ИККИ ЕТИМ
1- қисм
Мажид ўқиётган нарсасидан ҳеч бир нарсани тушунмаётганини сезди: икки кўзлари ҳарфларни, сўзларни кўряпди, лекин ақли уларнинг маъноларини англолмасди. У дарсда бўлса ҳам, дарс ҳақида фикрлаётгани йўқ. Мажид жафокаш бўлган бу ўгай онанинг ўзининг бошига солган қийинчиликлари, ўзининг ва бечора синглисининг ҳаётини булғагани ва уни алангали жаҳаннамга айлантирганини тафаккур этарди. Ўзининг эртаси, имтиҳонгача атиги бир ҳафта қолганига назар солди. Ҳали ўқиши, имтиҳонга тайёрланиши лозим эди. Қандай қилиб ўқисин ва қандай қилиб тайёрлансин? Бу уйда хотиржамлик, барқарорлик қаердан бўлсин? Бу ўгай она уни жеркиб, азият бериб турса, бир лаҳза ҳам дам олишга қўймаса. Агар Мажидга азият беришдан фориғ бўлса, унинг бечора синглисига ҳар балоларни қилар, гўрдан олиб, гўрга тиқарди. Бошланғичда шериклари орасида яққол ажралиб турадиган, синфида пешқадам бўлган Мажид ўқишининг кейинги даврида ўзининг ортда қолишига рози бўлармиди?
Мажид шу ўйларни ўйларкан, ташқаридан қаттиқ шамолнинг овозини эшитди. Ойда бир-бир эсувчи бу қаттиқ шамол далалару боғлардан ўтар экан, дарахтлар ва новдаларни синдиради ва ёки таналарини эгади. Сўнг унинг ортидан ёмғирлар келиб, ерга унум беради, унинг ортидан эса қуёш чиқиб, cинган дарахт таналарига гўёки қайта жон бахш этади, уни ўстиради ва дарахтлар у туфайли янги-янги шохлар чиқаради, уйдаги шиддатли бўрон эса ҳар дақиқада эсиб, Мажид ҳамда унинг олти ёшли гўдак синглисининг қалбини синдиради. Сўнгра бу синиқларнинг ўрни умрбод тўлдирилмайди…
Шу онда унинг кўзига далаларда эсувчи бу бўронли қаттиқ шамол қалбларни асир этадиган, бошқа инсонларга ширинсўз ва гўзал кўринадиган бу аёлдан кўра инсонпарвар, қалби юмшоқ ва раҳмлироқдай кўринарди… У аёл уйидаги нақшли, макри заҳар каби хавфли илон эди.
Давоми бор……….
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари