15.09.2026

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ ВА ҲАДИС

Баъзи кишилар орасида “Ҳанафий мазҳаби ҳадисга амал қилмайди” деган нотўғри тушунча тарқалган. Бу даъво илмий жиҳатдан асоссиздир. Зеро, Ҳанафий мазҳаби ҳам бошқа мазҳаблар каби Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 
فَإِن تَنَٰزَعۡتُمۡ فِي شَيۡءٖ فَرُدُّوهُ إِلَى ٱللَّهِ وَٱلرَّسُولِ
“ Aгар бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг.”  (Нисо сураси, 59-оят). 
Бу оят барча мусулмонларга, шу жумладан, барча мазҳаб олимларига йўл кўрсатувчи асосий тамойилдир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у зотнинг буюк шогирдлари ҳукмларни ҳеч қачон ўз хоҳишларига қараб чиқармаганлар. Улар Қуръон, ҳадислар, саҳобаларнинг фатволари ва шариат қоидаларига таяниб, чуқур илмий тадқиқот асосида ижтиҳод қилганлар. Бу улуғ олимларнинг ҳар бир масалада аввало Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан далил излаганликлари тарихий манбаларда аниқ қайд этилган.
Мазҳаблар ўртасидаги ҳукмлардаги фарқ бир мазҳаб ҳадисга амал қилиб, бошқаси ҳадисни тарк этгани учун пайдо бўлмаган. Бу фарқнинг асосий сабаби шундаки, олимлар айрим ҳадисларни текшириш ва тушунишда турли хулосаларга келганлар. Масалан, бир ҳадис бир олимга ишончли йўл билан етиб келган бўлса, бошқа олим унинг ривояти занжирида заифлик борлигини аниқлаган бўлиши мумкин. Ёки бир масала ҳақида бир нечта ҳадис келган ва олимлар улардан турли ривоятларни кучлироқ деб билганлар. Баъзан бир ҳадис умумий маънода келган бўлса, бошқа ҳадис уни муайян ҳолат билан чеклаган. Шунингдек, бир ҳукм кейинроқ келган бошқа далил билан бекор қилинган бўлиши ҳам мумкин, бу ҳолат илми усулда “насх” деб аталади. Шунинг учун бир ҳадисни кўриб: “Ҳанафийлар бу ҳадисга амал қилмаган”, деб шошилиб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Ҳанафий олимлар ўша ҳадисни бошқа ҳадислар билан биргаликда тушунган ёки бошқа далилни кучлироқ деб билган бўлишлари мумкин.
Ҳанафий олимлар ҳадис ва саҳобалар ривоятларига бағишланган кўплаб улкан асарлар ёзганлар. Жумладан, Имом Абу Юсуфнинг “Китоб ал-осор” асари, Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Китоб ал-осор” ва “Ал-ҳужжа ъала аҳл ал-Мадина” асарлари, Имом Таҳовийнинг “Шарҳ маъоний ал-осор” ва “Шарҳ мушкил ал-осор” асарлари бунинг ёрқин далилидир. Бу китобларда минглаб ҳадислар ва саҳобаларнинг ривоятлари жамланган. Агар Ҳанафий мазҳаби ҳадисга қарши бўлганида, унинг олимлари ҳадисларни жамлаш ва тушунтириш учун бунчалик катта ва қимматли асарлар ёзмаган бўлардилар. Бу асарлар бугунги кунгача мусулмон дунёсида илмий мерос сифатида ўрганилиб келмоқда.
Масалани яна ойдинлаштириш учун бир оддий мисолга мурожаат қиламиз. Намозда рукуъга борайотганда қўл кўтариш ҳақида турли ривоятлар келган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъга боришда ва ундан қайтишда қўлларини кўтарганлари ривоят қилинган (Саҳиҳ ал-Бухорий, 735-ҳадис). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан эса фақат намоз бошида қўл кўтариш ривоят қилинган. Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан” деб баҳолаган ва айрим саҳобалар, тобеинлар ҳамда Куфа олимлари шу амални танлаганларини айтган. Бошқа айрим муҳаддислар эса ушбу ривоятни заиф деб ҳисоблаганлар (Жомеъ ат-Термизий, 257-ҳадис). Ҳанафийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ривояти ва Куфа саҳобаларининг амалини кучлироқ деб билганлар. Бошқа мазҳаб олимлари эса Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ривоятини афзал кўрганлар. Демак, бу ерда баҳс ҳадисга амал қилиш ёки қилмаслик ҳақида эмас, балки қайси ривоятни кучлироқ деб билиш ҳақидадир. Бу эса соф илмий ижтиҳод масаласидир.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳанафий мазҳабини “ҳадисга зид мазҳаб” деб айтиш мутлақо тўғри эмас. Ҳанафий мазҳаби Қуръон ва Суннатга асосланади, ишончли ҳадисни ҳужжат деб билади ҳамда ҳадисларни тушуниш учун мустаҳкам илмий қоидаларга эгадир. Мазҳаблар ўртасидаги фарқ кўпинча ҳадисни менсимасликдан эмас, балки ҳадисни тушуниш ва далиллардан кучлироғини танлашдаги ижтиҳодий фарқдан келиб чиққан. Бу фарқ эса ислом илмий меросининг бойлиги ва чуқурлигидан далолат беради.

Бекзод Қодиров,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси