Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонликдир
Аллоҳ таолонинг исмларидан бири «Ас - Салом», яъни «тинчлик», «омонлик»дир. Мусулмонлар ҳар куни дийдорлашганларида, ўзаро ёзишма ва бошқа муносабатларда бирбирларига нисбатан Аллоҳнинг тинчлиги, баракалари ва офиятини сўраб: «Ассалому алайкум», – деб саломлашадилар.
Юқорида айтиб ўтилганидек, динимиз таълимотига кўра мусулмон киши адоват ва ҳужумни биринчи бошламайди, балки зарурат бўлмаган ҳолатда ўзини хатарга қўйишдан кўра, муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал билади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб деди:
«Эй, мўминлар, тинчликка батамом кирингиз, шайтон йўлларига эргашмангиз. Зеро, у (яъни шайтон) сизларга очиқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят). Тинчликка батамом кириш дейилганда, мусулмонларнинг ўзаро тинч-тотувликда яшаши билан бир қаторда ўзларига диндош бўлмаганлар билан хотиржам умргузаронлик қилишлари назарда тутилади. Шу маънода Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
«Бордию, тинчликка мойил бўлсалар, бас, сен ҳам унга (тинчликка) мойил бўл ва Аллоҳга таваккул қил» (Анфол сураси, 61-оят).
Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига берган ўз неъматларини эслатар экан, тинчлик ва амният алоҳида тилга олинади:
«Мана шу Уй (Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди» (Қурайш сураси, 3-4 оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Маккани тинчлик-омонлик диёри қилди, «омонлик шаҳри» дея у билан қасамёд қилди. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотлар ҳамда имон келтиргач, имонларини ширкка булғамаган кимсаларни хавф-хатарлардан сақлашга ваъда қилди. Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилганларни эса тинчлик ва омонлик неъматларини олиб қўйиш билан жазолашини билдирди. Ўз навбатида, эминлик ва тинчликни муҳофаза қилиш учун ҳам бировларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилиш таъқиқланди. Бундай ишлар учун қаттиқ жазолар тайин қилинди. Одам ўлдириш, ўғирлик, зинокорлик, бировларни обрўсизлантириш, туҳмат тошини отиш каби нарсалар билан номусга тажовуз қилишлар ҳаром қилинди. Ер юзида бузғунчилик қилишга чек қўйилди. Бу иш, яъни Ерда фасод тарқатиш Аллоҳ ва Унинг Расулига қарши уруш очиш, дея баҳоланди.
Мир Араб ислом билим юрти ўқитувчиси
Тожиддинов Абдусамад Абдулбосид ўғли