
Мир Араб мадрасасидаги “Жин” ҳужраси ҳақида
Бухоро — асрлар давомида Ислом маданияти ва илм-маърифатнинг йирик маркази бўлиб келган шаҳар. Унинг қоқ юрагида, беш юз йил муқаддам барпо этилган Мир Араб мадрасаси бугун ҳам ўз гўзаллиги ва маънавий аҳамияти билан ҳар бир зиёратчини ҳайратга солади. Бу мадраса нафақат илм ўчоғи, балки меъморий нақшинкорлиги, пештоқлари ва деворлари орқали ҳам инсонга ибрат ва насиҳат етказади.
Мадраса Қуръони каримдаги суралар тартибига уйғун тарзда 114 та ҳужрадан иборат. Ҳужраларнинг катта-кичиклиги ҳам суралар мисоли турли туман. Айрим ҳужралар асрлар қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирдан чиқарилган. Улар орасида эътиборни ўзига тортадиган машҳур ҳужралардан бири “Жин” ҳужрасидир.
Нега “Жин” ҳужраси? Бу номнинг пайдо бўлиши Қуръони каримнинг 72-сураси — “Жин” сураси билан боғлиқ. Ушбу сурада асосан жинлар ҳақида маълумотлар баён қилинади. Шу сабабли ҳам мадрасадаги мазкур ҳужра “Жин” номи билан машҳур бўлган. Улуғ устозлардан ривоят қилинишича, илгариги даврларда айрим ҳолатларда бу хонада жинлар билан боғлиқ ҳолатлар кузатилгани учун ҳам ҳужра шундай номланган.
Бугунги кунда “Жин” ҳужраси таъмирланиб, мадраса ҳужраларининг асл қиёфаси айнан намойиш этилган. Ҳужрага кирилганда аввал ўчоқ ва унинг ёнида маҳсулотлар сақланадиган жой кўзга ташланади. Шунингдек, катта хона, қўл ювиш жойлари ва масжидга олиб борувчи эшик мавжуд. Зинапоядан юқори кўтарилганда яна бир қўл ювиш жойи, катта хона ва унинг ичидаги кичик хона жойлашган. Барча сув йўллари эса қадимий ер ости қувурлари билан боғланган.
Мир Араб мадрасасидаги ҳар бир ҳужра — ўзига хос маънавий мерос. Аммо “Жин” ҳужраси улар орасида сирли тарих ва ривоятлари билан алоҳида аҳамиятга эга. Унинг номи ҳам, меъморий тузилиши ҳам зиёратчи ва тадқиқотчиларни ўйга тортади. Бу ҳужра нафақат мадрасанинг, балки бутун Бухоронинг маданий қиёфасига яна бир ранг қўшиб туради.
Ҳужра деворларига;
Хушо зи вазъи чунин ҳуҷраи фарах бунёд,
Ки диданаш ғами сад сола мебарад аз ёд.
Фазояш ҳамчу дами орифони сафоангез,
Ҳавояш чун нафаси гулрухони тараб эҷод.
Ба лутф байти хирад соли ин бино бар он
Рақам намуд “зи халқи карам шавад обод”
(1316/1898-99).
Маъноси:
Не гўзал қурилмиш бу кенг ҳужра, ҳақиқат,
Кирсан, йўқолур юз йиллик ғам-алаҳат.
Фазоси ориф нафаси каби сафо бахш,
Ҳавоси гулдек, шодлик ўтратур анжат.
Хирад байти айтар: “бу бинонинг йили,
Карим халқ ила обод бўлгай насият”.





Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби