07.09.2026

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2026-2027-ўқув йилининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маърифат ва зиё кошонасида ташкил этилган ушбу қутлуғ тадбир давлатимизнинг улуғвор Мадҳияси садоси ҳамда Қуръони каримнинг шукуҳли тиловати билан очиб берилди.


Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили бош имом хатиб, Мир Араб олий мадрасаси директори Жобир домла Элов сўзга чиқиб, талабаларни янги ўқув йили билан самимий муборакбод этдилар. Жобир домла ўз нутқларида ислом динида илм олишнинг юксак фазилати, устозга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишнинг манфаати ҳамда талабалик одобининг муҳим жиҳатлари ҳақида таъсирчан фикрларни билдирдилар.


Шундан сўнг, таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров сўз олиб, даргоҳнинг бой фаолияти, талабалар учун яратилган имкониятлар ҳамда уларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифалар тўғрисида атрофлича суҳбат ўтказдилар. Ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш ва дарс интизоми хусусида эса ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло Аҳмедов нутқ сўзлаб, талабаларга янги ўқув йилида бўлиб ўтадиган дарслар ҳамда таълим дастури борасидаги муҳим тушунчаларни бериб ўтдилар.


Тантанали маросим ниҳоясида эл-юрт тинчлиги, муассаса равнақи ҳамда илм йўлига қадам қўйган ёшларнинг келажакдаги муваффақиятларини тилаб эзгу дуойи хайрлар қилинди. Шу тариқа, Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йили расман ва кўтаринки кайфиятда бошланди.

Таълим муассасаси матбуот хизмати