳдан-да билимдонликни ёки Ундан яхшироқ эканликларини даъво қиляптими?! Улар ўзларини Аллоҳ билан тенг келамиз деб ҳисоблайдиларми? Нега Аллоҳнинг махлуқотлари борасида тортишадлар, ҳукмида унга шерик бўладилар? Огоҳ бўлингки, улар қилаётган нарса бунчалар ёмон! 
Қандай қилиб махлуқ Холиққа тенг бўлиши мумкин?! Қандай қилиб яратилган, фоний, имкониятлари чекланган, ожиз инсон олий, ибтидосиз аввал – интиҳосиз охир бўлган Зот, мутлақ хоҳиш-ирода Соҳиби, енгилмас қудрат Эгаси, еру осмонда бирор нарса ожиз қолдиролмайдиган Зотга тенг бўла олади?!
Булардан ташқари, яна маккий сураларни олиб, маданий сураларни тасдиқ этмаймиз, дейдиган шахслар ҳам бор. Улар: “Биз фақатгина маккий сураларга амал қиламиз. Маданий суралар ҳаётимиздаги ишларда у суралар халал беради. Гоҳида тескари келади, қарши чиқади. Ҳаёт эса ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам на Қуръон билан, на суннат билан ҳаётимизни музлатиб қўйиш мумкин эмас”, – дейишади. 
Бундай нарса Бани Исроилдан ҳам содир бўлганда Қуръони карим қаттиқ инкор этган ва қатъий огоҳлантирган ҳамда таҳдид этган. Улар Тавротнинг ўзларига ёққан томонини қабул қиларди-да, ёқмайдиган жойларини эътиборсиз қолдириб, тарк этарди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ الْكِتَابِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍ فَمَا جَزَاء مَن يَفْعَلُ ذَلِكَ مِنكُمْ إِلاَّ خِزْيٌ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يُرَدُّونَ إِلَى أَشَدِّ الْعَذَابِ وَمَا اللّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُاْ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالآَخِرَةِ فَلاَ يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلاَ هُمْ يُنصَرُونَ
“Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинишдир. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир. Ана ўшалар охират ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблари енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди” (“Бақара” сураси, 85-86 оятлар).
Шунингдек, Аллоҳ таоло ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни баъзи аҳли китоблар Қуръонда нозил бўлганлар борасида у зотни ўзларига оғдириб олишидан ва йўлдан уришидан, натижада Қуръон билан ҳукм чиқармаслик ва унга амал қилмасликдан огоҳлантирди. Бу у зотдан кейин келадиган умматларига ҳам огоҳлантиришдир: 
وَأَنِ احْكُم بَيْنَهُم بِمَآ أَنزَلَ اللّهُ وَلاَ تَتَّبِعْ أَهْوَاءهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَن يَفْتِنُوكَ عَن بَعْضِ مَا أَنزَلَ اللّهُ إِلَيْكَ
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!” (“Моида” сураси, 49-оят). 
Қуръон даъват этилган пайтда Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бўйин товлаган, ўзларига тегишли манфаатлар ва нафсу ҳавосига мос ҳукмларгагина бўйсунадиган мунофиқлар тоифасини қаттиқ қоралади ва улардан имонни очиқдан-очиқ олиб ташлади. 
Аллоҳ таоло айтади: 
وَيَقُولُونَ آمَنَّا بِاللَّهِ وَبِالرَّسُولِ وَأَطَعْنَا ثُمَّ يَتَوَلَّى فَرِيقٌ مِّنْهُم مِّن بَعْدِ ذَلِكَ وَمَا أُوْلَئِكَ بِالْمُؤْمِنِينَ وَإِذَا دُعُوا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ لِيَحْكُمَ بَيْنَهُمْ إِذَا فَرِيقٌ مِّنْهُم مُّعْرِضُونَ وَإِن يَكُن لَّهُمُ الْحَقُّ يَأْتُوا إِلَيْهِ مُذْعِنِينَ أَفِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ أَمِ ارْتَابُوا أَمْ يَخَافُونَ أَن يَحِيفَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَرَسُولُهُ بَلْ أُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ إِنَّمَا كَانَ قَوْلَ الْمُؤْمِنِينَ إِذَا دُعُوا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ لِيَحْكُمَ بَيْنَهُمْ أَن يَقُولُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Улар (яъни мунофиқлар): “Аллоҳга ва пайғамбарга имон келтирдик ва бўйсундик”, дейдилар-у, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига) бўйин эгиб келурлар. Уларнинг дилларида мараз борми ёки (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ўзларига зулм қилишидан қўрқарларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи “эшитдик, бўйсундик”, демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир” (“Нур” сураси, 47-51 оятлар). 
Мўминлар Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига даъват этилган пайтларида муносабатлари бундай бўлади: иккиланишсиз бўйсунадилар, сусткашлик қилмай итоат этадилар. 
أُوْلَئِكَ عَلَى هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир” (“Бақара” сураси, 5-оят).
Аллоҳни Рабб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар, Қуръонни имом-йўлбошчи деб билган, Аллоҳ ва Расули рози бўлган нарсага рози бўлган, Аллоҳ ва Расули лозим этган нарасани ўзига лозим тутган кишилар нажот топади. Акс ҳолда имон маъноси йўқ лафз, аслида мавжуд бўлмаган даъво бўлиб қолади:
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ
“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича қилмоқ йўқ” (“Аҳзоб” сураси, 36-оят).
Аммо Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига ўзининг фойдаси ва ҳавойи нафси бўладиган ўринлардагина бўйсунадиганларнинг қалблари касал ва шубҳа гумонга тўладир: 
وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
“Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир” (“Моида” сураси, 45-оят);
وَمَا أُوْلَئِكَ بِالْمُؤْمِنِينَ
“Улар мўмин эмаслар” (“Моида” сураси, 43-оят).  1-қисм
 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади