26.08.2021

Истиқлол – бебаҳо неъмат

Яратганнинг марҳамати билан жонажон ватанимизнинг мустақил бўлганига ҳам мана роппа-роса 30 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда ҳар тарафлама мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Диний эркинликлар таъминланди, маънавий-маърифий юксалишлар рўй берди, моддий-иқтисодий ривожланишлар юртдошларимизнинг қалбига чексиз қувонч ва сурур олиб кирди.
Бу йил ватандошларимиз Истиқлол байрамини ҳар йилгидан тамомила ўзгача шароитда – миллий ва маънавий тараққиётимизнинг янги босқичи одимлари кундан-кунга шиддатли тус олаётган, янги Ўзбекистоннинг олий мақоми бутун дунёда расман эътироф этилаётган, тан олинаётган, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларига тўлақонли амал қилиш тобора кучайиб бораётган бир шароитда нишонлаш арафасида турибди. 
Мамлакатимизда мустақиллик байрами халқимиз томонидан энг азиз ва энг улуғ байрам сифатида кенг нишонланиши она диёримиздаги тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик, осуда ҳаёт ва барқарорликнинг ёрқин намунасидир. 
Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан тарихан қисқа даврда Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати, обрў-эътибори ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётган мамлакатга айлангани Республикамизда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотларнинг яққол натижасидир. Бунга асло кўз юмиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда эришилган оламшумул ютуқлар одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгарганлиги, уларнинг жамият ҳаётига, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, айниқса, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти тобора ўсиб бораётгани билан чамбарчас боғлиқдир. 
Тинч-осойишта юртимизда халқимиз амалга ошираётган туб ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳару қишлоқларимиз, кўчаю йўлларимиз тобора чирой очиб, дунё бўйлаб мамлакатимизнинг нуфузи ошиб бораётгани ҳар биримизга ғурур бағишлаб, эртанги кунга ишончимизни янада оширади.
Мана ўттиз йилдирки, халқимизнинг елкасига офтоб тегди, миллий ва диний қадриятларига эга бўлди, осори атиқалари тикланди. Салкам унитилаёзган аждодларимизнинг меросини ўрганиш йўлга қўйилди. 
Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган марҳамати, тортиқ этган неъматидир. Биз бу неъматни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, шукронасини адо этиб, келажак авлодга соф ҳолда етказишга мажбурмиз.

Абдулбосит Раҳимов
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси