ЯГОНА ВАТАН — ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!
Юртимизда инсон қадри, тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва ёш авлоднинг муносиб келажагини таъминлашда барча фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ягона Ватан — умумий тақдир, ягона мақсад ва муштарак келажак демакдир. Инсон қайси ҳудудда яшаши, қайси касб эгаси бўлиши ёки жамиятнинг қайси соҳасида меҳнат қилишидан қатъи назар, уни Ватан тақдири, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги каби умумий қадриятлар бирлаштиради.
Ватанга муҳаббат фақат сўзда эмас, балки кундалик ҳаётдаги амалий ишлар билан намоён бўлади. Қонунларга риоя қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, жамиятда белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш, ҳалол меҳнат қилиш ва ўз вазифасига масъулият билан ёндашиш — юрт равнақига қўшиладиган муҳим ҳиссадир.
Айниқса, бугунги тезкор ахборот замонида фуқароларнинг ҳуқуқий ва маънавий онгини юксалтириш долзарб вазифалардан биридир. Турли ахборотлар оқимида ишончли манбаларга таяниш, асоссиз хабарларга берилмаслик, ёт ва зарарли ғояларга танқидий муносабатда бўлиш ҳар бир инсондан ҳушёрликни талаб этади.
Жамиятда тинчлик ва барқарорликни асраш эса барчамизнинг умумий вазифамиздир. Тинчлик бор жойда тараққиёт, фаровонлик ва бунёдкорлик бўлади. Оиладаги тотувлик, маҳалладаги аҳиллик ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик мамлакатдаги умумий осойишталикнинг муҳим асосларидан ҳисобланади.
Шу ўринда оила институтининг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Фарзанд тарбияси, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, қўни-қўшничилик муносабатларида одоб ва меҳр-оқибатни сақлаш — жамият маънавий муҳитини юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, соғлом оиладан соғлом жамият шаклланади.
Янги ҳаёт ва фаровон келажакни барпо этишда ёшларнинг ўрни беқиёс. Ёшларни илм-фан, касб-ҳунар ва замонавий билимларни эгаллашга ундаш, уларни ватанпарварлик, масъулият ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш барчамизнинг вазифамиздир. Ёш авлоднинг билимли ва фаол бўлиши мамлакат тараққиётининг энг муҳим омилларидан биридир.
Шунингдек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши, қонун талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак. Қонунга ҳурмат — аввало, ўз ҳуқуқини англаш ва ўзгалар ҳуқуқини поймол қилмасликдан бошланади.
Бугун биз олдимизга улкан мақсадларни қўймоқдамиз. Бу мақсадларга эришиш учун эса аввало, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик зарур. Ягона Ватан атрофида ягона халқ бўлиб бирлашсак, янги ҳаёт ва муносиб келажакни биргаликда барпо эта оламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз ўз меҳнатимиз, билимимиз, ҳалоллигимиз ва фидойилигимиз билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшайлик. Тинчликни қадрлайлик, қонунларга риоя қилайлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик ва келажак авлод учун янада обод, фаровон ҳамда барқарор юрт қолдиришга интилайлик.
М.Ачилов
ЎМИ Бухоро вилояти
вакиллиги ҳуқуқшуноси
УЗ
РУ
EN
العربية