Қуръони карим
3-қисм
Суннатнинг шариатда ҳужжат бўлиши
Қуръон бўлинмас бир бутундир
Қуръон бир бутундир, унинг таълимотлари, аҳкомлари ўзаро боғланган, мустаҳкам бирликка эга, мукаммалдир. Ҳар бир таълимот ва ҳукмларининг ораси бир жисмдаги аъзолар орасидаги битта аъзо кабидир. Уларнинг баъзиси баъзисига ўз таъсирини ўтказади. Жисмдан бир ёки ундан кўпроқ аъзони алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди. Бас, эътиқод ибодатни озуқалантиради, ибодат эса ахлоқни. Буларнинг барчаси ҳаётдаги амалий, шаръий томонни қувватлайди.
Мусулмон киши “Эй, имон келтирганлар! сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (“Бақара” сураси, 183-ояти)ни ўқиб туриб: “Эшитдик ва итоат қилдик”, дейиши ва лекин ўша суранинг ўзидаги “Эй, имон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди” (178) оятини ўқиб: “Эшитдик ва итоат этмадик”, дейиши имон ва ақл мантиғига тўғри келмайди.
Нега? Чунки биринчи оят ибодат, иккинчи оят ҳадлар тўғрисида.
Бунинг маъноси шуки, инсон ўз ҳавойи нафси ва истакларига қараб Аллоҳ таолонинг ҳукмини таъқиб қилувчи бўлиб қолди: ҳукмдан олади ва тарк этади; қабул қилади ва рад этади. Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир.
Қаранг, ундай шахслар “Бақара” сурасидаги Оятул курсийни қабул қилади: “Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдирдир ва қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас”.
Лекин ушбу сурадаги “Эй имон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тавқо қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас” (278-279) оятларини қабул қилмадилар.
Чунки Оятул курси илоҳият, рибо ояти эса муомалотлар ҳақида.
Мана шундайлардан яна “Моида” сурасидаги ушбу “Эй имон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар” (6) оятини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилишади. Лекин ушбу сурадаги “Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир” (38) оятини инкор этишади.
Ундай одамлар “Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар” (“Ҳаж” сураси, 78) оятини тиловат қилади-да, “Намозни қабул қиламан, лекин закотни қабул қилмайман. Чунки намоз холис руҳий ибодатдир. Закот эса мол-давлат ва иқтисодга тааллуқли бўлган бир қисмдир. Шундай экан, намоз ҳақидагисини қабул этиб, закот ҳақидагини рад этаман”, дейди.
Ё Аллоҳ! Банда Раббидан билимдонроқ бўлиб қолдими ёки махлуқ Холиқидан устунроқ бўлдими?!!
Ҳақиқат шуки, Аллоҳга тенг келувчи бирор кимса йўқ. Баъзи инсонлар аксинча ўйлайди, холос. Ўзларидан бирор нарсани ажрата оладиган ёки нуқсон-камчилик топиш, ёхуд ниманидир тасдиқлаш учун олий маҳкама ясаб оладилар. Аслида эса Аллоҳнинг ҳукмларидан ўз ҳавойи нафси ва ақлидан келиб чиқиб нуқсон топмоқчи, ёки ниманидир тасдиқламоқчи бўладилар.
Бундай нарсаларга қарамай, албатта, Қуръоннинг барча таълимотларини амалга ошириш, бажариш вожибдир. Унда “руҳий” деб номланган ёки “моддий” деб номланишининг фарқи йўқ. Дин ишлари деб ҳисобланган ёки дунё ишлари деб эътибор этилганлари орасида ҳам умуман фарқ йўқ. Биргина шахс ҳаёти ва ёки жамият ҳаётига боғлиқ нарсаларнинг ҳам ўртасида умуман ажратиш йўқ.
Модомики, оятларнинг барчаси Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғи доирасида экан, баъзи оятлар орасидаги эътиборли фарқловчилар ҳам, уларда қандайдир номланиш ва сарлавҳалар ҳам бўлмайди.
Ким мусҳафни очиб “Фотиҳа” сурасини ўқиса, сўнг “Бақара” сурасини ўқишга киришса, суранинг аввалидаёқ ҳидоятдаги тақводорларнинг сифати баён қилинганини кўради: “Улар ғайбга имон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар” (3-оят). Натижада у “ғайбга имон келтириш” каби эътиқодий жиҳатни, “намозни тўкис адо этиш” сингари ибодат томонини ва “Аллоҳ уларга берган ризқдан инфоқ қилиш” каби иқтисодий томонини ҳам бир-бирига боғлай олади.
Шунингдек, Қуръони каримнинг бошқа сураларида мўминлар ҳамда тақво ва эҳсон аҳлларининг сифатини топамиз. Уларда биз айтган жиҳатлар бир-биридан ажратилмаган.
Бундай сифатларни “Анфол” сурасининг 2-5 оятларида, “Мўминун” сурасининг 1-11 оятларида, “Шуро” сурасининг 36-39 оятларида; бандаларнинг сифатларини “Фурқон” сурасининг 63-76 оятларида; яхшилик қилувчиларнинг сифатларини “Зарият” сурасининг 15-19 оятларида ва бошқа кўплаб сураларда кўрамиз.
Қуръондаги буруқлар, қайтариқлар ва тавсияларни топамиз. Масалан, бундай тавсиялардан бири “Анъом” сурасининг 151-оятида зикр қилинган ўнта тавсия: “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман…”
“Исро” сурасининг 23-оятидан бошланадиган ҳикматли тавсия: “Раббинг фақат Унинг Ўзига ибодат қилишни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди…”
Мазкур оятларнинг барчаси ақида, ибодат хулқ, сулукларнинг орасини жамлайди. Булар динга, дунёга тааллуқли бўлган; ҳар бир шахсга, оила ва жамиятга алоқадор бўлган барча нарса бир жараён остида, бир яхлит матн сиёқида келтирилган. Бу оятларнинг баъзиси баъзисидан ажратилмайди, баъзилари айримларидан устун қўйилмайди.
Гоҳида Қуръони карим инсонларнинг мавқе ва ўринлари турли экани эътиборга олинган буйруқларни талаб этишда биргина сийғани (бирлик аниқ шаклни) ишлатади. Масалан: “Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди” (“Исро” сураси, 178-оят). “Сизларга, бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди” (“Бақара” сураси, 180-оят). “Сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (“Бақара” сураси, 183-оят). “Сизларга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди” (“Бақара” сураси, 216-оят).
Мазку бирлик сийға “Сизларга фарз қилинди” калимасидир. Бу шартлик ва фарзликни ифодалайди. Бу сўз қасосга нисбатан ишлатилса, жиноятга нисбатан қонунлар борасида бўлади. Агар васият-тавсияларга нисбатан ишлатилса, шахсий ҳолатлар ва оила ишларидан хабар беради. Агар рўзага нисбатан ишлатилса, ибодат шиорларини билдиради. Агар жанг қилишга нисбатан ишлатилса, давлатлараро-халқаро алоқалар борасида бўлади. Буларнинг барчаси Аллоҳ мўминларга ёзган ва фарз қилган нарсалардандир.
Суннат бу ислом таълими, уни татбиқ этиш, умматни унга кўра тарбиялашни муфассал ёритиб берадиган набавий йўлдир. У Аллоҳ таолонинг ушбу оятида гавдаланади:
لَقَدْ مَنَّ اللّهُ عَلَى الْمُؤمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولاً مِّنْ أَنفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبْلُ لَفِي ضَلالٍ مُّبِينٍ
“Албатта Аллоҳ мўминларга буюк инъом қилди – ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган элчини юборди. Ҳарчанд улар (Муҳаммад алайҳиссаломга паёҳамбарлик келишидан) илгари очиқ хато – залолатда эдилар” (“Оли Имрон” сураси, 164-оят).
Ушбу суннат Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, феъллари ва тақрирларида намоён бўлади.
Суннат бу Қуръони каримдан кейин исломнинг иккинчи масдаридир.
Бундан маълум бўладики, Қуръон исломнинг асосий қоида ва усуллари – ақоид, ибодат, ахлоқ, муомала, одобларни ўз ичига олган дастурдир.
Суннат эса мана шу қоида ва усулларнинг барчасида Қуръоннинг назарий баёни ва амалий татбиқидир.
Шунинг учун суннатга эргашиш ва у буюрган ҳукмларга амал қилиш вожиб бўлади. Худди Қуръон оятларигага итоат қилганимиз каби Расулуллоҳга итоат этишимиз вожибдир.
Бунга Қуръон далолат қилган.
Бунга суннатнинг ўзи далолат қилган.
Бунга уммат ижмоси гувоҳ бўлган.
Бунга ақл ва назар далолат қилган
Бу нарсалар бошқа китобларимизда ўз далиллари билан батафсил тушунтириб берилган.
Набавий суннат
Бу жойда шуни айтиш мумкинки, бу уммат (олдин ҳам, ҳозир ҳам) ададининг озлиги, тайёргарлигининг заифлиги, билимининг камлиги, тилининг узунлиги сабаб қийналиб келган. Баъзилар бизнинг суннатга эҳтиёж сезмаслигимизни, Қуръон у эҳтиёждан халос этганини, унинг ўзи исломнинг бутун бир масдари: эътиқоди, шариати, тушунчаси, ахлоқи, одоби деб ўйлайди.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади