20.02.2024

ИККИ ЕТИМ 5 - қисм

Эр-хотин ҳамда уларнинг қизлари кечки овқатни еб, ётоқларига кетишди. Калтакланган йигит ҳануз жойидан жилмас, уйқусини ва таомини у сабаб тарк қилган, тунларини у деб бедор ўтказган дафтарининг парчаларидан кўз узмасди. У шу дафтарини ёзаркан, кўзининг  нурини унга сарфлаган, орзу-умидларини унга боғлаб қўйган эди… Кейин ўрнидан туриб, дафтарининг парчаларини устига бомба тушиб, парчаланиб кетган боласининг бўлакларини жамлаётган она сингари йиғди ва кўрдики, улар минг бўлакка бўлинган, боланинг барча қисмларини йиғса ҳам, уни аввалги асл: гапирадиган, юрадиган соғлом бола ҳолига онаси қайтара олмагани каби йиртилган қисмларини елимлаб ҳам, ўқиса бўладиган дафтар ҳолига қайтаришнинг иложи йўқ эди. Бола варақларни тераркан, бу йилги имтиҳонларидан ўта олмаслигига, бу йилги ўқув йилини зое бўлганига амин бўлди. Бўлиб ўтган иш болага кучли таъсир қилаётганди, унинг бардоши бу зулмни кўтаришга етмади. Боши айланиб, кўз олди хиралашди. Шу вақтгача ўтган умри фильм сингари бирма-бир кўз олдида қайта-қайта намоён бўла бошлади. Шунда у ўзи ёқтирган чеҳрани: онасининг чеҳрасини ва дунёнинг бор аламларини униттирадиган табассумини, замоннинг турли қийинчиликларида қалқон бўлган онажонининг меҳрли бағрини кўрди. Онаси ёш ва соғлом ҳолатда эди ҳамда ўзининг меҳр-муҳаббатга, қувончга тўлган уйини, кўзи болаларига нисбатан оталик туйғусига, қўли эса лутфу карамга, тили бўлса ёқимли, чучук сўзларга тўла бўлган илгариги ҳақиқий отаси кўз олдида бир муддат намоён бўлди. Кўраётганлари давом этди, онасининг касаллик чоғини эслади: оддий, тузаладиган касал деб, унга унча аҳамият бермади. Сўнг ўзининг уйини, унда зоҳир бўла бошлаган изтиробларни, уй аҳлларининг юзидаги маҳзунликларни кўрарди. Ҳар хил йиғи ҳамда дод-фарёдларни эшитди. Уйдагилар Мажидни бу овоз ва чеҳралардан узоқ тутиб, бўлган ишни яширишга уринишарди, аммо у онасининг ўлганини ич-ичидан тушуниб, билиб турарди. Ўлди! Бу сўз инсон қалбини ниҳоятда беҳаловат қилади. Мажид бу сўзни аввал ҳам эшитган, китобларда бу ҳақида ўқиган, лекин яқиндан кўрмаган, ҳар ҳолда, уйида бунга гувоҳ бўлмаган, севикли кишиси, қавму қариндошларида бу ҳол рўй беришини хаёлига ҳам келтирмаган, ҳис этмаган ҳам эди, бироқ кунларнинг бирида, тонгда, севимли жажжи синглисининг чинқириб йиғлаши унга ўлим нима эканини яхшигина англатиб қўйди.


        Ўша пайтларда қизалоқ отаси ҳамда онасининг суюклиси эди, аммо эрта тонгда кўзини очган қизалоқ ёнида уни эмизадиган, эркалаб, бағрига босадиган онасини топмади ва қаттиқ йиғлай бошлади. Болакай: "Онажон!.."-  деб, онасини чақирди. Онаси жавоб бермагандан сўнг ўрнидан туриб онасини излай бошлади, отаси ҳамда қариндошларидан бир қанчасини йиғлаётганларини кўрди. Бола улардан: "Онам қанилар?" — деб сўради, лекин улар жавоб бермадилар. Бола дарсига эртароқ боришни истаб, онасини чақирди, бироқ унинг кийимини кийдириб қўядиган, унга сумкасини  ҳозирлаб берадиган онаси келмади. Уни эшик олдида кузата туриб, ўпиб қўядиган, бошқалар билан уришмаслигини, кўчаларда кўп ўйнамаслигини уқтирадиган, сўнг бола уйдан узоқлашгач, уни яна ўпиб қўйиш ва насиҳатини такрорлаш учун чақириб, ортига қайтаришга одатланган онаси бугун эшик олдида турмас эди. Бир куни Мажид мактабдан уйига қайтганда, синглисини эмизаётган бегона бир аёлни кўрди… Нима учун синглисини бегона аёл эмизади? Унинг ўз онаси қаерда?!   
 

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари

1-қисм,  2-қисм,  3- қисм,  4-қисм