ИККИ ЕТИМ 4- қисм
Ўгай она Мажиднинг олдига енгини шимариб, бўлажак жангга таёрланиб кела бошлади. "Она" қалбида эрининг ўғлига қарши йиғилиб келаётган аламларини олиш фурсатини кутиб турарди, мана, ўзи кутган фурсат ҳам келди. Доимо болага азоб беришга, уни қийнашга уриниб келар, бола бўлса барчасини жим қаршилар, онага ўзининг хайрихоҳлиги, ёки қаршилигини билдирмай келарди, бу нарса эса ўгай онанинг баттар ғашини келтирарди. Мана, ўзи кутган вақт келди.
- Рухсат бермайсанми?! Эй муҳтарам зот, ўтинаман, менга рухсат беринг, мен сизнинг амрингиздаман. Оҳ! Мен сени деб елиб-югуришим, овқатингни тайёрлаш, хизматларинг учун тик туриб чарчашларим етмайдими, сен бўлсанг эртаю кеч шу ер ютгур дафтарга бир нарсаларни чизишдан бошқани билмайсан!? Эй зумраша, менинг шунча чеккан машаққатим зое кетган кўринади, лекин начора сен ҳам онангни боласисан.
- Мен сизга онам ҳақида гапиришни бас қилинг дедим, акс ҳолда, ўзим сизни тинчитаман ,- деб бола ҳам унга яқинлашди.
- Сен мени уришни хоҳлайсанми?- деб ифлос "она" бақириб, болани қарғаб, қўшниларини чақира бошлади.
Оҳ ,эй хоин, яхшиликни билмаган! Шўринг қурсин!..
Эй инсонлар, эй билувчилар, менинг ҳуқуқларим қани, эй опажонларим!?
Турли-туман кишилар йиғилиб кела бошлашди.
Мажид эса ўз хонасига, яъни номигагина хона деб юритиладиган, аниқроғи, уйнинг қироличаси уни юзини кўришдан халос бўлиши учун аталган бурчакка қамалиб олди!
Кечки пайт ота одатига кўра, жаҳл билан афтига қўрқинчли тус бериб, кириб келди. Ота болаларининг юзига-келгусида болалари ахлоқи бузилиб, унга журъат қилмасликлари учун кулиб қарамас эди. Ҳар ҳолда, илгари бундай қилмас эди. Қачонки уларнинг уйларига мана бу бегона аёл келиб, отани заҳарлаб, яъни зеҳнига Мажид ва унинг синглиси ахлоқсиз, инжиқ, бетарбия бола, улар фақат қаттиққўллик ва қаттиқсўзлик билан тузалишини сингдирмагунча, аҳвол бошқача эди.
Ярамас аёл эрининг ишдан қайтиш вақти яқинлашганда, кийимларини янгисига алиштирар, худди шайтоний юзини ечгандек, юзига болажонлик ва покизалик тусини берарди ва эрига ўзининг турли-туман макру ҳийлаларини қиларди: иккала қизчани озода қилар, эрига ўз қизини афзал кўришини сездирмаслик учун бир-бирига ўхшаган кийим кийдирарди.
Эр уйга кирганда, хотини унинг истиқболига чиқди, эрига мухлис, болаларига шафқатли ва гўзал рафиқа сифатида... Лекин юзига мазлумалик, алам чекканлик ифодасини акс эттириб қўйишни ҳам унутмади.
Ётоқхонага бориб, эрининг кийимларини ҳозирлади ва бўлиб ўтган воқеани бузиб, ёлғон аралаштириб, эрига айтиб берди. Эри хонадан болаларига нисбатан қалбида шундай бир ғазаб билан тўлиб чиқдики, олдидаги нарсаларни ҳам кўрмас ҳолга келганди. Қизини чақирди. Қизалоқ шернинг олдига бораётган қўзичоқдек қўрқиб, отасининг олдига келди. Ота уйдаги судьяларники каби баҳайбат курсига ўтириб, қизини қаршисида худди унга қарши барча далиллар исботланган каби турғизиб қўйди ва уни бўғиб, жеркиб, ўғирлик қилиш нечоғлик ёмонлигини уқтира кетди… Ота қизини койир экан, кўз қири билан Мажидни кузатар, унга яқинлашаётган азоби ҳақида огоҳлантирар эди гўё. Мажид бегуноҳ синглиси ўғирлик билан айбланаётганини эшитишга ҳам чидаб тура олмади, бўлиб ўтган воқеани асл ҳолида отасига тушинтиришга киришди ва бу билан ўзи учун кутилаётган ёмон жазони тезлаштириб олди. Ер ёрилди, уйда бўрон турди, уйни (бўлган асл ҳолдан бехабар) ғазаби чўққисига чиққан отанинг овози яшин каби портлатиб юборди:
- Эй ҳаёсиз, ҳали сен онангни урмоқчи бўлдингми, эй бетарбия, эй малъун?! Ҳали ўн тўртга кирмасдан, ўзингни эркак бўлдим, деб ўйладингми?! Эркак ўз онасини ҳам урадими?! Мен сенинг қўлингни синдираман, эй бадбахт!
- Қасам ичаман, ота, бундай бўлгани йўқ…
- Яна қайсарлик қиляпсанми? Сенда умуман одоб деган нарса қолмадими? Онангни ёлғончи демоқчимисан?
- Мен унга туҳмат қилмаяпман, лекин у аслида бўлмаган нарсаларни айтяпди.
Шу пайтда отанинг қуввати ва ғазаби қўзиб, ўрнидан турди ва хотинининг ҳийласи сабаб ўзидаги бор қўполлик ва ғазаби ҳаддан ошиб, ўзини билмас ҳолга келди ҳамда болани телбаларча аямай ура кетди. Бунга ҳам қаноатланмай, ўғлининг стол устидаги дарслари ёзилган дафтарини олиб, парчалаб, йиртиб ташлади. Сўнг ўғли ва қизига жазо ўлароқ, бу гўдак мазлумларни кечки овқатидан ҳам маҳрум қилди.
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устозлари Саъдуллаев Сирожиддин, Исмоилов Намозбек Алий Тантовийнинг ҳаётдан қиссалар китобидан таржималари