26.02.2024

ИККИ ЕТИМ 6 - қисм

Воқеалар бирма-бир кейингисига ўтаверди, бола отасини унга ғамхўр, ўзи ва синглисига меҳр кўрсатишга ҳаракат қиладиган кунларини ёдга олди, лекин ўша машъум кундан бери ота ёмон томонга ўзгарган эди. Мажид ўша машъум кунни эслади, ўшанда отаси унга: "Эй Мажид! Мен сенга тез орада янги она олиб келаман",- деди. У шу вақтгача эшитмаган бир сўзни эшитаётган эди. У қандай қилиб янги сингил келишини билади, чунки онаси уни туғади.  Аммо "янги она", у қандай, қаерда туғилади? Бола буни ўйлаб, ўйига етолмади ва кутди. Сўнг уйга "янги она" келди. У чиройли, кийимлари гўзал, яноқлари ялтирар, лаблари эса бошқаларникига ўхшамаган: қип-қизил эди. Мажидга лабларининг ранги ёққан бўлса ҳам, аёлнинг ўзи ёқмади, қалбида унга нисбатан илиқлик ҳис этмади. Янги келган аёл ташрифининг дастлабки кунларида янги экилган кўчат сингари латиф ва нозик эди, аммо кунлар ўтиб, бу нозик ниҳол ерда бақувват илдизлар чиқариб, мустаҳкам ўрнашиб олгач, дағаллашгани каби аёлнинг ҳам  табиати ўзгарди. У кўрар кўзларни ўзининг чиройли баргу гуллари билан алдар, дағаллигию тиканлари билан икки етимни азобларди. Шайтонсифат  бу ўгай она ўз қизини туғганида эса гўзал аёл қиёфасига яширинган қора илонга айланди.  Аллоҳ таоло кўриниши чиройли, аммо ҳақиқатида қора илон каби шайтонсифат бундай аёллардан паноҳ берсин. 
          Ёқимли ўтмишнинг тасвири тугаб, воқеалар якунланди ва ундан фақатгина ҳозирги хунук ва ёқимсиз тасвиргина қолди. Мажид ҳаётининг кейинги кунларидаги бу ёқимсиз қоронғулик кундан кунга ҳаётини тўлдириб, бутун атрофини ўраб бораётганини, ўтмишдаги чиройли хотираларию келажакнинг ёрқин умид нурларини тўсиб қўяётганини кўрди.
У ўзининг ўтмиш воқеаларини эслаётиб, бир қаҳқаҳа овозини эшитди ва ундан сесканиб қўйди. У қаҳқаҳа овозидан худди замбарак ўқларининг даҳшатли товуши атрофни ларзага солгани каби қалбининг ларзага келганини ҳис этди. Севимли онажонининг ўрнини эгаллаган бу аёлнинг кулгуси, отасининг жарангли кулгусига аралашиб кетди. 
Мажид бироз тин олди ва баногоҳ у заиф, маъюс, давомли йиғи овозини эштдию унутган синглиси ёдига тушди. Бу овоз Мажидга кечки овқатини емаган синглисини эслатиб қўйди. Эҳтимол тушлик ҳам қилмаган… Золим она Мажиднинг бечора синглисини кун бўйи ўзи ва қизига хизмат қилиш билан банд қилиб, ўгай қизига бир парчагина нон бериб, ошхонани беркитиб, қулфлаб қўйган эди. Ўз қизини эса тез-тез яширинча таомлантирарди. Кечки пайт ишдан қайтган эрининг олдида норози қиёфада туриб, қизнинг беморлиги ва ожизлигидан шикоят қилди: 
-  Бечора қизингиз тушлигини емади… Уни озиб кетганига қаранг. Докторга кўрсатмайсизми, лекин табиб унга нима ҳам қила оларди? Бу қиз қайсар, хулқи ёмон бўлса… Мен уни овқат егани чақирсам ҳам, келмайди. Қайсарлиги соғлигининг бошига етмасайди…
Ота қизини чақирди ва унга: 
-   "Эй аҳмоқ қиз, бу нима ўжарлик!? Овқатингни ҳозироқ ейсан, бўлмаса мен сенинг бошингни ёраман!"-деди.
 Қизалоқ овқатланиш учун дастурхонга келаркан, отасининг ортида унга йиртқич ҳайвон каби даҳшат билан қараб турган ўгай онасининг турқини кўрди ва қорни оч бўлсада, қўрққани туфайли овқатга қўли бормади, аёл эса эрига: 
-   "Мен сизга нима дегандим? Бу жуда қайсар қиз, унга яхши гапириб бўлмайди, у тарбияга муҳтож"-деди.
Ота бошини чайқади, қизининг юзига тарсаки тушириб, қулоғидан тортиб, "тарбиялаган" бўлди ва уни ошхонадан ҳайдаб юборди. Бечора қизчанинг доим ейдиган кечки овқати шу эди.  
 

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари

1-қисм,  2-қисм,  3- қисм,  4-қисм   5-қисм