03.02.2026

ИЛМ – ТАРАҚҚИЁТ ВА ИНСОНИЯТ КАМОЛОТИ

Инсоният тарихи давомида халқларнинг юксалиш йўлида уларнинг келажагини белгиловчи ҳал қилувчи лаҳзалар ва воқеалар содир бўлиб келган.
Қуръони Каримнинг биринчи бўлиб нозил бўлган «Ўқи» (Иқро) ояти икки даврни ажратиб турувчи чегара бўлди. Бу оят билан илм-фан ва сабаблар даври бошланиб, жаҳолат ва хурофот даврига абадий якун ясалди. Ваҳий тушишидан олдинги давр инсоният тарихининг энг қоронғу саҳифаларидан бири бўлиб, унда ақл четга сурилган, инсон онги ва хулқ-атворини жаҳолат ҳамда коҳинлик бошқарар эди.
«Ўқи» амри қоронғу даврни якунлаб, илм ва ваҳий нури билан ёритилган янги асрга пойдевор қўйди. Қуръоннинг ўқишга бўлган даъвати чекланган эмас, балки кенг қамровли ва яхлит эди, бу ҳам «Мастур китоб» (ёзилган китоб — Қуръон), ҳам «Манзур китоб»ни (кузатиладиган китоб — коинот) англашга ундади.
Мастур китоб: Бу — ваҳий бўлиб, у шариат таълимотлари ва инсоний қадриятларни ўз ичига олади.
Манзур китоб: Бу — борлиқдаги илоҳий мўъжизалар бўлиб, бизни дунёни обод қилиш, ривожлантириш ва янгилашга чорлайди.
Ислом шарияти қадриятлар биносини айнан илм устига қурди. Ваҳий ўрнатган илк қадрият ҳам илм бўлди. Саҳобалар бу қийматни ҳаётларига татбиқ этишга шошилдилар, илм давлат қурилишининг асосий устунига айланди ва ислом цивилизацияси илм ва иймон кучи билан ўз чўққисига эришди.
Инсоният цивилизацияси тарихига назар ташлаган киши, илмга эга чиқиш билан цивилизациянинг юксалиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини осонликча англайди. Бугунги кунда Ғарбнинг эришган ютуқлари ҳам уларнинг таълим тизими ва ўқув дастурларини доимий равишда ривожлантириб бораётганига боғлиқдир.
Аллома Иқбол Лоҳурий айтганидек:
Қуввати Мағриб аз илму фан аст,
В-аз ҳамин оташ чароғаш равшан аст,
Маъноси: 
Ғарб қудрати илм билан фанга боғлиқ,
Шу оташдан ёнади чароғи ёрқин, чоғлиқ.
Катта давлатларнинг бу улкан сакрашлари илм тушунчасини кенг маънода англашдан бошланган. Улар таълим жараёнини бешта асосий устун асосида қурдилар:
Китоб: Билим манбаи сифатида.
Ўқитувчи: Таълим жараёнининг таянчи.
Ўқувчи: Жараённинг асосий мақсади ва якуни.
Ўқув дастурлари: Жараённинг самарали йўналишда бўлишини таъминловчи восита.
Таълим муҳити: Мақсадларга эришиш учун зарур бўлган иқлим.
Цивилизациямизни қайта тиклаш учун барча илмий сабабларни ишга солишимиз зарур. Охирги йилларда давлатимиз босиб ўтаётган йўлда ушбу тушунчани яққол кўришимиз мумкин.
Муҳтарам Президентимиз томонидан халқимизни ҳар томонлама (жисмоний, ақлий ва маданий) барпо этишни давлатнинг устувор вазифаси қилиб белгиланди. Янги таълим тизимининг фалсафаси шунчаки маълумот бериш эмас, балки:
• Яхлит ва кенг қамровли тизим яратиш (илмий, тарбиявий, маданий ва спорт);
• Тушуниш, инновация ва ижодий қобилиятларни ривожлантириш босқичига ўтиш;
• Халқаро стандартларга мос, тизимли ва илмий изчилликка асосланган дарсликларни яратишдир.
Ушбу саъй-ҳаракатлар фақатгина амалий натижалар билан эмас, балки қарор қабул қилувчиларнинг цивилизация яратишда таълимнинг ўрнини чуқур англагани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса бизда келажакдаги қадамларимизга нисбатан катта ишонч ва хотиржамлик уйғотади.

Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби
БухДУ исломшунослик йўланиши магистранти