Қуръони карим
4-қисм
Суннат душманларининг шубҳалари
Бундай деб ҳисоблайдиганлар залолат ва бидъат эгалари сингари ўз гумонларида далил деб ўйлайдиган қандайдир шубҳаларга суянади. Уларнинг бундай шубҳа-гумонлари бутун ер юзини қамраб олган аҳли илмларнинг ҳужжатлари ила рад этилган.
Улар ўзларини аҳли Қуръон ва унга ёрдам берувчилар ҳисоблаб, қуйидагиларни далил сифатида келтиради:
1. Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари:
مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ
“Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (“Анъом” сураси, 38-оят);
وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِّكُلِّ شَيْءٍ
“Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб нозил қилдик” (“Наҳл” сураси, 89-оят).
2. Албатта, Аллоҳ Қуръонни сақлашга Ўзи кафил бўлган:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
“Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (“Ҳижр” сураси, 9-оят). Суннатни муҳофаза қилишни эса Ўз симмасига олмади.
3. Албатта, Набий алайҳиссалом Қуръон нозил бўла бошлагандан буён уни ёзиб олиш учун котиблар тайинлаган эдилар. Улар “ваҳий котиблари” номи билан танилганди. Лекин бу нарсани суннатга нисбатан жорий қилмадилар. Балки у зотдан “Мендан Қуръондан бошқа бирор нарсани ёзиб олманг”, деган гаплари ривоятда келган.
4. Шу сабабдан ҳам ҳадисга заиф ва воҳийликдан ташқари мункар, мавзуъ асли бўлмаган ҳадислар, ҳужжат бўлишга ярамайдиган ҳадислар кириб қолган. Ҳаммаси чалкашиб, аралашиб кетди. Саҳиҳ ва носаҳиҳ ўртасини ажрата олишга имкон бўлмайди.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади