Қуръони карим (9 - қисм)
Суннат Қуръонга тескари эмас
Суннат Қуръонни баён этувчи, уни таъкидловчи, унинг мақсадларини бутунлай ва қисман шариатга жорий этувчи экан, ҳеч қачон унга тескари келмайди. Қуръонга очиқ-ойдин тескари келадиган саҳиҳ суннат йўқ. Бундай ҳадислар бўлса, у ошкор бўлмаган саҳиҳ бўлади ёки саҳиҳ бўлмаган очиқ-ойдин ҳадисдир. Саҳиҳ бўлмаган ҳадиснинг эътибори йўқ, сариҳ бўлмаган (яъни очиқчасига Қуръонга тескари бўлмаган) ҳадисни Қуръонга мувофиқ ҳолда таъвил қилиш шарт бўлади. Чунки Қуръон аслдир, фаръ аслга мухолиф бўлмайди.
Шу жойда муҳаққиқ олим Ибн Қайюмнинг “Иъламул муваққиъин” китобида суннатнинг Қуръон билан алоқаси ҳақида ёзганларини келтиришни лозим деб билдим. У зот айтадилар: “Суннат Қуръон билан бирга уч хил кўринишда бўлади. Биринчиси, суннат Қуръонга ҳар томонлама мувофиқ. Шунда Қуръон ва суннат бир ҳукм устида келади. Бунда далиллар бир-бирини қувватлаб келади. Иккинчиси, Қуръондан ирода қилинган маънони тушунтириб, уни тафсир қилувчи бўлиб келади. Учинчиси, Қуръон вожиблиги борасида сукут қилган ҳукмни вожиб қилувчи, ҳаром қилиши борасида сукут қилган ҳукмни ҳаром қилувчи бўлиб келади. Суннат мана шу уч қисмдан у ёғига ўтмайди. Демак, суннат Қуръонга ҳеч бир томондан зид келмайди”.
Суннатда Қуръонга қўшимча равишда баён этилганлар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қилинган ҳукм сифатида шариатга киритилган. Бу борада ҳам у зотга итоат этиш вожиб бўлади, осий бўлиш ҳалол эмас. Бу ерда суннатни Аллоҳнинг Китобидан устун қўйиш йўқ, балки Аллоҳ итоатига буюрилган шахсга бўйсуниш бор. Агар Расулуллоҳ алайҳиссаломга мана шу қисмда итоат этилмаса, у зотга итоат этишда бирор маъно қолмайди ва у зотнинг ўзларига бўлган итоат соқит бўларди. Агар Қуръонга қўшимча равишда айтган ҳукмларида итоат қилинмаса, у зотнинг ўзига хосланган тоат амалга ошмай қолади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур” (“Нисо”, сураси, 80-оят).
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади