13.06.2023

Қуръони карим (8 - қисм)

Қуръон ва суннат ўртасидаги фарқ

Қуръон ва суннатнинг ҳар бири ҳидоят ва шариат учун раббоний масдар бўлган экан, шубҳа йўқки, иккиси бир хил мақомда эмас, уларнинг орасида фарқлар мавжуд: 
А) Қуръоннинг ҳаммаси субути қатъий, авлоддан авлодга аниқ тавотир билан нақл қилинган. Суннат эса озроғи мутавотир, кўпи эса йўлига кўра оҳод ҳисобланади. 
Б) Қуръон ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали Набий алайҳиссалом қалбларига ваҳий қилинган. Бу Қуръоннинг ўзида зикр қилинади: 
نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ عَلَى قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنَ الْمُنذِرِينَ
“Уни Руҳул Амийн олиб тушди. Сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун” (“Шуаро” сураси, 193,194-оятлар). Аммо суннатдан илҳом ва қалбга солиш орқали собит бўлганлари, содиқ туш тарзида собит бўлганлари бўлиб, иккиси ҳам очиқ ваҳий эмас. Шунингдек, ижтиҳод йўли билан собит бўлганлари бўлиб, уни Аллоҳ таоло инкор этмаган. Бу “ботиний ваҳий” деб аталади. Зеро, Аллоҳ таоло хатога рози бўлмайди. 
В) Қуръоннинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳдан. Суннат эса (яъни ҳадислар) лафзи Расулуллоҳ алайҳиссаломдан. Шунинг учун ҳам Қуръонни маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Суннат-ҳадисда мумкин. 
Г) Қуръон борича, лафзлари ва маънолари барчаси муҳофаза қилинган: “Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (“Ҳижр” сураси, 9-оят). 
Суннат эса Қуръон муҳофазаси остида, унга баён ўлароқ муҳофаза этилган. Баён этилувчини муҳофаза қилиш баён этувчини муҳофаза қилишни тақозо этади. Суннатни сақлаш Қуръонни сақлаш демакдир.
Д) Қуръон ожиз қолдирувчилиги – мўъжизакорлиги билан ажралиб туради. У Аллоҳдан Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган буюк оятлардир. Суннатда инсоний балоғат юксак даражада бўлиши билан биргаликда ожиз қолдирувчиликда у мақомда эмас. 
 

1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм7-қисм,  

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Шаҳзод Рамазонов, манбалар асосида тайёрлади