ҲАЖ САФАРИ – МЕҲР, ЭЪТИБОР ВА ЮКСАК ҒАМХЎРЛИК ТИМСОЛИ
Алҳамдулиллаҳ, 2026 йилги муборак Ҳаж сафари барча зиёратчиларимиз учун унутилмас ва хайрли таассуротларга бой тарзда якунланди. Юртимиздан муқаддас сафарга йўл олган ҳожиларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибор ҳар бир иштирокчининг қалбида чуқур миннатдорлик туйғуларини уйғотди.
Бир ой давом этган сафар жараёнида раҳбарият, ишчи гуруҳ аъзолари, мутахассислар ва барча масъул ходимлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни виждонан бажариб, зиёратчиларнинг ҳар бир эҳтиёжини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Ҳожиларимиз муқаддас ибодатларни хотиржам адо этишлари учун барча ташкилий ишлар пухта йўлга қўйилди.
Айниқса, шифокорларимиз томонидан кечаю кундуз олиб борилган тиббий хизмат алоҳида эътирофга лойиқ. Улар ҳожиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб, ҳар қандай ҳолатда тезкор ёрдам кўрсатдилар.
Зиёратчиларимиз учун миллий қадриятларимизга мос тарзда ўзбекона таомлар тайёрланиб, дастурхонларимиз файзли ва баракали бўлди. Шунингдек, ҳожиларимизга бир неча бор муборак Замзам сувлари тарқатилиб, бу ҳам уларнинг кўнглига янада таскин ва мамнуният бағишлади.
Энг муҳими, сафар давомида бирор жиддий қийинчилик ёки муаммога йўл қўйилмай, барча ишлар юқори савияда ташкил этилди. Ҳожиларимиз муқаддас амалларни муваффақиятли адо этиб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишди. Кузатиш ва кутиб олиш маросимлари ҳам кўтаринки руҳда, самимий ва унутилмас кайфиятда ўтди.
Сафар якунида кўплаб зиёратчиларимиз ўзларининг чексиз мамнунлигини билдириб, уларга яратилган имкониятлар, кўрсатилган меҳр-оқибат ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорчилик изҳор этдилар. Бу эътирофлар барча масъулларнинг меҳнати зое кетмаганининг ёрқин исботидир.
Гуруҳ раҳбари сифатида мен ҳам ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барча раҳбарларимизга, ишчи гуруҳ аъзоларига, шифокорларимизга, хизмат кўрсатувчи ходимларга ва сафарнинг муваффақиятли ўтиши учун меҳнат қилган барча инсонларга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Яратган Парвардигоримиз барчамизнинг ибодатларимизни қабул айласин, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва эзгу ишларимиз давомийлигини насиб этсин. 2026 йилги Ҳаж сафари барчамиз учун ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хизмат ва шукроналикнинг ёрқин намунаси бўлиб қолади.
Шукроналик билан,
Мақсуд Акрамов
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси
УЗ
РУ
EN
العربية