ИККИ ЕТИМ 2- қисм
Кунларнинг бирида Мажид уйида ўгай онасининг ҳақорат ва сўкишларини, юзга тушган тарсакисининг овозини эшитди, бу тарсаки ва жеркишларнинг бари унинг бегуноҳ, жажжигина синглисига қаратилган эди. Мажид буларни эшитар экан, на ўтиришга ва на бориб синглисини ҳимоя қилишга қодир бўлмади, бу ожизлигининг сабаби эса отасига нисбатан қўрқуви эди. Унинг отаси янги хотини билан иноқ, бу бечора қизини уришиб-койишда ва қизига ҳаётнинг нималигини билмай туриб, унинг аччиқликларини татишида бу хотинига кўмакчи бўлган эди. Мажид деразадан қарар экан, деворга суяниб, синиқлик ва алам билан йиғлаётган синглисини кўрди. Дарҳақиқат, синглисининг юзлари касаллик ва очликдан сарғайган, кийимлари эса кир эди. Унинг ёнида эса кичик сингли (ўгай онаси ҳамда отасининг қизи) юзи саломатлик ва тўқликдан барққан, кўзлари эса ғолиб ҳамда мағрур ҳолда порлаб, қимматбаҳо кийими эса ялтираб турарди… Мажид қалбининг кўзлари томон сапчиганини сезди ва кўз ёшлари қуйилди. Бу азобларни татиётган ёш қизнинг гуноҳи нима? Ахир, бу қизча отасининг қувончи, ҳаётининг мазмуни эмасмиди? Бир пайтлар шу қизалоқ отасининг энг азиз инсони бўлмаганмиди? Ҳозир эса у шундай бир аҳволдаки, бу уйда фақат сўкиш ва ҳақоратдан бошқасини эшитмайди. Бунинг сабаби нима? Бу бечора қизчанинг ўзидан икки ёш кичкина ўгай синглисига бўлса, гўёки бу уйда у ягона фарзанддек барча эътибор унга қаратиларди. Ҳозирда бу қизалоқ золим она қўлида ўз уйида хизматкорга айланган, балки унданда ёмонроқ аҳволда, чунки хизматчилар ишлари эвазига уй эгаларидан маошларини олишар, баъзан ҳатто яқин инсонларга қилинадиган муомала билан сийланар эди. Ота кўксида ўз пуштидан бўлган фарзандига қилинаётган зулмни даф қилишни шараф санагувчи қалб қолмаганди. Аллоҳ таоло бу гўдакларга том маънода ота-онадан етимликни битиб қўйганди, чунки онаси вафот этганда, онасиз қолган бўлса, отасининг юрагида раҳм-шафқати, қалби ўлиб, отасиз ҳам қолган эди!
Мажид ўгай онаси синглисини: "Бу ёққа кел, шўринг қурғур, эй чўчқа!" — деб чақирганини эшитди. Онасининг наздида синглисининг исми "чўчқа" эди гўё. Ўгай она уни доим шундай атарди, фақатгина кечаси отаси ишдан қайтгандагина уни онаси: "Келақол, эй қиз, менинг руҳим, жоним!"- дер эди, ўзининг арзанда қизини эса доим : "Қаердасан, эй суюклигим, келақол, эй кўзим қароси?!"- деб чақирар эди. ….. давоми бор
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари