21.08.2021

АХЛОҚ ВА УНИ САЙҚАЛЛАШ

Ахлоқ «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.
Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилганлар. Яъни, ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша «карамли хулқ» дейилади.
Ислом дийнида ахлоқий тарбия дийний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дийн яхши деб хисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб хисоблаган ва манъ этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дийн буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазийлатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазийлатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра дийнийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дийни ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазийлат ёки разийлатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, мухит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб  юборади», дейдилар.
Шунинг учун ҳам, Исломда хулқли сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ {٤}

«Ва, албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4-оят). 
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.

Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинди:
«Оишанинг олдига кирдик ва: «Эй, мўминларнинг онаси! «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди?» - дедик. Бас, у киши:
«Хулқлари Қуръон эди. «Муъминун» сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал муъминун»нинг ўқи!» - деди.
Язийд айтади:
«Мен «Қод афлаҳал муъминун»ни то «ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди», - деди Оиша (р.а.).
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилинган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят ҳилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир», деганларини эшитдим».
Абу Довуд, Термизий, Ибн Диббон ва Ҳоким ривоят қилишган.  
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ», - дедилар.
Ул зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.
Бас, у зот: «Оғиз ва фарж», - дедилар».
Термизий ривоят қилган.                              
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга чиройли хулқ ила муомала қил», -дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз чиройли хулқлигингиздир», - дедилар».
Термизий, Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.
Бухорийнинг лафзида: 
«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва Қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз чиройли хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва Қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайҳиқингиздир», - дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайҳиҳлар кимлар?» - дейишди.
«Мутакаббирлар», — дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ўз биродарларини яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариш нақадар улуғ иш! Ана шу иш гўзал иш бўлиб қолмай, яна садақа каби савобга эриштирар экан. Бир одамга бирор яхши ишни қилишни тарғиб қилиш – ўзи катта савобга ноил қилади экан. Бир одамни бирор ёмон ишдан қайтариб қолиш ҳам ўшандек савобга ноил қилади экан. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандоқ гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг! 
Аввал ҳам ишора қилинганидек, ахлоқ ва одобни яхши савияда тутиб туриш учун доимо уларни сайқаллаб туриш ва бузилишига қарши чоралар кўриш керак. Бунинг учун эса, ахлоқ-одобни бузадиган, ёмонлаштирадиган омилларни ва уларни сайқаллаш йўлларини яхшилаб ўрганиш лозим.

Мир Араб ислом билим юрти ўқитувчиси
Тожиддинов Абдусамад Абдулбосид ўғли