ИККИ ЕТИМ (охирги қисм)
Шу вақт Мажид синглисини эслади, унинг олдига борди ва уни кўтарди, бағрига босди ҳамда унга:
- Сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? Йиғлама, эй жон сингилгинам!
- Мен очман.
- Очсан?
Энди Мажид нима қилади, унга қаердан таом келтириб беради? У ўридан туриб, егулик излай бошлади. Бахтига ошхонанинг эшиги очиқ экан(одатда эшик доимо қулф бўларди). Мажид ошхонада стол устидаги қолган-қутган нарсаларни синглисига олиб келтирди, синглиси эса қолган-қутган овқат қолдиқларини қувониб ер, авваллари ҳаммага бирдай севимли, бирор нарса истаб қолса, истаги албатта бажариладиган, талаблари сўзсиз амалга ошадиган қизалоқдан асар қолмаган эди. Мажидга синглисининг отаси, ўгай онаси ҳамда ўгай синглисидан қолган, ошхонадан яширинча ўғирлаб чиқилган овқатларни хурсанд ҳолда еганини кўриш алам қилди. Мажиднинг хаёлида яна ўтган кунлари гавдаланиб, қалбида туғён қилди. У онасини эслади ва кўз олдида онасининг сурати намоён бўлди. Онаси уни ўзи томон чорлар эди… Ўз хаёлида доим кўрадиган нарсаларининг бари кўз олдида бир-бир гавдаланиб, уни ўтмиш кунларига қайтарди ва ҳозирини унуттирди. У айни чоғда синглини бечора, етим ҳолида эмас, онаси жонажон қизини севиб, эркалаб, ғамхўрлик қилиб турган ҳолида кўриб турарди.
У ҳозир парчаланган дафтарию, қўлдан кетган келажагини, аччиқ ҳаётини унутган, қулоғи фақат ўтмиш овозини, ўз онасининг овозини эшитарди.
- Турақол, эй жонажон синглим, онамизнинг овозларини эшитмаяпсанми!? Юрақол, онамизнинг ёнларига борамиз.
Қизалоқ фақат мана шу золим онадан бошқани танимагани учун, акасининг айтганларидан қўрқиб, ҳайратда қолди ва шу сабаб акаси билан кетишга рози бўлмади. Бу ҳийлакор онанинг дастидан қизалоқнинг қалбида инсоният энг гўзал тасвирлар билан тасвирлайдиган, энг чиройли сўзлар билан улуғлайдиган она тимсоли ўлиб бўлган эди.
- Юрақолсангчи, ширин онамизнинг ёнларига борамиз, бизнинг ҳақиқий онамиз олдига. У "у томонда", гўзал жойда, жаннатда! Унинг овозини эшитяпсанми?!
Мажид синглисини кўтариб олди ва эшикни очиб, қулоғининг пардаларини тебратаётган гўзал овоз уни чорлаётган томонга, онаси жойлашган маконга, қабристонга олиб кетди.
Одамлар эрталабги газетада қабристондан очлик ва заифлиги туфайли ўлим ёқасига келиб қолган, фақат мўъжизагина асраб қолиши мумкин бўлган, олти ёшли қизалоқ ҳамда унинг ўн тўрт ёшли акасининг қаттиқ иситмаси чиққани ҳолда топилгани, уларнинг шифохонага олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни ўқишди. Газетада бола тинмай алаҳсираётгани, имтиҳон, имтиҳон дафтари, онаси уни чақирганини, қора илондай заҳарли ўгай онасини эслаётгани зикр қилинибди…
Хулоса ўрнида:
Ушбу ҳикоя тўқима воқеага ўхшаса-да, аслида ундай эмас ва бу қачон, ёки қаерда содир бўлгани ҳам муҳим эмас. Муҳими бу ундан тўғри хулоса чиқаришдир. Шариатимиз инсонларга яхши муомала қилишга буюради, айниқса ,етимларга меҳрибон бўлишга, уларга раҳм-шафқатли бўлишга буюриб, уларга ёмон муносабатда бўлишни, молларини ейишни, ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишни қаттиқ қоралаган.
Қуръони каримнинг "Нисо" сураси 10 – оятида:
إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا))
" Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар",- деб марҳамат қилинади.
"Зуҳо" сураси 9 – оятида эса:
فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ))
"Аммо етимга қаҳр қилмагин",-дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларга яхшилик қилиш борасида:
خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ، وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ"
بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْه"
(رواه البخاري عن عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда боʼлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, - деганлар (Имом Бухорий ривоятлари)."
Бизнинг болажон халқимиз ҳам етимларга нисбатан гўзал муомалада бўлишни азалдан шараф деб билади. Мисол учун ,биргина совуқ уруш даврини эслаш кифоядир. Турли ўлкалардан келган етим болаларни халқимиз қучоқ очиб кутиб олган. Уларга имкон қадар оталик, оналик қилган. Хақимизда Бир болага ети маҳалла ота-она,деган гап ҳам бекорга айтилмаган.
Аллоҳ таоло жонажон халқимизни ўз паноҳида асрасин. Етимларни бошини силаётган, уларга ҳадисларда айтилгандек ғамхўрлик қилаётган, бу ишларни шараф билиб хизматда камарбаста бўлганлардан рози бўлсин! Уларга ўзи билиб,ё билмаган ҳолда зулм қилаётган инсонларга эса Аллоҳ таолодан тавфиқ, ҳидоят сўраб қоламиз. Ҳақ таоло барчамизни ислоҳ қилсин.
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари