06.02.2024

ИККИ ЕТИМ 3- қисм

Бир куни уйни арзанда қизнинг баланд йиғи овози тутди. Буни эшитган онаси бечора етим қизга:"Синглингнинг йиғлашини эшитмаяпсанми? Қара, нима истаётган бўлса, бер! Нега индамайсан? Соқовмисан ё!? Жавоб бер, нима истаяпди?"- деди. Бечора қиз титроқ овоз билан: "У шоколад истаяпди", — дея жавоб берди. 
- Нега анқайиб турибсан? Бор, унга сўраганини бер! 
Бечора етим қиз қолган шоколад бўлаги ўзиники эканини қаттол онасига қандай тушунтиришни билолмай, туриб қолди. Кеча кечки пайтда ота бир ҳовуч шоколад сотиб олган ва уни кичик қизига келтириб берган, кичик қиз бўлса, опасининг қаршисида уларни паққос тушираётганди. Опасининг унга термулиб турганидан қизалоқнинг кўнгли бузилиб, шоколаднинг бир бўлагини ўзи еяётган нарсага термулиб турган мушукчага бир луқма улоқтирган каби  унга отганди. Ўзига ташланган бир бўлак ширинликни бечора хурсанд бўлиб олди ва лекин егиси келса ҳам, емасдан, яшириб қўйди. Беркитган жойига ҳар дақиқада борар,   шоколадига термулар ва жойида эканига ишонч ҳосил қиларди. Бир марта шоколадини жуда ҳам егиси келиб қолиб, ундан тишчаларининг бир чети билан бир тишлам олганида, инжиқ синглиси уни кўриб қолади ва шоколадини сўраб, бақириб йиғлайди. 
"Шўринг қурғур ,эй лаънати, шоколад қани?" — деди ўгай она.
Бечора қиз сукут қиларди, лекин кичкина қиз: 
" Бу ерда, эй она! Мана, унда турибди, лаънати қиз уни мендан тортиб олди!"- деди.
Аёл ўз қизини эрининг қизининг олдига худди айбдорни текшириш учун олиб борган каби олиб борди. Гувоҳларга ноаниқ бўлган масала ҳал бўлгач, яъни шоколадхўрнинг онаси бечора қизчада шоколадни кўргач, у "энг оғир жазо"га лойиқ кўрилди.
-Эй ўғри, эй лаънати, туғган онанг сенга шунақа ўргатганми, ўзингники бўлмаган нарсани  ўғирлайсанми?
Мажид барча нарсага тоқат қилса ҳам, онасини ёмон сўзлар билан ҳақоратланишини кўтара олмасди.
Ўгай онанинг ўз онаси ҳақидаги гапларини эшитганида, ўзини тутиб туролмади: "Мен сизга онам ҳақида гапиришингизга рухсат бермайман!"- деб бақирди.
Ўгай она Мажиднинг олдига енгини шимариб, бўлажак жангга таёрланиб кела бошлади. "Она" қалбида эрининг ўғлига қарши йиғилиб келаётган аламларини олиш фурсатини кутиб турарди, мана, ўзи кутган фурсат ҳам келди. Доимо болага азоб беришга, уни қийнашга уриниб келар, бола бўлса барчасини жим қаршилар, онага ўзининг хайрихоҳлиги, ёки қаршилигини билдирмай келарди, бу нарса эса ўгай онанинг баттар ғашини келтирарди. Мана, ўзи кутган вақт келди.
 

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари

1-қисм,  2-қисм