
Ҳамидуд-Дин Нӯъмони Ҳанафий
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Собит ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Маймун, куняси Абул-Маолий, лақаби Ҳамидуд-Дин Нӯъмони ҳанафий бўлиб, ўз насабини Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ал-Боғдодийга бориб тақаллуфан боғлайди.
У ҳижрий 805 йили, 17-сафар куни Табрез вилоятларидан бўлган Марағада туғилган. Боғдодда ўсиб-улғайган ва у ерда отаси ҳамда Шариф Абдулмуҳсин Бухорийдан таълим олган. 821 ҳижрий йили Зулқаъда ойи охирида отаси билан бирга Дамашққа кўчиб ўтган, кейин эса Қоҳирага йўл олган. У ерда Шамс ибн ад-Дайрий ва Иззуддин Абдуссалом ал-Боғдодийдан илм олган. Кейин 824 ҳижрий йили яна Дамашққа қайтган ва у ерда Алоуддин Бухорий ҳамда Шараф Қосим ал-Улоийдан фиқҳ ўрганган. Айниқса, Алоуддин Бухорийга қарийб саккиз йил муҳаббат билан шогирдлик қилган.
Дамашқда 853 ҳижрий йили ҳанафийлар қозиси бўлиб тайинланган ва бу лавозимдан бир неча бор озод қилинган. Бир неча бор ҳаж қилган, илк марта 818 ҳижрий йили отаси билан, сўнгги марта эса 864 ҳижрий йили. Шу ҳаж сафарларидан бирида маккаликлардан бўлган Ибн Фаҳд ва унинг болаларига Абу Ҳанифа асарларидан баъзиларини ўз санади билан ўқиб берган.
У Қоҳира ва Маккада ҳадис айтган, ундан кўплаб уламолар илм олган. Турли мадрасалар ва вақфларни бошқарган, жумладан: аз-Зия, ал-Хотуния, ал-Муршидия, ал-Муайния ва ал-Кассаъин.
У Ибн Таймиянинг эътиқодига қарши раддия ёзган, "Канз ад-дақоиқ"ни шарҳлаган, "Ал-Ҳидоя"га ҳам шарҳ ёзишни бошлаган, лекин тўлиқ тугатмаган. Бир нечта рисолалар ҳам таълиф этган.
У сарф, наҳв, маъний, баён, усул ва бошқа ақлий фанларда етук олим бўлган. Алоуддин Бухорий Шиҳоб ал-Кавронига ундай дер экан: "Сабр қил, Ҳамидуд-Дин келсин, у бизнинг орамиздаги ҳакамдир".
867 ҳижрий йил, Рабиъул аввал ойининг 6-куни (якшанба кечаси) Дамашқдаги Муайния мадрасада вафот этган. Эртаси куни Ялабғо масжидида ва кейин Солиҳияда жанозаси ўқилган ва Қосиюн тоғининг этагига дафн қилинган.
Шайхимиз Саховий шундай деб марҳамат қилганлар: “Унинг отаси ўз насабини Имом Абу Ҳанифанинг авлодларидан деб даъво қилган ва ўз қўли билан Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуфгача етказилган насабни ёзган. Аммо ушбу насабни шунчаки тарихий маълумотларга озгина эътибор берган киши ҳам уни тўғри эмаслигини англайди. Ва Аллоҳ тўғри йўлни кўрсатувчидир.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаи матбуот котиби,
манбалар асосида тайёрлади