ИСЛОМДА МУНОСИБ ВА БАХТЛИ ҲАЁТНИНГ САБАБЛАРИ
Ҳар бир инсон қалб тинчлигига, хотиржамликга, шодликка ва ғам-ташвишлардан халос бўлишга интилади. Айнан шу ҳолатлар ёқимли ҳаётни шакллантиради, чинакам бахт ва қувончни олиб келади. Бунинг диний сабаблари, табиий сабаблари ва амалий сабаблари мавжуд бўлиб, буларнинг барчаси фақат мўминлардагина тўлиқ жамланиши мумкин. Бу сабабларнинг энг буюги, асоси ва пойдевори — имон ва солиҳ амалга боғлиқдир. Ҳақиқий ёқимли ҳаёт — Аллоҳ ва Расулининг даъватига жавоб берган кишининг ҳаётидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
مَنۡ عَمِلَ صَٰلِحٗا مِّن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤۡمِنٞ فَلَنُحۡيِيَنَّهُۥ حَيَوٰةٗ طَيِّبَةٗۖ وَلَنَجۡزِيَنَّهُمۡ أَجۡرَهُم بِأَحۡسَنِ مَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ
“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.” (Наҳл сураси, 97-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло имон билан солиҳ амални бирга қўшган кишига дунё ҳаётида ёқимли ҳаёт ва охиратда гўзал мукофот ваъда қилмоқда. Бу — Аллоҳ таолонинг солиҳ амал қилган кишига берган ваъдасидир. Солиҳ амал деганда Аллоҳ таолонинг Китобига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатига мувофиқ бўлган амал тушунилади. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл — қалби Аллоҳга ва Расулуллоҳга иймон келтирган бўлса, Аллоҳ уни дунёда ёқимли ҳаёт билан яшата Ёқимли ҳаёт эса ҳар томонлама роҳатни, қайси томондан бўлишидан қатъи назар, ўз ичига олади.
Бу ёқимли ҳаётнинг муҳим кўринишларидан бири — қаноатдир. Аллоҳ таоло берган ризқдан рози бўлган кишининг дунёда машаққати кўп бўлмайди, ҳаёти аччиқ бўлмайди, қўлдан кетган нарсанинг ортидан қувиб, эришиб бўлмайдиган нарсага ҳарислик қилиб, турмуши буланмайди.
Исломий иқтисодий тарбия муносиб ҳаёт учун ягона тўғри йўлдир, чунки у Қуръон ва Суннатдан олинган. Мусулмон киши оятлар ва ҳадислар орқали иқтисодий хулқ-атворни бошқарувчи умумий қоидаларни ўрганади ва иқтисодий йўл-йўриқларни топади. Фарзандларнинг ота-оналар олдидаги ҳуқуқларидан бири яхши ҳаёт кечириш имкониятидир ва тўғри тарбия бунинг сабабидир. Чунки биз замонанинг қийинчиликларига мувозанатли ва тўғри тарбия билан жавоб беришга мажбурмиз. Бунинг йўли — ўз нафсига ва жамиятига нисбатан масъулиятни ҳис қиладиган, барча турмуш ишларида Аллоҳ таолонинг назоратини сезадиган шахсни тарбиялашдир. Шундай кишининг барча ишлари Аллоҳ учун бўлади — дунёда Аллоҳнинг розилиги ва охиратда яхши оқибатни кўзлайди. Болаларимизга некбинлик руҳини, Аллоҳга яхши гумон қилишни, овқатланиш, кийиниш, дам олиш ва уйқу, топиш ва сарфлаш, истеъмол ва жамғариш ўртасида мувозанатни сингдирганимизда, иймон Аллоҳ таолонинг дунёдаги розилиги сабабли ҳар бир амалга ва жамғаришга барака беради — шунда ҳаёт янада бахтлироқ, ёқимлироқ, роҳатли ва шодроқ бўлади.
Закот бериш ва садақа қилиш эса молни камайтириш эмас, балки уни кўпайтириб, барака бағишлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Садақа ҳеч бир банданинг молини камайтирмайди” (имом Муслим ривояти).
Қариндош-уруғлар билан алоқани сақлаш, уларни йўқлаш, яхши сўз айтиш ва қалбларига шодлик киритадиган фойдали совғалар бериш — ҳаётдаги бахтнинг энг муҳим сабабларидан биридир. Бу амал умрни узайтиради ва ризққа барака беради. Ўз шахсий доирасидан чиқиб, атрофидаги аҳли ва қариндошларига ғамхўрлик қилган ҳар бир кишининг ризқини Аллоҳ зиёда қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким умрининг узайтирилишини ва ризқининг кенгайтирилишини истаса, қариндошларига яхшилик қилсин” (Бухорий ва Муслим ривояти). Шунингдек, Пайғамбаримиз:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله –صلى الله عليه وسلم: تَهَادَوْا تَحَابُّوا
“Ўзаро ҳадялашиб туринглар, шунда бир-бирингизга нисбатан муҳаббатли бўласиз” (имом Бухорий ривояти).
Ислом назарида иқтисодий манфаат ортидан юриш айб эмас, балки мувозанатли бўлиб, ҳаётнинг бошқа томонлари билан уйғун келса ва ундан яхшилик ният қилинса, бу ҳақиқий исломий фазилат ҳисобланади.
Муносиб ҳаёт уй-рўзғор ишларини оқилона бошқариш билан ҳам бевосита боғлиқ бўлиб, бу "уй иқтисодиёти" ёки “тадбир” деб аталади. Унинг мақсади — шахс ва оила ҳаётини яхшилаш, инсон муносиб ҳаёт кечириши учун зарур хизматларни такомиллаштиришдир. Бунга уй бошқарувига эътибор бериш ва жамият билан яхши муносабат ўрнатиш орқали эришилади. Уй иқтисодиётининг мазмуни кенгайиб, кўп соҳаларни қамраб олган: ота-оналарнинг маданиятига эътибор бериш — бу яхши оилавий муносабатлар ва фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади; исроф ва хасисликдан узоқ ҳолда, уйга бюджет тузиш, даромад ва харажат ўртасида мувозанат ўрнатиш, жамғариш ва кутилмаган ҳолатлар учун имконият яратиш; оилавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларни ижтимоий жиҳатдан тўғри йўналишда сақлаш.
Уй-рўзғорни оқилона бошқариб муносиб ҳаётга эришишни Ислом қадимдан рағбатлантирган бўлиб, бу йўл солиҳ умр йўлдош танлашдан бошланади. Халқимизда “Эркак топади, аёл яратади” деган нақл борки, яъни эркак ҳалол меҳнат билан мол-дунё топади, аёл эса уйни оқилона бошқаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Нафақа (сарф-ҳаражат)да иқтисод қилиш ҳаётнинг ярмидир. Инсонларга дўстона муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир. Гўзал савол бериш илмнинг ярмидир”. (Байҳақий ривояти). Никоҳ орқали эр-хотин оила қуриб, масъулиятни баҳам кўрадилар. Ҳар бири иккинчисининг ишини тўлдиради: аёл ўз табиатига ва аёллик хусусиятига мос равишда уй бошқаруви ва фарзандлар тарбиясини зиммасига олади; эркак эса ўз табиатига ва эркаклик хусусиятига мос равишда оилани таъминлаш, оғир ишларни бажариш ва оилани замоннинг офатларидан ҳимоя қилиш вазифасини адо этади. Шундай қилиб, эр-хотин ўртасида ҳамкорлик руҳи шаклланади ва энг яхши самарага эришадилар — солиҳ фарзандларни тарбиялайдилар, қалбида имон кучи ва руҳида Ислом руҳи бўлган авлодни вояга етказадилар. Оила эса муҳаббат, тинчлик ва барқарорлик соясида фаровон ҳаёт кечиради.
Кўп кишилар аёлнинг оилада қандай улкан яхшилик ёки ёмонлик қилишга қодир эканлигини тўлиқ англамайдилар. Қанчалик катта бойлик бўлмасин, аёлнинг бепарволиги ва исрофгарлиги олдида дош беролмайди. Қанчалик оғир қашшоқлик бўлмасин, тадбирли ва тежамкор аёлнинг ақли уни енгиллаштиради. Ақлли аёл — вақти ва пулини энг яхши ва фойдали йўлларда ишлатишни биладиган аёлдир. Кераксиз нарсаларга ўйламасдан пул сарфлашдан узоқ туради. “Пул сарфлаш учун уни топишдан кўра кўпроқ ақл керак” деган ҳикмат бор. Қанчадан-қанча аёллар пулнинг қадрига етмай, билмасликдан уни исроф қиладилар — бу билан ўзларининг ва фарзандларининг келажагига хиёнат қиладилар. Тадбирли ва ақлли аёл тикиш, каштачилик, дазмоллаш ва соғлом усулда овқат тайёрлаш каби ишларни ўзи бажариб, ўз ва оила аъзоларининг соғлиғини асрайди. Бундай аёл эски нарсалардан янги ва фойдали нарсалар ясайди, уйини безайди. Бу тежамкорлик усули айб эмас ва зиқналик ҳам эмас — балки оқилона ёндашувдир, шу билан бирга атроф-муҳитни ифлосланишдан ҳам сақлайди. Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини ўзлари тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, шуни қилардилар”, дедилар.
Энг ёқимли ҳаёт — ҳар бир ишда меъёрни сақланган ҳаётдир. Ҳар қандай нарса, қанчалик яхши ва ноз-неъмат бўлмасин, унга одатланган кишилар уни ўзлариники қилиб олади ва ундан роҳат топади. Ҳақиқий бахт — розоликдир. Ҳақиқий озод инсон — ўзи учун зарур бўлмаган нарсалардан воз кеча оладиган инсондир. Мана шу — исломий маънода ҳам, инсоний маънода ҳам ҳақиқий бойликдир.
Дилшод АЛИЕВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси матбуот котиби
“Болои Ҳовуз” масжиди имом хатиби
БухДУ исломшунослик йўналиши магистранти
УЗ
РУ
EN
العربية